Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Осиё кубогини икки қадам кеч бошладик!

Баҳо:
+3 | -2

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё кубоги-2015даги иштирокини чорак финалда якунлади. Плей-оффда Жанубий Корея билан тенгма-тенг ўйнаб, фақат қўшимча бўлимларда ютқазганимизни ҳисобга олганда, жамоадан, мураббийлар штабидан кўп ҳам хафа бўлишга ҳаққимиз йўқдек. Лекин бундай фикрлаш мухлислар томонидан қараганда тўғри. Биз эса, келинг, натижаларни четга суриб қўямиз-да, мураббийлар штабининг ишига баҳо беришга ҳаракат қилиб кўрамиз.

АСОС
Ҳар қандай жамоанинг кучли томони бўлади. Жамоа ана шу жиҳатни ўзи учун асос сифатида танлаб олади ва қолган барча хатти-ҳаракатлар эса ана шундан келиб чиқади. Масалан, 90-йиллар охири, 2000-йиллар бошларида Италия терма жамоаси ўз ўйинини метин ҳимоя асосига қурганди. Ушбу услуб “катеноччо” номи билан машҳур бўлган. Итальянлар 90 дақиқа, керак бўлса 120 дақиқа ҳимояда ўйнаб, рақибнинг биргина хатосидан унумли фойдаланиб, ғалаба қозонарди.

Яна бошқа мисол. Испания терма жамоаси ўзига Гвардиола пайтидаги “Барселона” услубини ўзида қўллади. Боиси, терма жамоанинг бир қанча аъзолари ушбу услубни яхши ўзлаштиришган. Юксак интеллект ва катта маҳоратга эга бўлган терма жамоанинг бошқа аъзолари ҳам ушбу услубга тезда мослаша олдилар. Қандайдир янги нарсани кашф қилиш шарт эмасди. Натижа ўзингизга маълум — 4 йил ичида 2та Европа чемпионлиги ва бир марта жаҳон чемпионлиги. Германия терма жамоаси немисча тартиб ва тўпни назорат қилиш орқали жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.

Бундай мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин. Бош мураббий мамлакат футболининг анъаналари, ўйинчиларнинг маҳоратидан келиб чиқиб, жамоанинг аниқ бир услубни яратиши мумкин. Ўзига мос бўлмаган услубни танлаш жамоани парокандаликка олиб келади. Масалан, Бразилия терма жамоасининг шиорини унутмаган бўлсангиз керак, а: “Сиз эплаганингизга гол уринг, биз хоҳлаганимизча урамиз”. Бундай мақол пайдо бўлган пайтда бразилияликлар сафида “футбол сеҳргарлари” керагидан ортиқча эди. Аммо Сколари бошқарган ЖЧ-2014да эса ижрочиларнинг маҳорати ўта ҳужумкор ўйин қилиш учун етарли эмасди.

Энди ўзимизга қайтамиз. Миржалол Қосимов Осиё кубогига қандай “чуқурроқ ҳайдалган асос”ни олиб борди? Аслида ўтган йил давомида ўтказилган ўртоқлик ўйинлари, қитъа чемпионати олдидан БААда ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинлари давомида қандайдир услуб шакллантирилдими? Сўнгги пайтларда терма жамоамиз аниқ ўз услубига эга эмасди. Абрамов пайтидаги тўпни назорат қилишга асосланган ўйин услубимиз ўз-ўзидан емирилиб кетди. Бундай пайтда нима қилиш керак? Энг етакчи футболчиларимиздан биз яратмоқчи бўлган ўйин услубининг “устун”лари сифатида ажратиб олишимиз керак эди. Айниқса, “устун”лар — марказий футболчилар бўлса, янаям яхши. Бундай “устунлар” амплуаларга қараб 4 ёки 5 нафар бўлиши мумкин эди.
Ўйлаймизки, Игнатий Нестеровга асосий дарвозабон сифатида ишонч билдирилгани ўзини оқлади. Тўғри, у Хитой билан ўйинда қўпол хатога йўл қўйди, аммо Жанубий Корея билан ўйинда яхши ўйин намойиш қилди.

Бош мураббийимиз ҳимоя марказини Анзур Исмоиловга топширди. Ҳозирги пайтда марказий ҳимоя борасида кенг танловга эга бўлмаганимиз боис, бу борада жиддий эътирозга эга эмасмиз. Анзур ёмон ўйнамади.

