Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Азамат Абдураимов: "Бизнинг ғолиб байроғимиз ҳилпираган онларни унутиб бўлмайди"

Баҳо:
+ | -

Тошкентнинг «Пахтакор» клуби ва Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Азамат Абдураимов Sports.uz сайтига берган интервьюсида миллий футболимизга доир бир қатор муҳим масалаларга тўхталиб ўтди.

- «Пахтакор» клуби бу йилги чемпионатда ғолиб чиқди. Бу ҳақда нима дея оласиз?

- Ўтган йилги қийин ва омадсиз мавсумдан сўнг «Пахтакор»нинг яна чемпионлик шоҳсупасига кўтарилганидан жуда мамнунман. Мен қаерда бўлмай, қайси клубда ишламай, «Пахтакор»нинг натижаларини кузатиб бораман, бу клубга доим эътибор қаратаман. Нега? Негаки, бу менинг жонажон клубим, 8 йиллик фаолиятим гувоҳи, ҳаётимдаги кўпдан-кўп ёқимли лаҳзалар айнан шу клубда ўтган... Менинг отам - ўзбек футболи афсонаси худди шу шонли жамоа шарафини ҳимоя қилган.

- Сизнингча, «Пахтакор» муваффақиятининг бош сабабчиси ким?

- Ўйлайманки, бу «Пахтакор» академияси тарбияланувчиларига катта ишонч билдирган жамоа раҳбарлари ва мураббийларнинг умумий ютуғи. Ўтган йили ёшлар катталар футболида тажриба орттириб, тобланишди. Ушбу мавсумда эса худди катта ёшли футболчилардек ҳаракат қилишди. Раҳбарият эса ўз тарбияланувчиларига таянган ҳолда муваффақият қозониб, тўғри йўлдан бораётганликларини исботлади. Мен шу ўринда яна Самвел Бабаянга алоҳида тўхталиб ўтган бўлардим. Зеро, у мавсум бошида зиммасига нақадар катта масъулият тушишини тўла тушунган ҳолда янги лавозим - бош менежерлик вазифасини ўз бўйнига олишдан чўчимади ва жамоани чемпионлик сари дадил етаклай олди. Қолаверса, футболимиз учун янгилик бўлган мазкур лавозимни ижобий тарзда синовдан ўтказди. Хуллас, Самвел ўзини нафақат ажойиб ташкилотчи, балки истеъдодли мураббий сифатида ҳам кўрсата билди.

- Майдондаги ўйинчилардан қайси бири диққатингизни кўпроқ ўзига қарата олди?

- Менимча, жамоадаги ўйинчилар ичидан бирортасини (айниқса, кўпчилиги ёшлардан иборат бўлса) яққол ажратиб кўрсатишнинг кераги йўқ. Уларнинг ҳар бири керакли вақтда етакчилик қобилиятини кўрсатиб, жамоадошларини ўз ортидан эргаштира олди. Лекин таъкидлашим зарур, бундай ёшлар янада олдинга интилишлари, эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмасликлари, ўз устларида ишлаб, янги чўққиларни кўзлашлари муҳимроқ. Искандеров, Сергеев, Козак, Кримец ва бошқа ёшларимиз келажакда Ўзбекистон терма жамоаси асосини ташкил қилишлари ҳамда ўзларини Европа ва Осиёнинг етакчи чемпионатларида синаб кўришлари мумкин. Бунда уларга Россия чемпионатида омадли тарзда иштирок этаётган Одил Аҳмедов яққол мисол бўла олади.   Биласизми, мен «Локомотив»нинг «Пахтакор»га қарши кечган ўйинини бевосита ўйингоҳдан кузатдим. Ана шунда жамоанинг руҳиятини кўриб, ҳайратга тушдим. Кўриниб турарди-ки, жамоа руҳияти фақат ва фақат муваффақиятга йўналтирилган, футболчилар ғалабага чанқоқлар. Чемпионлик характери шундай тарзда вужудга келади! «Локо»га тўла ҳурмат сақлаган ҳолда айтаманки, жамоа­да тажрибали юлдуз футболчилар нисбатан кўпроқ бўлса-да, уларда ана шундай иштиёқ сезилмади. Натижа эса шунга яраша бўлди. Яъни, омад ғалабани кўпроқ ҳоҳлаган жамоага ён босди. Фурсатдан фодйланиб, «Пахтакор» футболчи ва мураббийлари, минглаб мухлисларини яна бир бор муваффақият билан табриклайман. Ахир, «Пахтакор»ни бежизга «халқ жамоаси» деб аташмайди...

- Ажойиб жавоб бўлди. Нима деб ўйлайсиз, бундай мураккаб мавсумдан кейин жамоа аъзолари Австралияда ўтувчи Осиё чемпионатида ўзларини кўрсата олишармикан? - Айни пайтда бу саволга жавоб бериш қийин. Чунончи, биз ҳали Австралияга борадиган якуний таркиб билмаймиз, ахир.

- Яхши, унда янаги йилги Осиё Чемпионлар Лигасида-чи?

- Бунгаям жавоб бериб бўлмайди. ОЧЛда кўнгилдагидек қатнашиш учун аввало таркиб сифатини юқори даражага олиб чиқиш лозим.

- Дарвоқе, Самвел Бабаян «Бухоро» клубига қарши ўйиндан кейинги матбуот анжуманида янаги мавсумда ҳам асосий таркибга ёшлар жалб қилинишини, бу борада айниқса, Жамшид Болтабоевда имконият юқорироқ эканини айтди...

