Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Нўъмон Ҳасанов: "Биринчи лигада ўйинлар сони кўплик қиляпти"

Баҳо:
+ | -
Ўзбекистон кубоги финали - «Бунёдкор» - «Локомотив» ўйинидан сўнг мамлакатимизда бу йилги футбол мавсуми финиш маррасига етди. Энди бемалол мавсумни сарҳисоб қилиб, қўлга киритилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликларни муҳокама этиш мумкин. Олий лигада «Пахтакор»нинг шижоат эвазига муддатидан аввал чемпион бўлиши, асосий рақиби - «Локомотив»ни унинг майдонида икки тўп фарқи билан мағлуб этиши, «Бунёдкор»нинг омадсиз мавсуми, келишилган ўйинлар ҳақидаги гап-сўзлар, ўзгаришсиз ва тобора бот­қоққа ботиб бораётган 1-лига... Хуллас, бундан буён келаси мавсум учун тайёргарлик жараёни бошлангунича муҳокамалар авжига чиқади.   Биз ўзбек футболининг яқин ўтмишдаги кўзга кўринган юлдузларидан бири, айни пайт «Пахтакор-2» жамоасига мураббийлик қилаётган Нўъмон Ҳасанов билан айни мавсум якунлари, 1-лигадаги ҳолат, умуман, футболимиз ҳақида бафуржа суҳбатлашдик.   - Нўъмон ака, ўтган ҳафта якунига етган бу йилги футбол мавсуми шахсан сизда қандай таассуротлар қолдирди? - Ўйлашимча, олий лига баҳслари аввалгиларидан фарқланди. Мавсум бошида кўпчилик «Локомотив»нинг чемпион бўлишини тахмин қилганди. Таркиб бўйича олиб қарасак, бугунги кунда ҳақиқатан ҳам, «темир-йўлчилар» жуда кучли. Лекин ҳамиша ҳам юлдуз футболчилардан иборат жамоа чемпион бўлмаслиги яна бир бор исботланди. Бир йили Мадриднинг «Реал» клубида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилганди. «Локомотив» учун айниқса, ҳал қилувчи ўйинда «Пахтакор»га имкониятни бой бергани аламли бўлди. «Локомотив» стадионида ўтган ўша учрашув кўпчиликка манзур тушди. Афсуски, бундай юқори савияли ўйинлар сони жуда кам. Бу эса ҳамон футболимизнинг салбий кўринишларидан бири. Шахсий фикрим, «Пахтакор» ўша ўйинда кучли иштиёқ эвазига ғалаба қозонди. Футболчилар ғалабага чан­қоқ, кўзлари эса ёниб турганди. Якунда улар ҳақли равишда зафар қучишди. Майдон эгаларига айнан шу хислатлар етишмади. Бу йилги мавсумни умумий олиб қарасак, «Пахтакор» ҳақиқий чемпионга хос ўйин намойиш этди. Таркибида юлдуз футболчилар йўқдир, лекин бу жамоанинг асл кучи унинг иноқлиги, ғалабага чанқоқлиги, бир маромда ўйнаши ва мураббий кўрсатмаларини сўзсиз бажариши, деб биламан. Кейин чемпионликда Самвел Бабаяннинг ҳам ҳиссаси катта. Самвелни яқиндан билганим учун шундай деяпман. У билан бир пайтлар Республика Олимпия захиралари коллежида бирга таҳсил олгандик. Самвел футболчиларни руҳий жиҳатдан ўйинларга тайёрлашни жуда яхши билади. Ўтган йилнинг декабрь ойидан бошлаб футболчилар онгига чемпионликни сингдириб келди. Жуда кўп вақти жамоа билан ўтди. Кўриб турганингиздек, бу ҳаракатлар ўз самарасини берди.