Азиз Ҳайдаровга таянч ярим ҳимоясини ишониб топшириш мумкин эди, шундай қилинди ҳам. “Қизиб” турган БАА чемпионатидан ташриф буюрган “Аш-Шабоб” футболчиси ўзини оқлади. Иккинчи муҳим масала — Одил Аҳмедов “Краснодар”да олган жароҳатидан сўнг Осиё кубогида қандай формага кириб олиши катта аҳамиятга эга эди. Яъни, у ўйин услубимизнинг “устуни” бўла олармиди, унинг формаси, функционал тайёргарлиги бунга имкон берармиди? Одил терма жамоанинг энг кучли футболчиси эканига шубҳа йўқ. Балки Аҳмедовни бироз асраган ҳолда, фақат керакли ўйинлардан фойдаланишимиз керакмиди?! Демак, вазиятдан келиб чиқиб, Ҳайдаровнинг ёнига баъзан Одилни, баъзан Лутфулла Тўраевни (ёки Темур Кападзени) қўйиш орқали таянч зонасидаги “устун”нининг мустаҳкамлигини сақлаб туришимиз лозим бўларди.

ЖЕПАРОВ ЁКИ ИСКАНДАРОВ
Миржалол Қосимовнинг энг катта хатоси шу бўлдики, у ҳужумкор зонада “устун” ярата олмади! Унинг ихтиёрида иккита вариант бор эди: ё Сервер Жепаров, ёки Жамшид Искандаров. Аммо мураббийимиз ҳар иккала футболчининг салоҳиятидан мутлақо фойдалана олмади. Мураббий дастлабки ўйинларда Жепаровни кўпроқ чап қанотга қўйди. Ахир Сервер чапдан кўра марказда самаралироқ эмасмиди? Жепаровнинг ўзи ҳам сўнгги пайтларда ёмон одат чиқариб олганди (балки бу мураббийларнинг айбидир). У ҳужум чизиғига бориб олиб, худди ҳужумчилардек жарима майдончаси атрофида тўп пойлайдиган бўлиб қолган. Рақиблар эса уни “отни қашқасидек” жуда яхши билишади ва икки футболчи уни ёпади-қўяди. Натижада жамоамизнинг ярим кучи қирқилди деяверинг. Аслида унинг вазифаси жамоа ҳужум ташкил қилаётганида майдон марказидан туриб ҳужумни бошлаш эмасми? Наҳотки Миржалол Қосимов ўзи футболчилик пайтида қилган ишини Жепаровга ўргата олмади? Ҳа, КХДРга қарши ўйинда Жепаровнинг заргарона пасидан кейин Сергеев гол урди. Аммо, умумий олиб қараганда, термамиз Шимолий Корея билан ўйинда жуда суст ўйнади (айниқса, биринчи бўлимда). Бунда эса мураббийга қўшиб Жепаровнинг ҳам айби катта. Хитойга қарши ўйин эса Жепаров мутлақо самарасиз эканини кўрсати қўйди. Натижада Саудияга қарши ўйинда Искандеров майдонга тушди. У ҳам ўйинга қўшилиб кетмагани боис, чорак финалда Лутфулла Тўраев (гуруҳ босқичида умуман ўйнамаган) майдонга тушди. Шу тариқа, биз ўйин услубимизннг муҳим устуни бўлган — плеймейкерсиз мусобақани ўтказдик. Бу жуда катта хато. Бу мураббийнинг қўпол хатосидир.

Жепаров ёки Искандеровдан бирини танлашда Қосимов конкрет тўхтамга келиши керак эди. Бунда кўп нарсаларни инобатга олиши керак эди. Ё Жепаровни қайта тарбиялаб, унинг самарадорлигини ошириш устида ишлаш керак эди. Ёки бўлмаса, тўла-тўкис Жамшидга ишонч билдириш лозим эди. Назаримда, “Пахтакор” ярим ҳимоячиси характер жиҳатдан тортинчоқроқ йигитга ўхшайди. Ундаги ушбу камчиликни йўқотиш учун уни кўпроқ ўйинларга тушириш, қолган “катталар” (Аҳмедов, Ҳайдаров, Кападзе) эса уни доимо қўллаб-қувватлаши (майдонда ҳам, майдон ташқарисида ҳам) талаб қилинарди. Терма жамоамизнинг энг асосий мақсади ЖЧ-2018га чиқиш эканини инобатга олсак, Искандаровни ҳозирданоқ терма жамоанинг плеймейкерига айлантириш энг идеал қарор бўларди. Аммо, лекин, бироқ, биз на Жепаровнинг салоҳиятидан фойдаландик, на Искандаровни терма жамоанинг “устун”ларидан бирига айлантирдик. 
Ҳужумда эса жамоамизнинг устунига айланадиган футболчининг ўзи йўқ эди. Шу боис, юқорида санаб ўтилган футболчилар ўйин услубимизни белгилаб берувчи ўйинчиларга айланиши лозим эди.

