Якунига етган мавсумда “Машъал” клуби кўпчиликни ажаблантирган ҳолда мавсумни 5-ўринда тугата олди. Клубнинг биринчи лигадан чиққанига қарамай, юқори ўринни забт этгани ҳайратанарлидир. Муборакликларнинг муваффақиятли мавсумни ўтказишида Зафар Тўраевнинг қўшган ҳиссаси салмоқли эканлигини айтиб ўтиш жоиз.
Мавсум арафасида клубга келиб қўшилган Тўраев муборакликларнинг эришган натижаларида бу футболчининг ўзига яраша меҳнати бор. У чемпионат давомида бир қатор голларни киритишдан ташқари, ассисентлик вазифасини ҳам аъло даражада бажарди. Шу сабабли ҳам клуб раҳбарияти чемпионат якунига етганидан сўнг Зафар Тўраевга яна бир йиллик шартнома таклиф қилди. Футболчи ҳам бунга розилик билдирди. Тўраев билан бўлган суҳбатимиз ҳам шундан бошланди.
- Зафар ака, “Машъал” клуби Сизга яна бир йиллик шартномани таклиф қилди. Клубда қолишингизга қандайдир сабаблар борми?
- Умуман, “Машъал”да бир мавсум ўйнаганимдан кейин, клубда қолишга қарор қилдим. Чунки жамоадаги яратилган шароитлар, аҳил футболчилар билан бирга тўп суриш истаги янада ошди. Шу сабабли ҳам фаолиятимни бошқа клубда эмас, шу ерда давом эттириш ниятидаман. Менинг ҳам ўйинларим клуб раҳбариятига маъқул келган экан, улар чемпионат якунига етганидан сўнг менга бир йиллик шартномани таклиф қилишди. Табиийки, мен ҳам буни қабул қилишга қарор қилдим. Айтиб ўтганимдек, клубдаги яратилган шароитлар менга манзур бўляпти. Кетиш борасида ўйлаб кўрганимча йўқ.
- Демак, Сизнинг ҳам ҳаракатларингиз жамоа раҳбарияти ва бош мураббийга манзур бўлибди-да?
- Энди бу саволингизни уларга берсангиз, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки улар барчасини ҳал қилади. Менинг асосий вазифам клубга қўлимдан келганча ёрдам бериш ҳисобланади.
- Янги мавсумга тайёргарлик жараёни қачондан бошланади?
- 13 декабрдан бошлаб янги мавсумга тайёргарлик кўришни бошлаймиз. Ўша кундан бошлаб Янгиер шаҳрида машғулотларга киришамиз. Янги йил арафасига қадар Янгиерда бўлишимиз кўзда тутилган. Январдан бошлаб пойтахтимизда ҳам машғулотлар ўтказишимиз мумкин.
- Чемпионат тугаганидан сўнг футболчиларга дам берилди. Таътил кунларидан унумли фойдалана олдингизми?
- Шунга ҳаракат қилдим. Кўпроқ оилам даврасида бўлган ҳолда хордиқ чиқаришга уриндим. Тўғриси, таътил кунларидан унумли фойдалана олдим, дея оламан. Энди тўплаган кучларимизни мавсумга бўладиган тайёргарлик жараёнида сарфлашга ҳаракат қиламиз.
- Футболни соғиниб қолгандирсиз?
- Албатта, соғиниб қолдим. Севимли ишимга тезроқ қайтиш истагидаман. Бироз вақтдан кейин яна чемпионат ўйинларига тайёргарлик бошланиб кетади. Шунингдек, чемпионат баҳслари старт олади.
- Бўш пайтларингизда нималар билан кўпроқ машғул бўлдингиз?
- Асосан чемпионат давомида ўтказган ўйинларимни таҳлил қилиб чиқдим. Камчиликларим борасида ўйлаб кўрдим. Қолаверса, дўстларим даврасида бирга бўлиб, чарчоқни чиқаришга ҳаракат қилдим. Янги мавсум олдидан ҳар томонлама тайёр бўлишга уринмоқдаман. Келгуси мавсумда жамоамизни янада оғир баҳслар кутмоқда. Шу боисдан ҳар томонлама яхши тайёргарлик кўриш фойдадан холи бўлмайди.
- Якунига етган мавсум Сизда қандай таассуротларни қолдира олди?
