"Пахтакор" ва "Нафт Теҳрон" ўртасидаги ўйиндан олдин ташкил этилган матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи саволларга жавоб берди. Бош мураббий Самвел Бабаянга ҳимоячи Акбар Исматуллаев ҳамроҳлик қилди.
Самвел Бабаян: - "Эртага биз учун жуда муҳим, мавсум боши. ОЧЛ жуда нуфузли мусобақа ҳисобланади. Бу йилги мақсадимиз ҳар бир ўйинда ғалаба учун ўйнаш, чиройли футбол намойиш этиш ва мухлисларимизни хурсанд қилиш. Рақибимиз Эрон чемпионатида пешқадамлик қилмоқда. Бу кўп нарсадан далолат беради. Аммо "Нафт"ни яхшилаб ўргандик, уларнинг кучсиз жиҳатларини яхши биламиз.
Тўғри бизда ҳали мавсум бошлангани йўқ. Аммо бизда ОЧЛда ўйнаш тажрибаси бор. Бундан ташқари ўз майдонимизда ва мухлисларимиз қаршисида ўйнаймиз. Бу бизга устунлик беради.
Рақиб кучли. Аммо бизда жамоа бор, ҳар бир футболчимиз майдонда бор кучи билан ўйнайди. Биз "Нафт"ни анчадан буён ўрганиб чиқдик. Эртага Ўзбекистон чемпиони савиясида ўйнаймиз. Бироқ ҳозир бу ерда барчасини ошкор қилмоқчи эмасман".