Кириш Регистрация
23/05 23:45 Кальяри - Фиорентина
24/05 23:45 Женоа - Болонья
25/05 00:00 Жирона - Гранада

Ойбек Касимов: “Бош Ассамблеяда истиқболли лойиҳалар ҳам муҳокама этилди"

Баҳо:
+ | -
Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасининг Бош котиби Ойбек Касимов 2014 йилнинг 7-8 ноябрь кунлари Бангкок шаҳрида ўтказилган Миллий олимпия қўмиталари ассоциациясининг (МОҚА) XIX Бош Ассамблеясида иштирок этди.    Ассамблея йиғилишида Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах, Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси раҳбари, Осиё олимпия кенгаши президенти Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ал-Сабоҳ, шунингдек, Миллий олимпия қўмиталари ассоциациясига аъзо 205 давлатнинг Миллий олимпия қўмиталари раҳбарияти ҳамда халқаро спорт ташкилотларининг президентлари иштирок этдилар.    Йиғилишнинг биринчи куни Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси президенти, Осиё олимпия кенгаши раҳбари Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ас-Сабоҳ, шунингдек, МОҚА Бош котиби ҳамда қитъавий вице-президентлар, МОҚАнинг турли комиссия ва бўлимлари раҳбарларининг ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар юзасидан маърузалар тингланди.    Ҳисоботлар бўйича чиқишлар якунлангач, Миллий олимпия қўмиталари ассоциациясининг раҳбариятини янги муддатга (2014-2018 йиллар) сайлаш маросими бўлиб ўтди. Йиғилиш қатнашчиларининг аксарияти 2012 йилдан буён ушбу нуфузли халқаро ташкилотни бошқариб келаётган Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ас-Сабоҳ номзодини бир овоздан маъқулладилар ва шу тариқа Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ас-Сабоҳ кейинги 4 йил давомида Миллий олимпия қўмиталари ассоциациясини бошқарадиган бўлди.    “Аввало менга билдирилган ишонч учун ўз миннатдорчилигимни билдираман, - деди МОҚА раҳбари Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ас-Сабоҳ. Умид қиламанки, бизнинг умумий мақсадимизни янги поғоналарга олиб чиқиш йўлида бор имкониятни ишга соламан ва бу орқали сизнинг ишончингизни оқлайман. Яна бир жиҳат. Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах ҳамда ФИФА раҳбари Йозеф Блаттер аввалроқ таъкидлаш ўтишганидек, 2022 йили Қатар давлатида ўтказиладиган қишки Олимпия ўйинлари ва футбол бўйича жаҳон чемпионати баҳслари бир муддатда ўтказилмаслигига юз фоиз ишонч билдираман. Олимпиада ўйинлари аввал эълон қилинганидек 2022 йилнинг февраль ойида ўтказилади. Сабаби ХОҚ томонидан мусобақаларнинг ташкилий жиҳатлари, трансляция ва маркетинг масалалари бўйича ҳамкорлар билан келишувлар имзоланиб бўлинган”.    Шундан сўнг, Олимпия бирдамлиги дастури бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар юзасидан ҳисобот тингланиб, 2022 йилги қишки Олимпиада ўйинлари мезбонлигига номзод бўлган Пекин (Хитой) ва Алмати (Қозоғистон) шаҳарлари ташкилий қўмита раҳбарларининг тайёргарлик ишлари билан боғлиқ кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. 2022 йилги олимпиада ўйинлари мезбони 2015 йилнинг июль ойида Куала-Лумпур шаҳри (Малайзия)да ўтказиладиган Халқаро олимпия қўмитасининг навбатдаги сессиясида эълон қилиниши маълум қилинди.    Куннинг иккинчи ярмида Миллий олимпия қўмиталари ассоциациясининг махсус мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ушбу мукофотлар ҳар икки йилда ўз эгаларига топширилади. Номзодлар эса қишки ёки ёзги олимпиада ўйинларининг якунларига кўра сўнг эълон қилинади.    Шундай қилиб хоккей бўйича Канада эркаклар ва аёллар терма жамоалари “энг яхши жамоа” номинациясида ғолиб деб топилдилар. Сочи-2014 ўйинларининг “энг яхши аёл спортчиси” деб конькида учиш бўйича ўтказилган пойгаларда 2 та олтин ва 3 та кумуш медалга сазовор бўлган голландиялик Ирен Вюст эълон қилинди.    Норвегиялик машхур биатлончи Уле-Эйнар Бьорндален эса “энг яхши эркак спортчи” номинациясида бош совринга сазовор бўлди. Сочи олимпиадаси якунларига кўра “энг муваффақиятли олимпия қўмитаси”га берилган соврин умумжамоа ҳисобида биринчи ўринга сазовор бўлган Россия олимпия қўмитасига насиб этди. Эслатиб ўтамиз, 2012 йили Лондон шаҳри (Б.Британия)да бўлиб ўтган ёзги Олимпиада ўйинларининг якунларига кўра АҚШ миллий олимпия қўмитаси “энг муваффақиятли олимпия қўмитаси” деб эълон қилинган эди.    Мукофотлаш маросимида яна бир қатор номинациялар бўйича ғолиб деб топилганларга МОҚАнинг мукофотлари тантанали суратда топширилди.    Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси Бош Ассамблеяси йиғилишининг иккинчи куни 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ва 2020 йили Токио (Япония)да ўтказиладиган ёзги Олимпия ўйинлари, шунингдек, 2016 йили Норвегиянинг Лиллихаммер шаҳрида ҳамда 2018 йили Буэнос-Айрес (Аргентина)да ўтказиладиган қишки ва ёзги ўсмирлар олимпиада ўйинлари, 2018 йили Жанубий Кореянинг Пхёнчхан шаҳрида ўтказиладиган қишки олимпиада ўйинлари ташкилий қўмиталари раҳбарларининг тайёргарлик ишлари бўйича ҳисоботлари тингланди.    Ассамблея йиғилишида қитъавий мусобақаларнинг ташкилий қўмита раҳбарлари ҳамда Бутунжаҳон допингга қарши агентлиги раҳбари Крейг Риди ҳам ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар юзасидан маъруза қилди.    “Сафар давомида Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах, Миллий олимпия қўмиталари ассоциациясининг раҳбари, Осиё олимпия кенгаши президенти Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ас-Сабоҳ, шунингдек, қатор давлатлар МОҚлари раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилди ва унда ўзаро ҳамкорлик ишларини янада кенгайтириш билан боғлиқ қатор масалалар юзасидан келишиб олдик, - дейди Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Касимов. Эътиборлиси, ХОҚ президенти Томас Бах, МОҚА раҳбари, Осиё олимпия кенгаши президенти Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ас-Сабоҳ Ўзбекистонда олимпия харакатини ривожлантириш, олимпизм ғояларини кенг тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини мамнуният билан таъкидлаб, келгусида ҳам бу борадаги истиқболли режаларни ҳамкорликда амалга оширишга катта ишонч билдирдилар”.    Миллий олимпия қўмиталари ассоциациясининг ХХ Бош Ассамблеяси 2015 йили Вашингтон шаҳри (АҚШ)да шаҳрида ўтказиладиган бўлди.
Манба: www.olympic.uz
Киритилди: 20:32, 12.11.2014.
Ўқилди: 5166 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.