- Чемпионат клубимиз учун жуда муваффақиятли келди. Албатта, жамоа билан мавсумни 5-ўринда тугатиш яхши кўрсаткич ҳисобланади. Бундай ўринни қўлга киритиш учун чемпионат давомида тинимсиз мехнат қилдик. Осонликча қўлга киритилгани йўқ. Асосийси, раҳбарият қўйган вазифани бажара олганимиздан бошимиз осмонга етди. Қийин ҳолатларда ҳам футболчилар ўзларини қўлга олган ҳолда, ҳамжиҳатлик билан тўп суришди ва якунда барчаси биз учун яхши тамомланди, дейиш мумкин. Умуман олганда, бу йилги мавсум менда жуда катта таассуротларни қолдирди.
- Мавсум старти арафасида “Машъал”ни 5-ўринни қўлга киритишини ҳеч ким кутмаганди. Хусусан, Сиз қандай фикрда эдингиз?
- Тан олиш керакки, кутмагандик. Тўғри, мен клубга ўтаётганимда, жамоанинг имкониятларини жуда яхши билганим ва ёшлар билан ҳам юқори даражадаги футболни намойиш этишимизга ишончим комил эди. Айнан шу сабаблар билан жамоага келиб қўшилгандим. Мавсум арафасида ҳеч ким бизни юқори даражада футбол кўрсата олади, деб ҳисоблашмаганди. Бироқ бизга нисбатан бўлган танқидларга жавоб қайтара олганимиз клубимизнинг асосий ютуғи бўлди.
- Ушбу муваффақиятларнинг калити нимада деб ўйлайсиз?
- Биринчи навбатда жамоа бош мураббийининг клубни тўғри шакллантира олгани. Александр Хомяков мавсум мобайнида катта кўламдаги ишларни бажарди. Тактика жиҳатидан жуда кучли бўлган мутахассис барча ишни нолдан бошлади. Футболчиларни тўғри йўналтира олгани унинг ишлари яхши кечишига омил бўлди. Раҳбарият барча шароитларни яратиб бериб турди. Бош мураббий эса енг шимарган ҳолда ишга киришди ва якунда барчаси жамоамиз учун муваффақиятли тугади.
- Энг оғир учрашув сифатида қайси жамоага қарши ўйинни кўрсатган бўлардингиз?
- Бундай мақомдаги ўйинлар деярли ҳар бир турда рўй бериб турди. Мисол учун “Олмалиқ”га қарши уйда бўлган ўйин ҳам анча қийин кечди. Шу куни 0:0 ҳисоби қайд этилди. Жуда кўплаб вазиятларни юзага келтирганимизга қарамай, гол кирита олмадик. Рақиб ҳам жуда яхши ўйин намойиш қилиб берди. Айнан шу учрашувни мавсум давом этаётган пайтдаги энг оғир баҳс бўлганди, деб айта оламан.
- Клубингиз уйда яхши ўйин кўрсатдими ёки сафардаги учрашувлардами?
- Ҳар иккисида ҳам бирдек ўйин намойиш этишга ҳаракат қилдик. Асосийси, муҳим бўлган очколарни қўлга киритиш илинжида тўп сурдик. Эътибор бериб, натижаларимиз кузатган бўлсангиз, уйда ҳам, сафарда ҳам имкон қадар ғалабаларни қўлга киритдик. Шу сабабли, иккисида ҳам бирдек ўйнадик.
- Жамоада тўп сурган украиналик ҳимоячи Андрей Деркач хусусида қандай фикрдасиз?
- Ёмон эмас. У тажрибали ҳимоячи эканлигини намойиш этиб, жамоамизга катта кўламдаги ёрдамини берди. Мен ушбу футболчининг тажрибаси ниҳоятда катталигига гувоҳ бўлдим. Деркач жамоамиз муваффақиятларида ўзининг улкан ҳиссасини қўша олди. Менда ёмон таассурот қолдирмади.
- Нима деб ўйлайсиз, келгуси мавсумда ҳам Деркач жамоада қолиши мумкинми?
- Энди буни клуб раҳбарияти ҳал қилади. Агар футболчининг ҳаракатларидан улар ҳам қониқиш ҳосил қилган бўлишса, унга янги шартнома таклиф қилади. Мабодо қониқтирмаган бўлса, бекор қилишади. Шу сабабли Андрейни жамоамиздаги тақдири борасида фикр билдира олмайман.
- Давралар оралиғида жамоа йиғинларида иштирок этган камерунлик Эбах Тоби клубга келиши мумкинми?
- Боя айтиб ўтганимдек, клуб раҳбарлари ва бош мураббий истаса, Тоби ҳам келиши мумкин. Барчасини улар ҳал қилишади.
