Пойтахтимизда футзал бўйича халқаро «Tashkent Cup-2014» мусобақаси якунига етди. Турнирнинг сўнгги куни голларга бой бўлди.
Дастлаб Қозоғистон терма жамоаси Беларусь билан ўйиннинг сўнгги дақиқасида урилган гол эвазига 4:3 ҳисобида ғалаба қозониб, турнир ғолибига айланди.
Ўзбекистон ва Озарбойжон терма жамоалари эса 2-ўрин учун майдончага чиқдилар. Баҳодир Аҳмедов шогирдларини фақат ва фақат ғалаба қаноатлантирарди. Аммо, кутилмаганда, ўйинни кучли бошлаган озарлар 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олдилар.
Бўлимнинг иккинчи ярмига келиб, терма жамоамиз ўзига келди ва қисқа вақт ичида 3та гол уриб, олдинга ўтиб олдилар. Урилган голларда терма жамоага янги таклиф этилган Сарвар Шоаҳмедов ва Даврон Абдураҳмоновнинг ҳиссаси катта бўлди.
Иккинчи бўлимда Озарбойжон таркибидаги бразилияликлар ўз маҳоратларини кўрсатишди ва терма жамоамиз дарвозасини 3 марта ишғол қилишди. Ўзбекистонликлар иккинчи бўлимда кам сонли имкониятлардан фойдалана олишмади.
Шу тариқа, «Tashkent Cup-2014»да Қоозоғистон 7 очко, Озарбойжон 6, Ўзбекистон 2 ва Беларусь 1 очко жамғарди.