2018 йилда Россияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатида тарихда илк марта ФИФА таркибидаги барча мамлакат терма жамоалари қатнашади. Бу ҳақда рус мундиали учун очилган расмий твиттер аккаунти маълум қилган.
Бугун, 16 январь куни КОНКАКАФ минтақасида (Шимолий ва Марказий Америка, Кариб ҳавзаси мамлакатларининг футбол конфедерацияси) ЖЧ-2018 учун саралаш босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Ушбу минтақадаги саралаш турнирининг илк тури шу йилнинг 23-31 март кунлари ўтказилади.
Умуман, ФИФАга аъзо бўлган 208 мамлакат миллий терма жамоалари кейинги 2 йил давомида 31та йўлланма учун кураш олиб боради. Ташкилотнинг 209 аъзоси Россия эса, ҳар галгидек мезбон сифатида саралаш босқичидан озод этилган.
Маълумот учун, Бразилияда 2014 йил ёзида ўтказилган охирги мундиал саралашида ФИФАнинг 208 аъзодан 205 аъзоси иштирок этган, мезбон сифатида Бразилия ва бунга истак билдирмаган Бутан ҳамда Бруней вакиллари қатнашмаган эди.
Кейинчалик, 2012 йилда ФИФАга 209 аъзо бўлган Гибралтар ҳам ЖЧ-2018 йўлланмаси учун кураш олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, Россий 2018 йилги мундиал мезбонлигини 2010 йилда асосий рақобатчиси Англияни курашдан чиқарган ҳолда қўлга киритган эди. Ҳозирда бу чемпионатнинг 2018 йил 8 июнидан 8 июлигача бўлган кунларда, 11 шаҳардаги (Москва, Калининград, Санкт-Петербург, Волгоград, Қозон, Нижний Новгород, Самара, Саранск, Ростов, Сочи ҳамда Екатеринбург) 12та ўйингоҳда ўтказилиши маълум бўлиб улгурган.