Кириш Регистрация
05/11 00:45 Лацио 2-1 Кальяри
05/11 01:00 Сельта 1-0 Хетафе
05/11 01:00 Фулхэм 2-1 Брентфорд
05/11 13:00 Сентрэл Кост 2-2 Шангхай Шенхуа
05/11 15:00 Кавасаки Фронтале 3-1 Шангхай Порт
05/11 15:00 Виссел Кобе 2-0 Квангжу
05/11 17:00 Жоҳор Дорул Таъзим 3-0 Ульсан Хёндэ
05/11 19:00 Пахтакор 0-1 Ар-Райян
05/11 23:00 Ан-Наср (СА) - Ал-Айн

Вадим Абрамов: «Бош мақсад – ОЧЛда муносиб иштирок этиш»

Баҳо:
+ | -

Ўтган йили вице-чемпионликка эришиб, ўз тарихида илк марта Ўзбекистон кубогини қўлга киритган «Локомотив» (Тошкент) клубининг янги мавсумдан ниятлари катта. Жамоа ҳозирда тайёргарлик ишларига зўр бермоқда. Хусусан, БААдаги илк хориж йиғинини айтиш мумкин. Хўш, «Локо» бош мураббийи тайёргарлик жараёнидан қониқиш ҳосил қиляптими?

— Вадим Карленович, аввало, ўтган мавсум ҳақида: «Локомотив»да чемпион бўлиш имконияти мавжуд эди, зеро, таркибидан мамлакатимизнинг кучли футболчилари жой олишганди. Олтин медални қўлга киритиш йўлида клубингизга нима етишмади?
— Бунинг сабабларидан бири — таркибимиздаги кўплаб футболчилар турли терма жамоаларимизга жалб этилишганига қарамай, ўйинларимиз «Пахтакор»никидан фарқли ўлароқ, қолдирилмади. Яъни биз ўйнашда давом этдик. Бунга жароҳатлар ва дисквалификациялар қўшилиб, ҳаттоки, айрим баҳсларда асосий таркибнинг 7-8 нафар футболчиси майдонга тушолмаган пайтлар бўлди. Бу табиийки, ўйинимизга таъсир кўрсатмай қолмади. Лекин ўтган ишга салавот, энди янги мавсумда аввалги хатоларни такрорламаслигимиз керак.

— Хўш, тайёргарлик қандай кетяпти?
— Бу жараённи 20 декабрь куни ўз қароргоҳимизда бошладик. Ҳозирча ҳаммаси режа асосида давом этяпти. БААдаги йиғин ҳам анча самарали бўлди, менимча. Тошкентга қайтгач, 8 кунча машғулот ўтаймиз ва Туркияга йўл оламиз. У ерда ҳам бир қатор клубларга қарши назорат баҳсларида майдонга тушамиз. Туркиядан келиб, ОЧЛ­даги илк баҳсни ўтказиш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетамиз.

— Машғулотларнинг бирида футболчилар билан бирга шуғулланиб, жароҳатландингиз...
— Футболда баъзан шундай кўнгилсизликлар билан учраб туради. Асосийси, бу нарса машғулотларни бевосита бошқаришимга халал бермади, ҳисоб.

— «Локомотив» ўз тарихида илк марта ОЧЛ гуруҳ босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Турнирда муносиб ўйнаш учун таркибни кучайтириш лозим...
— Албатта. Клубга хорижлик футболчиларни жалб этишни режалаштиряпмиз. Мана, Осиё кубоги сабаб, бир қатор футболчиларимизнинг хизматларидан маълум вақт тўлақонли фойдаланолмаймиз. Шуни инобатга олган ҳолда, бошида эътиборимизни асосан легионерларга қаратишимиз керак. Пойтахтдаги машғулотларимизда маҳаллий футболчилардан Санжар Шоаҳмедов («Олмалиқ») ва Олег Зотеев («Бунёдкор») иштирок этишди. Шунингдек, Австралияга жўнаб кетиши олдидан Темур Кападзе билан шартнома имзоладик. БААда янги ўйинчиларни кўрикдан ўтказдик, яқин кунларда бир тўхтамга келамиз. Умуман, селекция ишлари ҳали якунланмади.

