Бугун Швейцариянинг Цюрих шаҳрида 2014 йилнинг энг яхши футболчисига «Олтин тўп» мукофотини топшириш маросими ташкиллаштирилади.
Йилнинг энг яхши футболчиси деб эътироф этилишни уч нафар футболчи кутмоқда. Аниқроғи икки нафар футболчи. Чунки, асосий номзод сифатида кўрилаётган уч нафар футболчи – «Реал» ҳужумчиси Криштиану Роналду, «Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси ва «Бавария» дарвозабони Мануэль Нойердан бири, аргентиналик Месси бу йилги тақдимотда ўзи ғолиб бўлишига ишонмаяпти.
У бу борадаги фикрларини испаниялик журналистларга баён қилган.
«Бу йилги мукофотга ким эга чиқишини аниқ билмайман. “Олтин тўп” ким бунга муносиб бўлса, ўша футболчига берилади. Роналду ва Нойер ҳам ажойиб мавсум ўтказишди», – дейди Месси.
Шунингдек, у ўз жамоадоши Луис Суарес ҳам ўтган мавсумда «Ливерпуль» сафида ажойиб махсум ўтказганини айтган, ўз имкониятлари ҳақида эса, индамаган.
Эслатиб ўтамиз, Лионель Мессининг ўзи муқаддам бу мукофотга 4 маротаба 2009, 2010, 2011 ва 2012 йилларда эга чиққан.
Маълумот учун, ФИФА билан алоқаларини узган «Барселона» жамоаси бугунги маросимда қатнашмаслигини маълум қилган. Демак, катта эҳтимол билан, Мессини ҳам у ерда кўрмаймиз.
Бугун шунингдек, Цюрихда «Йилнинг энг яхши мураббийи», «Йилнинг энг яхши голи муаллифи», «Йил рамзий терма жамоаси» ҳамда «Йилнинг энг яхши аёл футболчиси» номлари ҳам эълон қилинади.
Маросим эса, Тошкент вақти билан 22:30да бошланади ва катта эҳтимол билан Спорт-ТВ телеканалида эфирга узатилмайди.