Мюнхеннинг “Бавария” жамоаси раҳбарияти жамоанинг ҳозирги мураббийи Хосеп Гвардиола билан шартномани узайтиришни режалаштирмоқда.
Испаниялик мутахассис билан шартнома 2016 йилнинг 30 июнида ўз ниҳоясига етади, бироқ мюнхенликларнинг бош директори Карл-Хайнц Румменигге у билан шартномани яна икки йилга – 2018 йилгача узайтириш истагини билдиряпти.
Маълумот учун, Гвардиола “Бавария”га 2013 йили Юп Хайнкеснинг ўрнига келган.
Аввалроқ Гвардиола 2008 йилдан 2012 йилгача ишлаган “Барселона” жамоасига қайтиш истаги йўқлигини маълум қилган эди.
“Мен “Барселона”га мураббийлик қилишни хоҳламайман. Бу ўгириб бўлинган саҳифа. Ҳаёт цикллардан иборат ва мен учун бу цикл ўтаб бўлинган. Турмуш ўртоғимнинг Барселонада иши бор, шунинг учун биз у ерга кўчиб ўтиш ҳақида ўйлагандик. Бироқ, буни қачон амалга оширамиз, билмайман”, – деб Гвардиоланинг сўзларига иқтибос келтириб ўтдилар ОАВлар.
Мураббий мюнхенлик футболчилар билан ишлаётганидан мамнун эканлигини ва улар футбол дунёсида энг нуфузли мукофотларга сазовор бўлишга ҳақликларини айтиб ўтди.
“Менинг фикримча, “Бавария”нинг бир нечта ўйинчилари “Олтин тўп” олишга ҳақлидирлар. Роналду ва Месси шубҳасиз буюк футболчилардир, бироқ бутун сайёра немислар жаҳон чемпионатида қандай ўйнаганларининг гувоҳи бўлди”, – деб таъкидлаб ўтди Гвардиола.
17-турдан сўнг “Бавария" 45 очко жамғариб, Германия чемпионатида етакчилик қилмоқда. 2-ўринда кетаётган «Вольфсбург» ундан 11 очко ортда қолмоқда.
Мюнхенликлар Чемпионлар лигасида 6 ўйиндан 5 тасида ғалаба қозониб, мусобақанинг плей-офф босқичига йўлланма олишди.