Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Olimxo‘ja Bo‘ronov

Mundial yaqin!

Бразилияга бориш учун Уммонни «кечиб» ўтиш лозим

Баҳо:
+0; -0

Ўзбек футболида биз (одатда мухлислар) ўз олдимизга ҳамиша энг юқори мақсадларни қўямиз, аммо ҳаракатларимиз (футбол мутасаддилари ҳаракатлари) ниятга мос тушавермайди. Бунга мисоллар келтириб, эски мавзуларни қўзғаш ниятим йўқ. Ҳозирги кунда “қайноқ” бўлиб турган бошқа вазиятга эътиборингизни қаратмоқчиман.

Мираброр Усмонов ЎФФ президентлигига қайта сайланганидан кейин Ўзбекистон олимпия терма жамоаси олдига 2016 йили Рио-де-Жанейрода ўтадиган олимпия ўйинларига чиқиш вазифасини қўйди. Ҳақиқий, мардонавор вазифа бу. Мухлислар анчадан бери орзу қилаётган вазифа. Аммо, назаримда, қўйилган вазифа ва ушбу мақсад йўлида қилинаётган ҳаракатлар бир-бирига мутаносиб эмас. Бу фикрни исботлашга ҳаракат қиламан.

Биринчидан, бундай режани белгилашда 2 йилга кеч қолдик. Ўша 2012 йилнинг март ойида олимпиадага чиқиш режаси барбод бўлган заҳотиёқ Рио-2016 ҳақида ўйлай бошлаш керак эди. Дейлик, олимпия терма жамоа бош мураббийи масаласини ўша пайтдаёқ ўйлаш лозим эди. Маълумки, навбатдаги мусобақада 1993 ва ундан кейин туғилган футболчилардан иборат жамоа иштирок этади. Демак, ушбу футболчиларга шундай мутахассисни бош қилиб тайинлаш керак эдики, у мазкур жамоа билан 2012 йилги Осиё чемпионати, 2013 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этиб, бундан кейин ҳам жамоани Бразилия олимпиадасига тайёрлашда давом этсин! Худди шундай йўлни БААлик Али Маҳдий 1989 йилда туғилган футболчилар билан босиб ўтди. У 13-14 ёшли футболчиларни қабул қилиб олиб, улар билан Осиё чемпионлигини ҳам, олимпиада йўлланмасини ҳам қўлга киритди. Ҳозирда эса БАА миллий терма жамоасини жуда муваффақиятли бошқариб келмоқда. Нега биз бундай услубдан фойдаланмаслигимиз керак? Албатта, бир авлодни бирорта мутахассисга топширишдан олдин, мураббийнинг бунга муносиб эканига ишонч ҳосил қилишимиз лозим.

Иккинчидан. ОФК Олимпиада саралаш тизимига ўзгартириш киритди. Энди 22 ёшли футболчилар ўртасидаги мусобақа бир давлатда қитъа чемпионати шаклида ўтказилади. Унда кучли тўртликка кирган жамоалар олимпия ўйинларида иштирок этадилар. Ҳар икки йилда ўтказиладиган мазкур турнирнинг олимпиада пайтига тўғри келмайдигани эса шунчаки Осиё чемпионати сифатида ўтказилади. Уммонда бошланадиган илк мусобақа ҳеч қандай аҳамиятга эга эмасдек кўринади. Аммо ўз олдига Рио-де-Жанейрога боришни истаган жамоа Уммонда ҳам яхши натижа кўрсатиши шарт. Боиси, навбатдаги ОЧнинг саралашига ҳам, финал босқичига ҳам қуръа ташлашда мазкур ОЧнинг натижалари инобатга олинади. Ўзбекистон Уммондаги мусобақада гуруҳдан чиқа олмаса, кейинчалик кучли рақибларга тўқнаш келиш эҳтимоли юқори бўлиб қолади. Шунинг учун Мақсудов шогирдлари қитъа чемпионатида қандай бўлмасин ярим финалга чиқиши лозим. Шунда олимпиада саралаши ҳисобланган кейинги мусобақада биз 1-саватчада бўламиз ва бу ўзига хос қулайлик яратади.

Учинчидан. ЎФФ Уммонга йўл олаётган жамоага мураббийни 10 декабрдан кейин тайинлади. Терма жамоалар маркази раҳбари Асқар Толибжонов ўша пайтда U22нинг тайёргарлиги борасида гапирар экан, жамоа декабрь ойида йиғилмаслигини ва фақат январь ойи бошида БААда бир ҳафталик йиғин ўтказиб, тўғридан-тўғри ОЧда иштирок этишини таъкидлаганди. Очиғи, ҳадеб А.Толибжоновни танқид қилавериш ўзимга ҳам ёқмайди. Аммо, нима қилай, узоқ йиллар давомида футболнинг ичида юрган мутахассис, фан номзодининг ОЧга йўл олаётган терма жамоага муносабати шунақа бўлса, буни қандоқ тушиниш мумкин? Ахир бир ҳафтада ҳеч нарса қилиб бўлмаслигини Толибжоновнинг ўзи ҳам биладику! Ё Асқар ака ушбу мусобақани кераксиз деб ҳисоблайди, ёки кўпроқ йиғин ўтказиб, федерацияни ортиқча харажатга қўйишдан “хижолат” чекади. Ёки бошқа вариант бор: “Мирбарор Усмонов ўз ўрнини бошқа мутахассисга топширса, мен ўз ўрнимда қоламанми ёки йўқми”, деб ўйлаган-у, Ўзбекистон (U22) терма жамоаси ҳақида аввалроқдан бош қотиришни ўзига эп кўрмаган. Натижада ўлда-жўлдалик юзага келди: Ҳамдўстлик кубогида иштирок этишга ваъда бериб, қуръа ташланганидан кейин сўзини қайтиб олди.