РОТАЦИЯ
Одатда жамоанинг “устун”лари бўлар-бўлмаслиги алмаштирилавермайди. Улар ё мажбурий (жароҳат, дисквалификация), ёки эҳтиёт-шарт юзасидан (футболчига дам бериш, жароҳат олишнинг олдини олиш ёки рақибга қараб танланган тактика туфайли) навбатдаги ўйинларда майдонга туширилмаслиги мумкин. Аммо ўйин услубини тўлдирувчи қолган ўйинчиларни эса ротация қилиб туриш керак. Бу, биринчидан, ўйинда майдонга тушган футболчига дам олиш имкониятини берса, захирадаги футболчиларнинг формасини ушлаб туришга ёрдам беради. Ахир футболчиларнинг организми, психологияси турлича. Масалан, бир футболчи 4 кун ичида кетма-кет ичида 2та ўйинни юқори савияда ўтказа олмаслиги мумкин, қайсидир футболчи 2та ўйинда майдонга тушмаса, руҳан “синиб” қолиши эҳтимоли йўқ эмас. Шу нуқтаи назардан, Миржалол Қосимов дастлабки 2та ўйинда бир хил таркибни тушириб, катта хато қилди. Аслида Хитойга қарши таркиб ўзини оқламаганини мутахассис кўзи билан пайқаш қийин эмасди. Турнирнинг энг кучсиз жамоаларидан бирига қарши суст ўйин ўтказиш ва бор-йўғи битта гол уриш — ҳақиқатан салбий натижа.

Биз терма жамоасининг “асоси” ҳақида суҳбатлашаётган эканмиз, “устун”лардан ташқари, ҳар бир позициянинг биринчи рақамли футболчиси ҳақидаги мавзуга ҳам етиб келди. Масалан, яна бир марказий ҳимоячи Егор Кримецнинг ҳолатини биз билмаймиз, шу боис у ҳақида аниқ бир фикр билдиришимиз қийин. Балки Муллажонов ҳозирги кунда ростдан ҳам “Пахтакор” ҳимоячисидан устунроқ бўлиши мумкин (унутмаслик керак, Кримец “стандарт”ларда жуда фойдали ўйинчи эди). Виталий Денисовга ҳам тенг келадигани йўқ. Аммо ўнг қанот ҳимояси борасида мураббийга эътирозларимиз етарлича. Шораҳмедовга нисбатан ҳурматимизни сақлаган ҳолда, Қосимовга савол йўллаймиз: қайси асосга кўра Акмал Осиё кубогига олиб кетилди? Тўғри, “Бунёдкор” ҳимоячиси яхши футболчи. Эътироз йўқ. Аммо ихтиёримизда ундан ҳам кучлироқ бўлган вариантлар бор эди: Даврон Ҳошимов ва Шуҳрат Муҳаммадиев. “Пахтакор” ҳимоячиси ҳимоявий ўйин пайтида кучли, “Насаф” футболчиси ҳужумкор ўйинда кучли. Рақибга қараб танлайверинг. Мана шу ерда биз сўз очишни бошлаган “ротация” сиёсати иш берарди. Масалан, гуруҳ босқичининг 1 ва 3-турларида Муҳаммадиев, Хитой ва Ж.Кореяга қарши ўйинларда Ҳошимовни майдонга тушириш мумкин эди. Шуҳрат иқтидорли футболчи, унга гап йўқ. Аммо қалбан ҳужумкор футболчи учун 120 дақиқа давомида фақат ҳимояда ўйнаш — азобнинг ўзгинаси. Ишонинг, бу жуда қийин. Жисмоний жиҳатдан эмас, руҳий жиҳатдан оғир. Мен Муҳаммадиевни аслида ярим ҳимоячи деб атаган бўлардим. Ҳужумга ўтадиган, рақибни алдайдиган, шерикларига чиройли узатмалар бериш орқали ўз ўйинида завқланадиган футболчи учун 120 дақиқа фақат ҳимояланиш шунчалар оғирки, буни футбол ўйнаган одам яхши тушунади. Даврон Ҳошимов эса соф ҳимоячи. Унинг жисмоний ҳолати 120 дақиқа юқори савияда ҳимояланишга бемалол етарди. Дастлабки 2та ўйинда Шораҳмедов, кейинги 2тасида Муҳаммадиевнинг ўйнаши — бу ротация эмас. Бу пала-партишлик.

