Ўтган мавсумда «Навбаҳор» шарафини ҳимоя қилган бир қатор футболчилар шартнома муддатларини узайтиришди. Ана шундай ўйинчилардан бири сифатида наманганлик ярим ҳимоячи Отабек Валижоновни эътироф этиш жоиз. Қуйида Валижонов билан уюштирилган суҳбат билан танишасиз.
- Мавсумлар оралиғида кўплаб футболчиларга турли жамоалардан таклифлар тушади. Сизга ҳам ана шундай таклифлар билдирилдими?
- Таклифлар бўлди. Бироқ, қайси клублардан тушганлигини айтиш ниятим йўқ. эмасман. Чунки бу билан ўша клубларга нисбатан ҳурматсизлик қилган бўламан. Қолаверса, «Навбаҳор»да қолишга қарор қилганман. Шу сабабдан бошқа таклифлар устида ортиқча ўйлаб ўтирмадим. Шунчаки, чақирганларга раҳмат айтиб вазиятни тушунтириб, “Навбаҳор”дан кетмаслигимни айтдим. Ўйлайманки, улар ҳам бу қароримни тўғри қабул қилишади ва ҳеч қандай эътироз билдиришмайди.
- Айнан шу сабабли 2014 йил якунига етмай турибоқ жамоа билан янги шартнома имзоладингиз?
- Декабр ойида ўтказилган йиғин бошида бош мураббийимиз Бахтиёр Ашурматов билан ўзаро суҳбат чоғида барча масалаларни келишиб олганимиз боис шартнома тузишга қарор қилгандим. Шу ўринда бир гапни айтиб ўтишни истардим. “Бухоро”да тўп сурганимда оёғим синганди. Оқибатида анча пайт ўйин амалиётисиз қолдим. Оптимал спорт формага киришим учун эса маълум вақт талаб қилинарди. Шунга қарамай, 2014 йил бошида Бахтиёр Ашурматов “Навбаҳор”га таклиф қилди. Шунинг учун ҳам мураббийга бўлган хурматим жуда юқори. Жароҳатдан тўлиқ фориғ бўлиб яна аввалгидек тўп суриш учун мураббийни ишончи футболчи учун муҳим саналади. Ашурматовни ишонч билдириши эса руҳимни янада кўтарди. Бахтиёр ака билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида бир нечта жамоалардан таклиф тушаётганлигини айтдим. Бунга жавобан у киши менга ишонч билдиришларини айтдилар. Ашурматовнинг гапларидан кейин таклифларга рад берган ҳолда «Навбаҳор»да қолишни афзал билдим.
- «Навбаҳор»да қолишингизга жамоа ишқибозларининг суюкли футболчиларидан бири эканлингиз ҳам сабаб бўлса керак?
- Албатта, ишқибозларнинг далдаларини қалбдан ҳис қилиб ўйашни гашти бошқача. Уларнинг меҳрини қозонганимдан хурсандман. Яна шу жамоада қолиб, мухлисларимизга улкан ғалабаларни тақдим қилиш истагида ёнмоқдаман ва буни амалга ошириш учун янги мавсумда бор кучим билан ҳаракат қиламан.
- Ўтган мавсум жамоа учун қай тарзда якунланди деб ўйлайсиз?
- Мавсум ёмон кечгани йўқ. Чемпионатни юқори нотада ўтказишга муваффақ бўлдик. Биринчи навбатда ишқибозларимизни қувонтириш истагида, ҳар бир учрашувда ғалаба учун ўйин намойиш этдик. Биласиз, “Навбаҳор” мухлислари юртимизда олдинги қаторда туради. Чемпионат мобайнида баъзи учрашувларда кутилмаган натижаларни намойиш қилдик. Шунда ҳам мухлисларимиз бизни қўллаб-қувватлашди. Бу жиҳат ғалабаларимизга ёрдам берди. Қайта таъмирланган ўйингоҳимизга қайтганимиз ҳам ўз самарасини берди. Бу ўйингоҳда футбол ўйнаш ёқимли ҳисларни беради. Чунки ўйингоҳимиз доимо мухлислар билан тўлиб тошади. Мухлис кўп ўйингоҳда тўп суриш ҳар қандай футболчини руҳлантиради. Эгаллаган ўрнимиздан қониқиш ҳосил қилдим дея оламан. Ҳар ҳолда чемпионат биз учун ёмон кечгани йўқ.
