"Манчестер Юнайтед"нинг собиқ яримҳимоячиси Пол Скоулз аввалроқ "қизил иблислар" сафида ўйнаган, ҳозирда эса "Барселона" аъзоси Ҳерар Пике ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Унинг айтишича, агар Пике АПЛга қайтса, бу ерда унга аввалгидан кўра осон бўлмайди.
"Менга ҳар доим испан футболи унинг учун инглизларникидан кўра кўпроқ мос тушадигандек туюлади. Айниқса "Барселона"нинг услуби унга жуда мос. Жамоа узоқ вақт тўпни назорат қилиши унга ёқади. Пике ўз майдонида яхши ўйнайди, аммо АПЛнинг кучли жамоаларига қарши сафарда ўйнашга тўғри келганда, унинг услуби ўтмайди. Англияда ҳимоячи бўлиш Испаниядагидан фарқ қилади. У ҳақиқатан ҳам "Барселона" ва Испания термасида муваффақият қозонди, лекин Премьер-лигага қайтса, унга қийин бўлади", - деб ёзади Скоулз Англиянинг Independent нашридаги ўз колонкасида.