Лондонда бўлиб ўтган теннис бўйича йилнинг якуний мусобақаси ярим финалида швейцариялик икки теннисчи Рожер Федерер ва Стэн Вавринка ўзаро баҳс олиб боришди. Унда Федерер ғалаба қозонди — 4:6, 7:5, 7:6 (8:6). Аммо Рожер жароҳат боис финалда иштирок этишдан бош тортди.
Ярим финал баҳсидан кейин икки спортчи айтишиб қолишган. Маълум бўлишича, бунга Рожернинг аёли Мирка сабаб бўлган. The Telegraph нашри журналистларининг аниқлашича, ўйин давомида Федерернинг рафиқаси ўзини жуда ҳиссиётли тутган. Стэн учинчи сет давомида Федерернинг аёлига ўз эътирозини билдирган. Ўйиндан кейин Вавринка ушбу мавзуни давом эттирган.
Телешарҳловчи Жон Микинрой Федерернинг финал баҳсида иштирок этишдан бош тортишига Вавринка билан уришиб қолиши натижасида юзага келган стресс сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.
Швейцария терма жамоаси Дэвис кубоги финалига чиққан ва унда Францияга қарши баҳс олиб боради. Мамлакатнинг икки етакчи теннисчи муносабатининг совуқлашиши Лилль шаҳрида бўлиб ўтадиган финалда салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Федерер "катта дублға" туркумига кирувчи мусобақаларда 17 марта ғолиб чиққан, аммо бирор марта ҳам Дэвис кубогида совринни қўлга киритмаган.