- “Навбаҳор”дан олдин “Бухоро”да тўп сурдингиз. Бухорода кечган фаолиятингиз қандай таассурот қолдирганди?
- Жароҳат олганимни инобатга олмаганда, барчаси кўнгилдагидек кечди. Ўшанда жамоага Тачмурод Агамуродов таклиф қилганди. Бу мутахассис билан ишлаш қизиқ туюлганди. Шунинг учун ҳам “Буҳоро”дан тушган таклифни қабул қилгандим.
- Агамуродов “Пахтакор”га ҳам таклиф қилганди, тўғрими?
- Шундай. Тачмурод Шамакович “Пахтакор” клубида фаолият кўрсатаётганида ҳам пойтахтликлар сафига жалб қилганди. Ўшанда жамоа билан Туркиядаги йиғинда ҳам иштирок этдим. Бир сўз билан айтганда, Агамуродовни ҳурмат қиламан. Яхши мураббий ва футболчиларга бўлган ишончи юқори ҳисобланади.
- Нима учун “Пахтакор”да қолмагандингиз?
- Бунга бир қатор сабаблар бор. Клубда қолишим деярли ҳал бўлиб қолганди. Туркиядаги йиғин пайтида жамоага хориждан мутахассис келди. У мени ҳимояда ҳаракат қилишимни талаб қилди. Бу эса менга ўзим учун бошқа чизиқда синаб кўриб, ушбу мутахассиснинг ишончини оқлашим талаб қилинарди. Жамоадаги ҳолат ёмонлашиши мумкин эди. Кейинчалик “Пахтакор”да қолишим қийинлигини билганим боис раҳбарият билан бу ҳақда ўзаро гаплашиб кетишга қарор қилгандим. Туркияда бўлганимизга қарамай, буюмларимни йиғиштириб ортга қайтишга қарор қилгандим.
- Ушбу қарорингиздан афсусланмадингизми? Ҳар ҳолда жамоада қолганингизда анча ўсишга эришингиз мумкин эди.
- Нима учун афсусланишим керак? Ҳаёт давом этади. Ҳали ҳаммаси олдинда. Биласизми, агар ўзим кўпроқ машғулотларда иштирок этсам ва ҳаракатимни кучайтирсам, бир кун албатта таклиф бўлади. Бунинг учун эса ўз устимда меҳнат қилишни кучайтиришим даркор. Шунда барчаси ижобий ҳал бўлади. Эндигина 27 ёшга кирдим. Худо хоҳласа, фаолиятимни энг яхши дамлари олдинда деб ўйлайман.
- Наманганлик мухлислар анча талабчан. Бундай талабчан ишқибозларни кўнглини кўтариш эса осон эмас?
- Албатта, жуда қийин. Мухлисларимиз жамоани чин юракдан қўллаб-қувватлашади. Яхши ёки ёмон натижа бўлишидан қатъий назар, тинимсиз олқишлашади. Энди уларни ҳам тушуниш керак. Негаки уларг ўз вақтларини ажратиб ўйингоҳга келишади ва чиройли футбол кўришни хоҳлашади. Ғалаба қозонсангиз, уларнинг кўнгиллари тоғдек кўтарилади. Мабодо мағлубият кузатилса ҳафа бўлишади. Шунда ҳам футболчиларни хурмат қилиб, жамоани қўллашда давом этишади. Айнан шу жиҳат туфайли ҳам мухлисларимизни қаттиқ хурмат қиламан.
- Янги мавсумда “Навбаҳор” қандай мақсадларни кўзламоқда?
- Мақсадларимиз катта. Бир сўз билан айтганда кейинги мавсумдан умиддимиз катта. Бу йилги чемпионатда еттинчи ўриндан юқорироқ бўлган ўринларни қўлга киритишни ният қилганмиз. Бунинг учун барчамиз чиройли ўйинлар кўрсатишга ва мухлисларимизга ғалабаларни туҳфа қилишга тайёрмиз. “Навбаҳор” 2015 йилда чемпионатимизда юқори ўринлардан бирини қўлга киритишга қодирлигини ишонч билан айта оламан.