Равшан Ҳайдаров: «Терма жамоани шакллантириш осон эмас»
2015 йилги мамлакатимиз футбол воқеликларига назар ташлар эканмиз, айни кунларда давом этаётган Осиё кубоги энг муҳим жараён эканига гувоҳ бўламиз. Бош жамоамиз иштирокидаги бу ўйинлар йил аввалида футболчию мухлисларнинг кайфиятига таъсир қилади ва қолган мусобақаларнинг руҳиятини қайсидир маънода белгилаб беради. Ёш тоифасидаги терма жамоаларимиз орасида 20 ёшгача бўлган футболчиларнинг жаҳон чемпионатида иштироки ҳам жорий йилги мусобақалар орасида энг нуфузлиси ҳисобланади. Май ойи охири ва июннинг илк кунларида Янги Зеландия мезбонлик қиладиган кичик мундиалда дунёнинг энг кучли 24 жамоаси сафида Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этишади. Мазкур мусобақага муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари хориж йиғинини бошлашди. Сафар олдидан биз Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаровнинг фикрлари билан қизиқдик.
-Равшан Акмалович, терма жамоамизнинг бугунги кундаги ҳолати ҳақида ўқувчиларимизга маълумот берсангиз.
-Албатта, Ўзбекистон кейинги йилларда ҳамиша ёшлар ўртасидаги, ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида мунтазам равишда иштирок этиб келмоқда. Ўтган йил, хабарингиз бор, Мьянмададаги Осиё чемпионатида биз ўз олдимизга қўйилган вазифа – жаҳон чемпионатига чиқишни уддалагандик. Бу билан кўзланган режанинг дастлабки қисми амалга ошди. Бироқ, бу катта ишнинг бошланиши холос. Терма жамоани шакллантириш осон иш эмас. Бу ёшда футболчиларда ўзгаришлар тез бўлади. Шу сабабли биз декабрь ойининг сўнгги кунларида таркибни Тошкентда йиғиб, дастлабки ўқув –машғулот йиғинларини ташкил этдик. Бу йиғинни асосан, маърифий характерга эга, десам адашмайман. Яъни, яна бир бор футболчиларнинг ўзаро бир бири билан аҳил, иноқ бўлишини, олдинда уларни катта мусобақа кутаётганини, бунинг учун нималар қилиш кераклигини тушунтирдик. Шу билан бир қаторда уларнинг ўз клублари ихтиёрида бўлган пайтларида қандай машғулотларга эътибор бериши кераклиги, терма жамоа учун нималар талаб қилиниши ҳақида ҳам маълумотлар бердик.
-Жаҳон чемпионати жорий йилдаги энг йирик мусобақа ҳисобланади. Бу турнирда дунёнинг энг яхши ёш истеъдод соҳиблари иштирок этади. Мусобақада муносиб иштирок этиш учун эса яхши жамоалар билан ўртоқлик учрашувлари ташкил этиш керак. Бу борада музокаралар ўтказиляптими?
-Тўғри айтасиз, ўртоқлик учрашувларисиз жаҳон чемпионатида муносиб натижа кўрсатиш қийин. Худога шукрки, бугунги кунда ўзбек футболига бўлган муносабат жаҳонда анча яхши томонга ўзгарди. Ҳозирда биз билан ўртоқлик учрашувлари ўтказиш учун бир неча футболи ривожланган мамлакатлар таклиф билан чиққан, биз ҳам ўз навбатида шундай таклифларни бошқа термаларга жўнатганмиз. Биласизми, ҳозир жаҳон чемпиоати иштирокчиларининг барчаси февраль ойида бўладиган қуръа ташлаш маросимини кутишмоқда. Қуръага қараб гуруҳлардаги рақиблар аниқланади ва шунга ўртоқлик ўйинлари учун спарринглар топиш, мақсадли ўйинлар қилиш осонлашади.
-Ўзингиз айтдингиз, бу ёшдаги футболчиларда ўзгаришлар кўп бўлади, деб. Демак, бу таркибнинг шаклланишига таъсир ўтказади?
-Тўғри, инсоннинг улғайиш, вояга етиш даврида руҳияти, жисмида ҳам ўзгаришлар тезлашади. Бу жараённи Терма жамоалар марказидаги мутахассислар, шифокорлар билан бирга кузатиб, уларга керакли кўрсатмаларни бермоқдамиз. Таркибнинг шаклланишига келсак, бу ҳам футболчиларнинг ҳолатига бевосита боғлиқ. Айнан шу сабабли ҳам биз яқинда улар билан учрашиб керакли тавсияларимизни бердик. Селекция ҳамма вақт давом этади. Бусиз бўлиши мумкин эмас. Мен, ёрдамчиларим мамлакатимиздаги барча клубларнинг ўйинларини кузатиб, улардаги истеъдодли ёшларни синовдан ўтказиб, муносибларини терма жамоага жалб этиш жараёнини тўхтатганимиз йўқ.
-Туркияда ўтказиладиган машғулотларда нималарга эътибор қаратилади?
-Биз 19 январдан машғулотларни бошлаймиз ва бу йиғин давомида Туркиянинг Анталия шаҳрига сафаримиз режалаштирилган(суҳбат сафар олдидан бўлиб ўтган). Бу йиғинларда биз асосан футболчиларнинг жисмоний имкониятларини ошириш, функционал тайёргарликка эътибор қаратамиз. Албатта, у ерда машғулот олиб бораётган жамоалар билан назорат ўйинларини ҳам ўтказиш режада бор. Бу борада музокаралар кетмоқда.
-Равшан ака, айни кунларда бутун қитъамиз футбол ишқибозларининг нигоҳи Осиё кубогига қаратилган. Қитъа чемпионатида футболчиларимизнинг иштирокига қандай баҳо берган бўлардингиз.
-Албатта, бугунги терма жамоа ўзбек футболининг келажаги олдинда эканини ўзининг ўйинлари билан, курашга чанқоқлиги билан кўрсатди. Осиё кубоги бу - жуда катта турнир. Мен ҳам ўз давримда жамоа билан ушбу турнирда иштирок этганман ва бунинг масъулиятини яхши тушунаман. Миржалол Қосимов бошчилигидаги жамоа бугун ўзбек футболининг нафақат имкониятларини, балки, унинг истиқболини ҳам намойиш этмоқда. Бу борада терма жамоамизга омад тилаб қоламан.
-Биз ҳам ўз ўрнида сиз бошчилик қилаётган жамоанинг олдиндаги ўйинларида муваффақият тилаймиз.
Норбек Ниёзов суҳбатлашди.
Манба: www.sports.uz
Киритилди: 21:25, 22.01.2015.
Ўқилди: 5639 марта.
Фикрлар: 9 та.