2014 йил Фарғона вилояти Ёзёвон тумани шарафини ҳимоя қилаётган “Ёзёвон лочинлари” жамоаси учун омадли келди. Жамоа ўзи иштирок этган барча мусобақаларда биринчи ўринни эгаллади. Хусусан, жамоа яқинда бўлиб ўтган ўтиш турнирида ҳамма ўйинларда ғалаба қозониб, кейинги йили биринчи лигада ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритди. Бугунги мақоламизда биринчи лиганинг янги аъзоси ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
Жамоа тарихи
“Ёзёвон лочинлари” клуб президенти Дилмурод Эргашевнинг саъй-ҳаракатлари эвазига 2012 йилда ташкил топган. Ўтган давр мобайнида жамоа бир қатор совринларни қўлга киритган. 2012 йилда вилоят чемпиони, вилоят кубоги соҳиби, Бухорода ўтказилган Республика кубоги соҳиби, 2013 йилда вилоят кубоги соҳиби, 2014 йилда Вилоят чемпиони, вилоят кубоги соҳиби, Республика кубоги соҳиби, ўтиш турнири ғолиби.
Мураббийлар
Жамоани ҳозирги кунга қадар учта мутахассис бошқарган. Таниқли мураббий Александр Мельник биринчи бўлиб ёзёвонликларни майдонга бошлаб тушган бўлса, кейинчалик бош мураббий лавозимида ҳозирда Фарғона вилояти Футбол федерациясини бошқараётган Салимжон Зокиров фаолият олиб борган. Айни дамда эса Асад Дўрмонов “Ёзёвон лочинлари”га устозлик қилмоқда. Жамоанинг ўзагини асосан маҳаллий футболчилар ташкил этади.
Келгуси режалар
Клубнинг кейинги режалари хусусида клуб президенти Дилмурод Эргашев шундай дейди:
— Биринчи лигада ҳам муносиб иштирок этишни мақсад қилганмиз. Тушунаман, бу осон бўлмайди. Лекин футболда меҳнатсиз бирор нарсага эришиш мушкул. Бунинг учун футболчиларга керакли барча шароитларни яратиб берамиз. Фарғонада ёш ва истеъдодли ўйинчилар жуда кўп. Мақсадимиз мана шундай ёш футболчиларни кашф этиш.
Бундан ташқари, иккинчи лигада ҳам битта жамоа қатнашиши режалаштирилган. Аниқроғи, футбол мактабимиз тарбияланувчилари вилоят чемпионатида иштирок этишади.
Тайёргарлик режасига келсак, жамоа аъзоларига 20 декабрь кунига қадар дам берганмиз. Биринчи йиғинимиз айнан шу куни бошланади. Янги йилгача давом этадиган йиғинлар чоғида ким биринчи лигада, ким иккинчи лигада ўйнашини аниқлаштириб оламиз. Иккинчи йиғинимиз 10 январга қадар бўлиб ўтади. Шу йиғин чоғида жамоанинг асосини белгилаб оламиз. Селекция ишлари ҳам шу куни якунига етади. Кейин бир қатор ўртоқлик учрашувлари ўтказишни режалаштирганмиз. Бундан ташқари, жамоа Ҳоким кубоги-2015 ва ПФЛ кубогида иштирок этишни мақсад қилган.
Айтганча, 26 ёки 27 декабрь кунлари биринчи лигага чиққанимиз муносабати билан жамоа аъзоларига тақдирлаш маросимини ўтказамиз.
Қишки йиғинлар чоғида жамоага янги ўйинчиларни таклиф этамиз. Бизга ҳар бир чизиқда камида бир нафардан тажрибали ўйинчилар керак.
Кези келганда, шу нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, “Ёзёвон лочинлари”нинг бу даражага эришишида собиқ бош мураббий Салимжон Зокировнинг ҳиссаси беқиёс. Ҳозир ҳам у киши бизнинг машғулотларимизга келмоқда ва бизга керакли маслаҳатларни бермоқда. Асад Дўрмонов номзодини ҳам айнан Салим ака тавсия этган. Хуллас олдимизда улкан режалар турибди.
Клуб базаси
Жамоа биринчи лигага чиққанидан кейин жамоа ўз базасига эга бўлиши талаб этилади. “Ёзёвон лочинлари”да бу борадаги ишлар қандай амалга оширилмоқда? Жамоанинг базаси борми?
- Жамоа аъзолари учун Ёзёвон транспорт коллежидан база учун жой ажратилган. Футболчилар Республика кубоги ва ўтиш турнири давомида шу ерда истиқомат қилишди. Коллеж директори Муҳаммаджон Отажонов бизга доим ёрдам беришга тайёр. У кишига ёзёвонлик мухлислар номидан миннатдорчилик изҳор этмоқчиман, деди клуб президенти.
Мухлислар
Ҳозир ёзёвонлик футбол мухлисларининг қувончи чексиз, дейиш мумкин. Ахир Ёзёвонга катта футбол кириб келмоқда. Умуман олганда, Ёзёвонда мухлислар борасида ҳеч қандай муаммо йўқ. Ҳатто машғулотлар пайтида юзлаб мухлислар стадионга келишади. Ҳозир Олий лигадаги айрим жамоалар мухлислар борасида оқсоқланаётган бир пайтда “Ёзёвон лочинлари”нинг иккинчи лига ўйинларига чипта сотилгани қувонарли ҳол. Келаси йили мухлислар учун мавсумий абонаментлар чиқарилиши режалаштирилган.
Яқинда жамоанинг ашаддий мухлисларидан бири Нурмуҳаммад ота Эралиев 75 ёшда вафот этди. Клуб раҳбарияти мухлислар номидан у кишининг оила аъзоларига таъзия изҳор этади. Нурмуҳаммад ота Ёзёвон марказий стадионида ўтадиган ҳар бир учрашувни бевосита томоша қиларди.
Аброр Деҳқонов
“Футбол инфо” газетасидан олинди