Хитойга қарши ўйинда мағлубиятдан кейин Қосимов журналистлар ва мухлисларнинг талаби билан Саудияга қарши ўйинда 5та ўзгариш қилгани — мураббийнинг “маҳорат”ига яққол далил, мен сизга айтсам. Аслида мутахассис қолганлардан бир қадам олдинда юриши керак, икки қадам орқада эмасАслида Саудияга қарши таркиб билан биз мусобақани бошлашимиз керак эди! Биз турнирни икки қадам кеч бошладик. Демак, Осиё кубогида мураббийнинг терма асосини «эски гвардия»чиларга топшириши хато танлов бўлиб чиқди.

Натижада чорак финалга бориб, биз ҳали юқори формага чиқа олмадик. Ахир ўртоқлик ўйинларида Қосимов бирор марта ҳам фақат “эски гвардиячилар”дан тузилган таркиб билан ўйнамадику! Нега энди бирданига 2та ўйинни шу таркиб билан ўтказди? Бу орқали мураббийнинг ўзи ўқув-машғулот йиғинларида ўтказилган техник-тактик машқларни ҳавога учирмоқчи бўлдими? Ёки бўлмаса, бир ярим ойлик тайёргарлик фақат жисмоний тайёргарликка қаратилдими?

Футболда битта олтин қоида бор: айни дамда қайси футболчи энг юқори формада бўлса, ўша ўйнаши керак! Хўш, мусобақанинг дастлабки турида Турсунов Рашидовдан кучли эдими? Сардор каби футболчилар ўз ихтиёрида бўлишини кўплаб мутахассислар орзу қилишади. Биз эса мана шундай “бриллиант” футболчимизни 2та ўйинда захирада сақлаб ўтирдиг-а! Яна ўша Жепаров масаласида: агар уни чап қанотда ўйнатар эканмиз, чапда Ҳасанов самаралироқ эмасмиди? Бахтимизга, барча қанот ярим ҳимоячиларимиз универсал эди. Жасур, Санжар, Сардор (уларнинг сафига Сергеевни ҳам қўшиш мумкин) ҳар иккала қанотда бемалол ўйнай олади. Шундай экан мураббий ихтиёрида ротация учун ажойиб имконият бор эди-ку! Аҳамият беринг: 1-ўйинда – Рашидов, Ҳасанов, 2-ўйинда - Рашидов, Турсунов, 3-ўйинда - Турсунов-Ҳасанов, ана боринг, чорак финалда – Рашидов, Сергеев. Қандай ажойиб имконият а! Ҳам футболчилар юқори формада бўлади, ўз вақтида дам олишга улгуради. Иккита ўйин, битта дам. Зўрку бу!

Худди шундай гапни таянч ярим ҳимоячиларига нисбатан ҳам ишлатиш мумкин: Одилнинг ҳолати ҳали идеал ҳолатда эмасми, уни жароҳатлар оз-оздан безовта қилиб турибдими, демак, ундан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш керак. Таянч ярим ҳиоячиларни ўйиндан-ўйинга қуйидаги тартибда ротация қилиш мумкин эди: Ҳайдаров-Аҳмедов, Ҳайдаров-Кападзе, Тўраев-Кападзе, Аҳмедов-Ҳайдаров...

Худди шунингдек, бош мураббий ҳужумчилардан ҳам самарали фойдалана олмагандек таассурот уйғонди. Дастлабки иккита ўйинда Сергеев, кейинги иккита ўйинда Насимов. Шодиев ўз имкониятларини кўрсата олмай қолиб кетди...

ЎЙИНЧИ АЛМАШТИРИШ
Оҳ, Қосимовнинг футболчи алмаштиришлари алоҳида мавзу. Одатда мураббийлар захирадан ўйинчи тушириб, ўйинни кучайтиришга эришса, бизнинг мураббий ФИФА томонидан белгиланган 3та алмаштиришни тўлдириб қўйиш учун қилади бу ишни. Конкрет мисолларга ўтамиз. КХДРга қарши ўйиннинг 72-дақиқасида майдонга тушган Рашидов ўйинни жонлантирди, дарвоза томон бир нечта зарбалар берди. Насимов (88-дақиқа) ва Искандаров (90+2) эса 3талик лимитни тўлдиришди.