— XXIV миллий чемпионатимиз тақвими ҳақида нима дея оласиз?
— Қуръа ташлаш жараёнида янги мавсум баҳсларини «зеркальний» кўринишида ўтказиш таклифини билдирдим. Лекин кўпчилик бунга қўшилмади. 2015 йилги мавсум тақвимидан келиб чиқсак, 4-турда «Бунёдкор»ни қабул қилиб, кейин «Динамо» меҳмони бўламиз.  6-турда эса ўз майдонимизда «Пахтакор» билан куч синашиб, навбатдагисида Қаршида «Насаф»га қарши майдонга тушамиз. Иккинчи даврада ҳам бу клублар билан худди шу тарзда, навбатма-навбат тўқнашишга тўғри келади. Ўзингизга маълум, улардан «Пахтакор», «Насаф» ва «Бунёдкор» жамоалари совринли ўринлар учун курашдаги асосий рақибларимиз ҳисобланишади. Ўша пайтга бориб, Худо кўрсатмасин, таркибимизда дисквалификациялар, жароҳатлар билан боғлиқ муаммолар юзага келиши эҳтимолдан холи эмас. Бундай ҳолатда ҳар қандай жамоа кучли клубларга қарши кечадиган баҳсларда очко йўқотиши ҳеч гап эмас. «Зеркальний» тақвимида эса бундай ҳолатлар олди олинарди. Афсуски, гапларим инобатга олинмади.

— ОЧЛдаги рақиблар хусусида нима дея оласиз?
— «Ал-Ҳилол» ўтган йилги ОЧЛ финалчиси ва унинг таркибидаги кўплаб футболчилар Саудия Арабистони терма жамоасида тўп суришади. Бу ушбу рақибимизнинг қандай кучга эгалигини кўрсатиб турибди. Ўз навбатида, шуни таъкидлаш жоизки, «Ал-Ҳилол» ОФК рейтинги бўйича энг кучли клуб ҳисобланади. Эрон терма жамоаси ва клублари эса азалдан қитъа футболида ўз ўринларига эгалар. Шу жиҳатдан олиб қараганда, «Фулад»нинг ўзига яраша кучли тарафлари бор. «Плей-офф» босқичидан муваффақиятли ўтиб, гуруҳимизга қўшиладиган жамоага ҳам жиддий ёндашиш талаб этилади. Бир сўз билан айтганда, ОЧЛда кучсиз рақиб йўқ. Менимча, юртимиз жамоалари ичида энг кучли гуруҳга айнан «Локомотив» тушди.

— Яқин орада Ўзбекистоннинг 2014 йилги энг яхши мураббийи ва футболчиси аниқланади. Мутахассис сифатида бош лауреатликка кимларни лойиқ ҳисоблайсиз?
— Миллий чемпионатимизда ғолиб чиққан клуб устози Самвел Бабаян энг яхши мураббий бўлса керак. Футболчилар орасида эса Одил Аҳмедовнинг имконияти катта. Зеро, у ўтган йили «Краснодар» клуби ва миллий жамоамиз таркибида барқарор ўйин намойиш этди.

— Янги мавсумда «Локомотив» олдига қандай вазифа қўйилди?
— Клуб раҳбарияти ҳали аниқ вазифа белгилагани йўқ. Лекин жамоамиз миллий чемпионатда ўтган йилги натижасини яхшилаб, чемпионлик унвонига эришиш, Ўзбекистон кубогини сақлаб қолиш учун интилади. ОЧЛдаги биринчи вазифа — гуруҳдан чиқиш. Умуман, халқаро турнирга жиддий эътибор қаратишимиз тайин. Асосийси, мухлисларга ёқадиган футбол кўрсатсак, бас. Умид қиламанки, янги мавсумда янги даражага чиқамиз.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 21:59, 21.01.2015.
Ўқилди: 6804 марта.
Фикрлар: 11 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.