Месси, Роналду ва бошқа юлдузлар учун яратилган махсус (эксклюзив) бутсалар. Маълум бўлишича, Лионель Мессига янги бутса модели - Adidas Mirosar10ни яратган ижодий гуруҳ футболчининг жонажон ўлкаси - Росариодан илҳом олган экан. Қуйида футбол юлдузлари учун махсус ишлаб чиқарилган бошқа эксклюзив моделларни ҳам эсга оламиз.
Пеле - Puma Kings
Экипировка ишлаб чиқарувчи компания ва биринчи даражали юлдуз ўртасидаги ҳамкорлик катта шов-шув кўтарган ва самара берган илк тажриба. Футбол қироли учун махсус яратилган Kings бутсалари дарҳақиқат, 1970 йилги жаҳон чемпионатидан сўнг мисли кўрилмаган даражада оммалашди. Чунончи, Пеле мундиалда айнан шу бутсадан фойдаланган ва жаҳон чемпиони бўлганди. Финал ўйини давом этаётган пайт Пеле ҳаттоки, ҳакамдан атайлаб ҳаракатни тўхтатиб туришини сўраган ва пойафзали ипини қайта боғлаш орқали камералар, демакки, трансляцияни кузатаётган бутун жаҳон жамоатчилигини ўзига қаратган. Тўғрироғи, оёғидаги бутсага. Моделнинг эксклюзивлиги шунда эдики, бутсанинг ташқи томонига шахсан Пеленинг имзоси туширилган. Шу йўналишдаги илк шартнома ҳисобланган ўша ҳамкорлик Puma компаниясига анча арзон тушган. Яъни 100 минг доллардан кўпроқ тўланган, холос. Кейинчалик янгиланган Kings бутсаларида Диего Марадона ҳам тўп сурган. Умуман, улардан футболчиларнинг бутун бир авлоди фойдаланди.
Дэвид Бекхэм - Adidas Predator LZ David Beckham Last Game Special Edition
Бугунги кунда етакчи брендлар юлдузлар учун нафақат доимий тарзда фойдаланиладиган моделлар, балки қайсидир воқеага атаб ўз йўналишида ягона ҳисобланган бутсаларни ҳам тайёрлаб беришга тайёрлар. Дэвид Бекхэмнинг фаолияти тугаши айнан шундай воқеалардан бири эди. Футболчи 1996 йилдан Adidas билан ҳамкорлик қилиб келарди ва компания дизайнерлари унинг охирги, яъни хайрлашув ўйинига Predator LZ моделининг алоҳида версиясини тайёрлашди. У Буюк Британия байроғи жилолари асосида ишланди ва ташқи томонига Дэвиднинг барча ўғиллари, хотинининг исми, шунингдек, футболчи фаолияти давомида фойдаланган рақамлар, хайрлашув ўйинининг санаси ёзилди.
Райан Гиггз - Reebok Giggs Pro Limited Edition SG Boots
«МЮ» афсонаси - бутса танлашда ашаддий консерватор. Чунончи, у охиригача Reebok брендига садоқатини сақлаб қолди ва 1980-1990 йиллар учун одатий саналган классик моделни маъқул кўрди. Қисқаси, бутсасида ҳеч қандай ортиқча безак ёки белгига эҳтиёж сезмади. Албатта, компания вакиллари уэльслик футболчининг дидини ҳисобга олишди ва у билан ҳамкорликнинг 10 йиллиги, қолаверса, «МЮ»даги 800-ўйини шарафига ягона эксклюзив модель ишлаб чиқаришди. Бунда ҳам классик дизайн сақланиб қолди. Фақат қизил ва тилларанг тусда безак берилди, футболчининг исми доғ шаклида битилди, пошнасига эса Райан қўлга киритган барча совринлар рўйхати туширилди.
Хамес РодригЕс - Adidas Limited Edition Gold F50 Adizero
Компаниялар футболчиларга қайсидир индивидуал ёки жамоавий совринни қўлга киритишгани муносабати билан ҳам эксклюзив бутсани совға қилишлари мумкин. Ўтган ёзнинг энг асосий қаҳрамонларидан бири Хамес Родригес аввалига ЖЧда «Олтин бутса» ютди, кейин шов-шувли трансфер орқали «Реал» сафига қўшилди. Колумбиялик бу муваффақиятлар учун Adidasдан яна бир олтин бутса қабул қилиб олди, буниси чин маънода олтин. Adizeroнинг махсус вариантида олтин тусидаги пошнадан фойдаланилган, бир четида юлдузчанинг фамиялияси бор, ташқи томонида эса унинг соврини акс эттирилган.
Неймар - Nike Hypervenom Gold
Бразилиялик ёш юлдуз - Nikeнинг реклама кампаниясида бош қаҳрамонлардан бири. Неймар хусусан, Hypervenom моделини яратишда бевосита иштирок этади, ўзи ҳам майдонга шу бутсада тушади. Жаҳон чемпионати пайти компания бразилияликни алоҳида сийлашга қарор қилди. Ҳарқалай, у уй мундиалини узоқ кутганди. Хуллас, «плей-офф» босқичи бошланиши арафасида Неймарга Hypervenom моделининг алоҳида нусхасини топширишди. Nike рақобатчи брендлардан фарқли равишда, пошна қисми эмас, балки пойафзалнинг бутун «юзи»ни тилларанг тусда безади. Остки қисми, боғлами ва компания рамзи эса яшил рангга бўялди.
Криштиану Роналду - Nike Mercurial Superfly CR7
Nikeнинг реклама ишларида Неймар алоҳида ўрин тутсада, Криштиану Роналду барибир, етакчи ролда. «Реал» юлдузи Mercurial Superfly моделининг ҳавасманди ва уни тарғиб этувчилардан биридир. Унга инновацион кўриниш маъқул - худди иккинчи чарм каби бутун товон қисмини ўраб олган тилчасиз устки безак. Моделни Роналдунинг ўзига мослаштириш қийин эмас. Унга исм-фамилиясининг бош ҳарфлари ва ўйинчилик рақами жуда ярашиб тушган - CR7. Бутсанинг асосий алоҳида жиҳати шуки, классик қора тусли Mercurial Superfly ёзуви рангларни ажратиб турувчи чок билан ғалати уйғунлик ҳосил қилган. Қисқаси, ёзув ҳар қандай шароитда кўзга ташланади.
Лионель Месси - Adidas Mirosar10
Adidasнинг биринчи «юзи» - шубҳасиз, Лео Месси. Яқинда компания Mirosar10 махсус бутсаларини тақдим этди. Маҳсулотга аргентаналикнинг жонажон шаҳри - Роса-Рио шарафига ном берилди. Яъни таржимаси - «Менинг Росариом». Ушбу модель гўёки, футболчининг жонажон шаҳридаги бутун болалигини ҳикоя қилади. Лоларанг - бу Лионелнинг илк клуби расмий ранги, яшил эса унинг асосий рақибига тегишли. Месси ўзининг аҳамиятли илк ўйинида бу рақиб дарвозасига 4та гол урган экан. Шунингдек, бутсада Росарионинг харитаси, ҳаттоки, ташлаб қўйилган ҳарбий база (Лео футбол ўйнашни ўша ерда бошлаган) ҳам акс эттирилган.