- Жуда тўғри қарор! Ундан яхши футболчи чиқишига асло шубҳам йўқ.

- Сизнингча, Темур Ҳакимов ва Аббос Махсталиевларга нима бўлди? Йигитлар бир порлашди-ю, ке­йин сўна бошлашди...

- Ҳозирча ҳеч нарса бўлмади, ахир улар соғ-омон юришибди-ку (кулади). Жиддий айтадиган бўлсам, улар болалар футболида ўзларини кўрсатишди, аммо катталарда бундай бўлмади. Бу - бўйга боғлиқ муаммо ва умид қиламанки, улар албатта, яна катта саҳнага чиқишади. Фақат бунинг учун озгина вақт керак. Қолаверса, ҳаммаси уларнинг ўз қўлларида.

- Ижозатингиз билан, мавзуни ўзгартирсак. Нима деб ўйлайсиз, Игорь Сергеев Европа чемпионатлари, масалан, Россия премьер-лигасида ўйнаб кета оладими?

- Менимча, ҳа. Лекин у бунинг учун техникаси устида яна бироз ишлаб, ҳужумларга нуқта қўйиш санъатини мукаммалроқ ўзлаштириши керак. Шунингдек, тажрибани ҳам ошириши зарур. Мен у билан ўсмирлар терма жамоасида ишлаганман ва унинг имкониятларига юқори баҳо бераман.

- Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби бу йилги ички чемпионатда кўнгилдагидек қатнаша олмади... - Чунки, «Бунёдкор»да авлодлар алмашинуви жараёни кетмоқда. Янги ва ёш футболчилар гуруҳи пайдо бўлмоқда. Қўшимчасига, жамоада мураббийлар ҳам кетма-кет алмаштирилди: Қосимов-Волков-Лушан. Бундай ўзгаришлар ҳеч бир клубда сезиларсиз ўтмайди. Қосимов даврида бошқача жамоа тузилганди. Лушаннинг футболга қарашлари эса яна ўзгача бўлиб чиқди. У клуб ёшларини дадиллик билан асосий таркибга кирита бошлади. Уларда эса тажриба ва маҳорат етарли эмасди. Боз устига, легионер футболчилар ҳам аввалги мавсумлардагидек ўйин кўрсатишмади. Бу гап биринчи нав­батда, Пишурга тегишли.

- Ўзбекистон футболи учун 2014 йил қандай ўтди? Нималарда ютдиг-у, нималарда ютқаздик? - Бу жуда катта маънодаги савол. Мен унга дарҳол жавоб беришга тайёр эмасман. Бундай йирик ўлчамдаги таҳлил вақти келмади ҳали...

- Бундан 20 йил муқаддам Ўзбекис­тон миллий терма жамоаси Осиё ўйинлари ғолиби бўлганди. Сизда ундан қандай хотиралар қолган? - Ҳа, орадан 20 йил ўтди. Бу албатта, катта давр. Нимадир эсдан чиқди, яна нималардир худди кечагидек ёдимда. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам, менича ўша терманинг барча аъзолари, ҳам футболчилар, ҳам мураббийлар учун бу ғалаба ҳаётимиздаги энг ардоқли лаҳзалар бўлиб қолаверади. 7 ўйин, 7 ғалаба. Бундан ортиғи бўлмайди, буни фақат қайтариш керак. Бизнинг ғолиблик байроғимиз, Ўзбекистон байроғи ҳилпираган дақиқалар. Буларни унутиб бўлмайди!

- Афсуски, ушбу натижани ҳеч бир термамиз қайтара олмаяпти... - Шуниси ачинарлики, ўшанда бизнинг жамоамизга адолатли тарзда ёндошишмаган. Яъни, термага совға тариқасида 5 дона автомобиль беришганди. Улар атиги 5 кишига насиб қилди. Қолганлар худди мусобақада қатнашмагандек. Худди унутилгандек. Ҳалигача нега бундай бўлганини тушуна олмайман. Ҳозирги футбол раҳбарларимиз эса барчани бирдек тақдирлаб, яхши қилишяпти. Агар ўша пайтлари, яъни 1994 йилда ЎФФни Мираброр Усмонов бошқарганида, ишончим комил, бундай адолатсизлик кузатилмасди. Ахир, аксарият футболчилар ниҳоятда хафа бўлиб қолишган. Эҳтимол, шунинг учун «янги Хиросима» вужудга келмагандир. Билмадим... Айтганча, 20 йиллик юбилейни фахрийлар ўртасидаги футбол ўйини билан нишонланса, ажойиб бўларди-да! Бу ғалаба - ўзбек футболининг шонли тарихи, олтин мероси... Менимча, улкан муваффақиятлар учун ёшларимизни худди шу мерос руҳида тарбия қилишимиз зарур.

- Келажак режаларингиз қандай? Хориждан таклифлар йўқми? - Менинг барча режаларим футбол билан боғлиқ. Бироқ ҳозирча аниқ бир гап айта олмайман. Вақтдан илгарилаб кетолмаймиз. Лекин мураббийлик фаолиятим давом этишини ҳоҳлаб қолардим.

Мухтор Мардонов суҳбатлашди.

Манба: www.sports.uz
Киритилди: 19:03, 26.11.2014.
Ўқилди: 6399 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.