Хитой билан ўйинга танланган таркибнинг ўзи нотўғри эди. Бизнинг мураббий шундай: дастлаб нотўғри бошланғич таркиб танлаб, сўнгра уни ўйин давомида тўғирлаб боради. Муллажонов ўйин бошиданоқ сариқ карточка олиб, кейин кетма-кет хатолар орқали “қизил” олиш хавфи остида қолганидан кейин мураббийнинг битта лимитини мажбурий равишда тўлдиришга “ҳисса” қўшди. Унинг ўрнига тушган Тўхтахўжаев эса хатоларда ундан “қолишмади”. Савол: нега Кримец туширилмади? Қолган 2та захира эса таркибнинг “хато”лари бўлган — Жепаров ва Турсунов ўрнига Ҳасанов ва Рашидов туширилди. Бу ўзгаришлар ҳеч қандай наф бермади.

Бутун мусобақа давомида мураббийимиз томонидан амалга оширилган 12та ўзгаришдан фақат биттаси фойда келтирди. Саудия билан ўйинда Воҳид Шодиев захирадан тушиб, гол урди. Ушбу ўйиннинг 87 ва 89-дақиқаларида майдонга тушган Шораҳмедов ва Турсунов 3талик лимитни шунчаки тўлдиришди (ёки вақтдан ютиш учун қилинган ўзгариш). 
Саудияга қарши ўйинда Одил Аҳмедов жароҳат олганди. Аммо мураббийимиз уни таваккал қилиб, Кореяга қарши ўйинда бошланғич таркибга киритди ва ўзининг ўйинчи алмаштириш имкониятини ўйин бошидан ҳавога учирди. Қосимов ўйин пенальтилар сериясигача етиб боришини инобатга олиб, дарвозабон Элдор Суюновни ўйин сўнгида тушириш учун сақлаб қўйганини инобатга олсак, мураббийимизда 120 дақиқалик ўйин учун биттагина ўзгартириш қилиш имконияти қолганди! Биттагина! У бечора нима қилсин энди? Вазиятлардан фойдалана олмаётган Тўраевни захирага олсинми, рақибнинг чап қанотдан тинимсиз босимига тобора дош бериши қийинлашиб бораётган Муҳаммадиевга дам берсинми, фойдали иш коэффициенти кам бўлган Турсуновнинг ўрнига бошқасини туширсинми? Боз устига, Одилнинг ўрнига майдонга тушган тажрибали Кападзе гол бўлишидан бироз аввал қўпол хатога йўл қўйиб, бутун бошли мудофаамизни саросимага тушириб қўймадими?

Мана сизга мураббийнинг ўйинчи алмаштириш ва ўйинчиларни ротация қилиш бўйича “санъати”! Агар омадимиз келиб, ярим финалга чиққанимизда, иккита сариқ карточка туфайли бизга Исмоилов ва Денисов ёрдам бера олишмасди. Бу ҳам мураббийнинг айби, бу ҳам нотўғри ротация сиёсатининг самараси.

ХУЛОСА
Аввало, футбол федерациямиз битта нарсани аниқ билиб олишлари керак. Миржалол Қосимов мана шу ва бошқа (биз кўра олмаган) хатоларга фақат ушбу мусобақада йўл қўйдими ёки мураббийимизнинг бори шуми? Ҳа, Осиё кубогида кучли саккизликка кирдик. Саудия Арабистони ва Жанубий Кореяга қарши баҳсларда яхши ўйин кўрсатилди. Бунинг учун қўлдан келган барча ҳаракатни қилган мураббийлар штаби ва футболчиларга раҳмат. Аммо кичик кутилмаган ўзгаришлар терма жамоамизни мувозанатдан чиқариб юбормоқда. Эътибор беринг: КХДР билан ўйинда биргина бурчак тўпи бизни ғалабадан маҳрум қилишига сал қолди, Хитойга қарши учрашувда Муллажоновнинг кетма-кет огоҳлантириш олиши ўйинимизга жиддий таъсир қилди, чорак финалда Аҳмедовнинг майдонни тарк этиши режаларимизни ўзгартириб юборди. Бизга эса сал нарсага мувозанатдан чиқиб кетадиган жамоа эмас, оёқда мустаҳкам тура оладиган жамоа керак.

Биз эса ЖЧ-2018 йўлланмасини мақсад қилаётган эканмиз, янада кучлироқ мутахассисга эҳтиёж сезамиз. Ахир ФИФА Осиё учун Мундиалга 4,5та йўлланма ажратган, 8та эмас!..

Олимхўжа Бўронов

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 07:23, 31.01.2015.
Ўқилди: 18776 марта.
Фикрлар: 92 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.