Австралиядан келаётган хабарларга қараганда, Шимолий Корея терма жамоасининг бугун ўтказган машғулотларини кўриш ва интервью олиш истагидаги ОАВ вакиллари ҳамда футбол мухлислари йиғилишган. Лекин шимолликлар ҳозирча ОАВ билан учрашишдан ўзларини тийишмоқда. Жанубий Кореянинг "ОСEН" нашри:
"Биз учун бу ҳолат аллақачонлардан бери доимий ҳол бўлса-да Австралия ОАВлари бунга энди дуч келмоқда ва жуда ҳам ҳайратда қолмоқда", дея пичинг қилиб ёзди.
Австралиянинг "Foz Sports " нашридан иқтибос олиб Жанубий Кореянинг "ОСEН" нашрида ёзилишича, бугун Шимолий Кореянинг машғулотлари бошқа жамоаларникидан деярли фарқ қилмаган. Биргина фарқли жиҳат шуки, шимолий кореялик футболчилар миқ этмасдан машқ қилишган ва майдончада "ўлик сукунат" ҳукм сурган. Шовқин-суронли Европа жамоалари муҳитига кўникиб кетган маҳаллий ОАВлари буни алоҳида қайд этишган. Футболчилар бир-бирлари билан жуда паст овозда сўзлашишганки, ташқаридаги корейслар ҳам илғай олмайдиган даражада бўлган. "ОСEН" нашри шундай ёзади:
"Шимолий Кореяда фуқароларнинг чет элга чиқишлари деярли тақиқланган. Лекин спорт олами вакиллари бундан мустасно. Шимолий Корея раҳбари Ким Жонг Ун спортнинг ашаддий ишқибози ҳисобланади. Футболчилар ўз давлатлари раҳбарини хурсанд қилиш учун ғалабадан бошқасини ўйлашмаяпти".
Шимолий Корея терма жамоасида ҳозирча ҳаммаси жойида. Фақат терма жамоада янги иш бошлаган мураббий Чо Донг Собнинг қисқа муддатда қандай янгилик кирита олиши кўпчиликка қизиқ.
Отабек Йўлдошев
Жанубий Корея, Сеул