- Тоби келадиган бўлса, у клуб ҳужум чизиғини кучайтиришга қодирми?
- Менимча, кучайтира олади. Чунки Эбах Тоби қисқа вақт жамоамиз машғулотларида иштирок этганига қарамай, ўзининг яхши тарафларини кўрсата олишга муваффақ бўлганди. Жамоага келадиган бўлса, албатта ҳужум чизиғида кескин рақобат ошарди. Қолаверса, янада ҳужумларимиз хавфли кўриниш олган бўларди дейишим мумкин.
- Зафар ака, келгуси мавсумда ҳам “Машъал” 5-ўрин учун курашадими ёки халқаро мусобақаларга берадиган йўлланмалар учун курашасизларми?
- Вазифаларимиз катта. Кейинги мавсумни бунданда чиройли ва мазмунли ўтказиш тарафдоримиз. Мақсадларимизга тўхталадиган бўлсам, кейинги йилдан халқаро майдонларга берадиган йўлланмалар учун ҳаракат қилмоқчимиз. Клубимизда барча шароитлар яратилган. Замонавий услуб акс эттирилган. Клуб академияси ҳам юртимизда ўзига яраша номга лойиқ ҳисобланади. Шу сабабли келгуси мавсумда чиройли ўйинларимиз орқали халқаро мусобақаларда тўп суришга уриниб кўрамиз.
- “Машъал”да тўп сураётган футболчилар орасида кимни энг яхши футболчилар қаторига киритган бўлардингиз?
- Деярли барча футболчилар яхши ўйин кўрсатишди. Масалан, Мирзоҳид Ғофуровни алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардим. У клубнинг энг яхши футболчиларидан бири бўлди, дейиш мумкин. Кўплаб голларни киритилишида иштирок этди. Зоҳир Қўзибоев ҳам кўплаб голларни киритиб, жамоамиз муваффақиятларида улуш қўшди. Умуман олганда, жамоамизда ўйнаётган барча футболчилар энг яхшилар қаторига киритса бўлади.
- Ўзингизни ўйинингизга қандай баҳо берган бўлардингиз?
- Тўғриси, ўйинларимдан кўнглим тўлди. Лекин менинг ҳаракатларимни кўрган мухлислар, мураббийлардан сўрасангиз, янада аниқ жавоб қайтарган бўларди. Ўзим шуни айта оламанки, бу йилги кўрсатган ўйинларим ўзимга маъқул тушди.
- Хомяков жуда талабчан мураббий ҳисобланади. У мавсум давомида Сиздан нималарни талаб қилди?
- Менинг клубдаги асосий вазифам, жамоадошларимга кўпроқ тўп етказиб беришдан иборатдир. Ҳужумлар ортида тўп сураман. Табиийки, олдинги чизиғда ўйнаётганларни тўп билан таъминлаб туриш ярим ҳимоячиларнинг вазифасига киради. Мен ҳам қўлимдан келганча ўйнаб, жамоадошларимни тўп билан таъминлаб туришга уриндим. Жамоамиз бош мураббийи айнан шу жиҳатга катта эътибор қаратишим лозимлигини уқтирди.
- Сўнгги йилларда тез-тез жамоаларингизни алмаштириб турдингиз. Бу ҳолат футболчига салбий таъсир кўрсатмайдими?
- Кўрсатади. Ҳар йили жамоасини ўзгартириш футболчига ярамайди. Битта жамоада муқим ўйин кўрсатган маъқул, деб биламан. Мен ҳам қайси жамоада тўп суришимдан қатъий назар, ўша клубда кўпроқ муддат ўйнашга уринаман. “Машъал”га келиб қўшилганим яхши бўлди. Тўғриси, фаолиятимни энг яхши дамларини шу жамоада ўтказмоқдаман, дея оламан.
- Кейинги йилда олий лигада иштирокчилар сони 16та бўлди. Бунга муносабатингиз қандай?
- Жуда яхши бўлди. Клубларнинг сони иккитага оширилиши, футболчини ўзини кўрсатиши учун яна бир имкониятлардан бири ҳисобланади. Ўйинлар сони ошади ва табиийки, клубингиз сафида кўпроқ ўйнаган ҳолда бош мураббийни назарига тушишга ҳаракат қиласиз. Мен бу жиҳатдан Олий лигада иштирокчилар сони ошганлигидан хурсандман.
Иззатбек Абдуваҳобов суҳбатлашди.