Ҳозир ўтган йилги чемпион «Бунёдкор»нинг омадсиз иштироки ҳақида турли фикрлар билдириляпти. Бир йил ичида 3 нафар мураббийнинг алмашиши, жамоа ўйин услубида ўзгаришлар бўлгани, асосий таркибда ёш футболчиларга имконият берилаётгани кўп бора айтилди. Мен ҳам бу фикрларга қўшиламан. Қўшимча қилиш мумкинки, ҳамиша ҳам бир маромда футбол намойиш этиш мушкул. Исталган жамоада кўтарилишлар билан бирга пасайиш ҳолатлари ҳам кузатилади. Лекин ишончим комил, ҳозир Сергей Лушан шакллантираётган жамоа келаси мавсум чемпионлик йўлида энг жиддий клубга айланади. Сардор Рашидов, Акром Комилов, Достон Ҳамдамов сингари ёш футболчилар бу йилги мавсумда катта тажриба тўплашди. Рашидов миллий терма жамоага ҳам таклиф этилди. Ўзи, аслида ҳам мураббийлар ёшларга эътибор қаратишлари лозим. Лушан Ўзбекистон кубоги финалидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида айнан ёш футболчилар масаласида ПФЛ регламентига ўзгаришлар киритиш кераклигини тавсия қилди. Мен бу фикрни қўллаб-қувватлайман. Ахир ёш футболчилар ҳозир ўйнашмаса, қачон майдонга тушишади? Бизда 25 ёшли ўйинчига нисбатан ҳам «Ҳали ёш футболчи» қабилида ёндашилади. Жаҳон футболига қарасангиз, бу ёшдаги ўйинчилар орасида оламшумул ютуқларни қўлга киритганлари кўпчиликни ташкил этишади. Шундан келиб чиқиб, ёшлар ҳақидаги фикримизни ўзгартиришимиз керак. Масалан, асосий таркибда камида 3 нафар 21 ёшдан кичик футболчининг ўйнашини жорий қилиш мумкин. Шунда ёшларда ўйин амалиёти ошади.

- Аутсайдер жамоалар ҳақида фикрингиз қандай?

- «Андижон»нинг олий лигани тарк этгани яхши бўлмади. Зеро, жамоа бу йил  ўзининг ярим асрлик тўйини нишонлаётганди. Мураббийнинг алмашуви ҳам уни қуйи лигага тушиб кетишдан қутқаролмади. Водийда, хусусан, Андижонда футболни ғоят севишади. Стадионга келаётган мухлислар сони фикримга исбот. Жамоа ютқазса ҳам, севимли футболчиларини қўллаб-қувватлайдиганлар сони камаймади. Афсуски, «Андижон» вакиллари бунга муносиб тарзда жавоб бера олишмади. «Сўғдиёна»нинг кучлилар сафини тарк этиши ҳам кутилган эди. Тўғри, Даврон Файзиев шогирдлари сўнгги тургача кураш олиб боришди. Лекин бу элитада қолиш учун камлик қилди. Мавсумнинг сўнгги ўйинларини жиззахлик футболчилар ёмон ўтказишмади. Биргина «Пахтакор»га қарши ўйин мисолида бунга амин бўлиш мумкин. Энди ҳар ким бошига тушган қорни ўзи курайди. Айтмоқчиманки, бу жамоанинг ички муҳити, молиявий шароитини биз билмаймиз. Шу боис, аниқ фикр билдиролмайман. Бундай олиб қараса, жамоанинг ўйини ёмон эмас. Лекин нимадир етишмади. «Бухоро», «Қизил-қум» ва «Динамо» клублари ҳам олий лигани тарк этишга «даъвогар» эдилар. Якунда улар ўз олдиларига қў-йилган вазифани уддалашди. Кўп жамоаларимизда асосий мақсад олий лигада «жон» сақлаб қолиш ва бир амаллаб мавсумни якунлаш бўлаётганини кескин қоралайман. Бунда футбол ўсмайди. 

- Ўзбекистон кубоги финали  ҳақида нима дейсиз? Кўпчилик ўйиннинг финалга мос ва хос тарзда ўтмаганини айтмоқда. Бу фикрларга қўшиласизми?

- Энди финал битта ўйиндан иборат бўлгани учун жамоалар таваккалчиликка йўл қўйишмайди. Битта хато  қимматга тушиши ва бутун мавсум давомидаги меҳнатларни чиппакка чиқариши мумкин. Шу боисми, иккала жамоа ҳам, айниқса, «Бун-ёдкор» эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилди. Шу жиҳатдан ўйин зерикарлироқ кўрингандир. Менимча, «Локомотив» рақибига нисбатан кўпроқ ҳужум ташкил этди, хавфли вазиятларни тез-тез яратди ва якунда ҳақли равишда Ўзбекистон кубогини қўлга киритди.

- Олий лигани тарк этган жамоаларнинг бир мавсумдаёқ кучлилар сафига қайтишаётганини 1-лигада рақобат йўқлиги билан изоҳласа бўладими?

