Аввал хабар берганимиздек, айни кунларда Ғузорнинг “Шўртан” жамоаси Тошкент шаҳрида мавсумга тайёргарликларнинг иккинчи босқичини давом эттираяпти.
Мухтор Қурбонов бошчилигидаги мураббийлар гуруҳининг иш режасига кўра, бир қатор назорат учрашувларини ўтказиш ҳам режага киритилган. Ҳозир ана шу учрашувлардаги рақиблар ва уларни ўтказиш вақти маълум бўлди.
Демак, “Шўртан” жамоаси 9 январь куни Олмалиқ шаҳридаги янги қурилган сунъий қопламали майдонда “Олмалиқ” клубига қарши, 12 январь куни эса “Обод” жамоасига қарши. Бу учрашув ҳам сунъий қопламали майдонда бўлиб ўтади.
Иккинчи босқич тайёргарликлари 16 январь куни ниҳоясига етади ва футболчиларга тўрт кунлик қисқа танаффус берилади.
Мавсумга тайёргарликларнинг учинчи босқичи 20 январдан 1 февралга қадар яна Тошкент шаҳрида давом эттирилади. Ана шу вақт мобайнида яна тўртта назорат учрашувлари ўтказиш мулжалланган. Демак, учрашувлар 22 январь куни "Қўқон-1912", 25 январь куни "Нефтчи", 28 январь куни "Металлург" ва 31 январь куни "Андижон" жамоаларига қарши ўтказилади. Ушбу учрашувлар ўтказиладиган стадионлар кейинчалик томонларнинг ўзаро келишувига биноан аниқлаб олинади.
Яна бир янгилик, яқин кунларда “Шўртан” сафига икки легионер кўрикдан ўтиш учун келиши кутилмоқда. Ҳозирги кунларда ушбу легионерларнинг юртимизга келиш виза масалалари ҳал қилинмоқда. Бу легионерларнинг бири европалик, иккинчиси осиёлик бўлади. Биз бу легионерлар ҳақидаги аниқ маълумотни кейинги хабарларимиз орқали етказамиз.