Карим Бензема клублар ўртасида жаҳон чемпионати яримфиналининг "Крус Асул"га қарши учрашувда (4:0) "Реал" голларининг бирига муаллифлик қилди.
Клуб расмий сайтининг хабарига кўра, бу гол билан франциялик ҳужумчи мадридликлар тўпурарлари рўйхатида 13-ўринга чиқиб олди.
26 ёшли ҳужумчи "Реал" сафидаги 125-голини урди ва тўпурарлар рўйхатида Паиньо (124 гол)ни ортда қолдирди. Бензема яқин вақтлар ичида Фернандо Йерро (127 гол) ва Мичел (130 гол) каби футболчиларни ортда қолдириши мумкин.
Клуб тарихида энг кўп гол урган футболчи Рауль бўлиб қолмоқда - 323 гол.