- Қайсидир маънода, ҳа. Кейин 1-лиганинг қолган жамоалари олий лига талабларига жавоб беришмайди. Шу боис ҳам, сиз айтгандек, такрорий ҳолатлар кузатиляпти. Бу нарсани яқин йилларда бартараф этишнинг иложи йўқ, назаримда. Ишончим комил, бир йилдан кейин «Сўғдиёна» ва «Андижон» жамоалари яна олий лигага қайтиш вазифасини уддалашади. Балки уларга «Оқ-тепа», «Обод» каби клублар рақобат тақдим этишар... Аммо ҳозирги реал шароитда «Сўғдиёна» ва «Андижон» варианти ҳақиқатга яқинроқ. Кейин энг катта фарқ, 1-лига жамоаларининг стадионлари элита талабига умуман жавоб бермайди.

- «Қўқон-1912» мавсум якунларига кўра, олий лига йўлланмасини қўлга киритди. Бу жамоа шахсан сиз учун ҳам бегона эмас. Қўқонда туғилиб, вақтида шу жамоа шарафини ҳимоя қилгансиз. «Қўқон-1912» бир йилнинг ўзида ортга қайтмасмикан?

- Биринчи навбатда, қўқонлик мухлислар, қолаверса, дўстим Рустам Абдуллаевни катта ғалаба билан табриклайман. Олий лига йўлланмаси қўлга киритилишида бош мураббий сифатида унинг ҳам хиссаси катта бўлди. Асосийси, бир неча йиллик танаффусдан сўнг Қўқонга яна катта футбол қайтди. Статистикага эътибор қаратсак, жамоа ўйинларига 5 мингдан кам томошабин кирмайди. Олий лиганинг етакчи жамоалари ҳам бу борада унча мақтанолмайдилар. Келаси мавсум Қўқондаги стадион мухлислар учун торлик қилиб қолиши аниқ (кулади). Энди бевосита саволингизга келсак, бу нарса жамоанинг мавсумлар оралиғидаги тайёргарлигига боғлиқ. Клуб раҳбарияти жамоа олдига аниқ вазифаларни қўйиб, зарур шароитларни яратиб берса, ўйламанки, олий лигага бир йиллик сайр бўлмайди. Кейин ҳозирги таркиб билан кучлилар сафида иштирок этиш ҳам қийинчилик туғдиради. Мураббийлар штаби барчасини инобатга олиб, олий лига ҳавосидан тў-йинган футболчиларни таркибга таклиф этса керак. Бир йиллик танаффусдан сўнг олий лигага қайтган «Шўртан» ҳақида ҳам шундай фикрдаман. Бу жамоада яна бир дўстим ишлаяпти. Ғузорликлар Мухтор Қурбонов бошчилигида яхши мавсумни ўтказишди. Лекин бу икки жамоа элитада кучли рақобатга дуч келишини тахмин қилиш қийин эмас.

- Мабодо сизни «Қўқон-1912» жамоаси мураббийлар штабига таклиф этишса, бунга розилик берармидингиз?

- Бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрганим йўқ. Мураббийлар штаби яхши иш олиб борди. Менимча, ўтган мавсумдаги мураббийларнинг ўзлари ишлашгани маъқул. Улар бир-бирларини жуда яхши билишади. Менга келсак, бир неча ой аввал «Пахтакор-2» жамоасини қабул қилиб олгандим. Жамоамиз иккинчи босқич ўйинларида ёмон натижа қайд этмади, деб ўйлайман. Ўйин­ларимиз «Чилонзор» стадионида ўтказилади. Машғулотларимиз ҳам шу ернинг ўзида ташкил этилади. Сўнгги пайтлар машғулотимизда кўпроқ ҳужумчилар билан шуғулланяпмиз. Жарима майдончаси ташқарисидан бошланган ҳужумни 6 сония ичида якунлаш устида ишлаяпмиз. Ҳужумчилар масаласида муаммолар сезилаётгани учун кўпроқ шунга эътибор қаратяпмиз. Бизнинг асосий вазифамиз - ўринбосарлар ва асосий таркибга истеъдодли футболчиларни етказиб бериш. Шу мақсад йўлида иш олиб борамиз. Таркибимиз асосан ёш ўйинчилардан иборат. Биринчи лига баҳсларида ҳатто 1999 йили туғилган ўсмирларни ҳам асосий таркибда майдонга туширдик. Айтайлик, Нуруллаев ёш бўлишига қарамай, худди катталардек таассурот қолдирди. Унинг келажаги порлоқ. Сафимиздаги аксар футболчилар 1996-1997 йилда туғилишган. Давлатжонов, Иброҳимов сингари ёшлар ҳам бу йилги мавсумда очилишди. Аслида ўринбосарлар таркибидан 4 нафар футболчини 1-лигадаги ўйинларга жалб қилсак бўлади. Балки натижа учун шу имкониятдан фойдаланишимиз мумкиндир, лекин бундай қилмадик. Биринчи галда ўз олдимизга қў-йилган мақсад ва вазифаларимиз бор. Улардан оғишмаган ҳолда иш тутишимиз керак. Қолаверса, ўринбосарлар таркибида ҳам футболчилар танқислиги кузатилди. Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларининг Осиё чемпионатида иштирок этишгани ва уларга «Пахтакор»дан бир неча футболчининг таклиф этилиши ўринбосарларимиз ўйинларига ҳам салбий таъсир ўтказди. Якунда «Пахтакор» ўринбосарлари ўзаро ўйинлардаги натижага кўра, мавсумни 4-ўринда якунлашди. Қисқаси, биз ёш футболчиларни 1-лигадаги ўйинлар орқали пишитиб борамиз. Ўзи «Пахтакор-2» шу мақсадда ташкил этилган. 

- Биринчи лигадаги ҳолат эски тос, эски ҳаммомлигича қоляпти. Ўзингиз бевосита лига ўйинларида қатнашдингиз, хулосаларингиз қандай?

- Ўтган йилги фикрим заррача ўзгармади. Мақсадсиз жамоалар жуда кўп. Аксарият жамоаларнинг муаммоси ўхшаш - молия! Бир амаллаб мавсумни тугатиб олишга интилишади. Кейин шахсий фикрим, 1-лигада ўйинлар сони ҳам кўп. Биринчи босқичдан кейин қисқа фурсат ўтиб, иккинчиси бошланади. Бу нарсани қайта кўриб чиқиш керак.

- Сўнгги пайтлар келишилган ўйинлар ҳақида кўп гапириляпти. Шахсан ўзингиз бу нарсага дуч келдингизми? Биринчи лигада ғирром ўйинлар кузатилмадими?

- Тўғрисини айтсам, ўз ўйинларимизда бундай ҳолатга дуч келмадик. Биз натижа учун ўйнамаймиз. Юқорида айтдим, асосий вазифамиз - ўринбосарлар жамоаси ва асосий таркибга футболчилар етказиб бериш. Балки бошқа ўйинларда сиз айтган ҳолат кузатилгандир. Лекин буни биринчи галда, исботлаш керак. Далилсиз бир жамоага келишилган ўйинларда қатнашганлик айбловини қўйиш тўғри эмас. Биз «Шўртан», «Машъал-2» каби кучли жамоалар билан ҳам бир гуруҳда ўйнадик. Менимча, уларнинг шундоқ ўзи кучли. Яъни бу клублар келишилган ўйинларга эҳтиёж сезишмаса керак.

- Сизга мураббийлар штабида кимлар ёрдам беришяпти?

- Жасур Абдураимов - катта мураббий. Артём Петросян дарвозабонлар билан ишлаяпти. Шуҳрат Раҳмонқулов эса жамоа бошлиғи сифатида фаолият юритяпти.

- Янги мавсумга тайёргарлик қачондан бошланади? Режаларни тузиб олдингизми?

- Янги мавсумда қайси лавозимда ишлашим аниқ эмас. Мана, бу йилги мавсумни ўринбосарлар жамоаси мураббийи сифатида бошлаган эдим. Кейин, чемпионат якунланишига 7-8та тур қолган бир пайт 1-лигадаги жамоани қабул қилиб олдим. Қисқаси, клуб раҳбарияти қарорини кутишимга тўғри келади. Агар қолган тақдиримда, 20 декабрдан янги мавсумга тайёргарликни бошлаймиз. Айнан шу куни ўринбосарлар жамоаси ҳам тайёргарликка киришади. Асосий, чемпион таркибнинг мавсумга тараддуди эса 14 декабрдан бошланиши режалаштирилган.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 01:57, 21.11.2014.
Ўқилди: 4403 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.