Тўртинчидан. Шуҳрат Мақсудовнинг ушбу жамоага нима учун бош мураббий этиб тайинлангани қанчалик мавҳум бўлса, унинг бу жамоа билан қанча ишлаши шунчалик ноаниқ. Мақсудов Уммондаги мусобақада иштирок этадию, кейин бу жамоада мураббийлигини якунлайдими ёки 1993 йилдаги туғилган футболчилар кейин кейинги ОЧда ҳам ишлайдими? Ноаниқ! Ҳаммаси “йўл-йўлакай”. Аниқ ва равшан режа йўқ. Қанийди-я, бундайин йўл-йўлакай бажарилаётган ишлар билан Бразилия-2016га бора олсак.

Шуҳрат Мақсудовга (МТЖда ёрдамчи мураббий) ёрдамчилик қилаётган Алексей Евстафеев (Ўзбекистон U19 бош мураббийи), Мурод Исмоилов (“Пахтакор” бош мураббийи)нинг иккита жойда ишлаётгани масаласига яна қайта тўхтатилишни истамайман. Демак, мураббийларнинг иккита лавозимда ишлашининг биз билмаган фойдали жиҳати бўлса керакки, ЎФФ ушбу амалиётдан ҳали-бери воз кечмайдиган кўринади.

Бешинчидан, Шуҳрат Мақсудов ушбу жамоани қабул қилиб, жуда катта таваккалчиликка йўл қўйди. Боиси, ушбу мутахассис илк марта бош мураббий сифатида ўз фаолиятини бошламоқда. Агар бу жамоа билан муваффақиятсизликка учраса, бу нарса кейинги фаолиятига салбий таъсир қилади. Боиси, унга бўлган ишонч мухлисларда ҳам, мутахассисларда ҳам камайиб кетади. Терма жамоалардан кетадиган бўлса, унинг бирорта клубга жойлашиши қийин кечади. Назаримда, Уммонга борадиган жамоа билан декабрь ойининг сўнгги кунларида бир ҳафталик йиғин ташкил қилиш фикри ва талаби айнан Мақсудовдан чиққан. Таркибга назар ташласангиз жамоада ўта иқтидорли йигитлар жамланишган. Фақатгина ҳали жароҳатидан тўлиқ фориғ бўлмаган Шоҳрух Гадоев ва яқиндагина машғулот чоғида жароҳат олган Элдорбек Суюновни инобатга олмаганди, таркибни идеал деса ҳам бўлади. Жамшид Искандаров, Сардор Рашидов, Аббос Махсталиев, Игор Сергеев, Егорь Кримец, Владимир Козак, Дилшод Жўраев, Акбар Исматуллаев ва ҳоказо бир-биридан қолишмайдиган йигитлар жам бўлган жамоа билан яхши натижа эришмаслик мураббий учун уят ҳисобланади. Яхши футболчилардан жамланмасини яхши жамоага айлантира олиш эса мураббийнинг маҳоратига боғлиқ, боз устига, қисқа вақт ичида.

Олтинчидан, Риога боришни жуда ҳам истар эканмиз, U22 ОЧ-2015ни Ўзбекистонда ўтказиш масаласини ўйлаб кўришимиз лозим. Бунинг учун барча шароит бор. Ўйинларнинг барчасини Тошкентда ўтказиш мумкин. Меҳмонхоналар борасида муаммо йўқ. Тўртта гуруҳ ўйинлари учун 4та стадион — “Бунёдкор”, “Пахтакор”, “Жар”, “Локомотив” стадионлари тап-тайёр. Назаримда, машғулот майдонларида борасида ҳам муаммо йўқ. Ҳар ҳолда Тошкент 2 марта ўсмирлар ўртасидаги ОЧга мезбонлик қилди-ку! Аввало ёзда бўладиган (июнь ойида) қитъа чемпионати йўлланмасини ҳал қилиш керагу, ЎФФ ҳозирдан 2015 йилги мусобақа мезбонлиги учун аризани ОФКга тақдим этиши лозим.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлашни истардим, Уммондаги мусобақада яхши иштирок этишимиз икки ҳолат учун муҳим. Юқори таъкидлаб ўтганимдек, ОЧ-2015да юқорироқ саватчадан ўрин олиш учун бўлса, иккинчиси – бош мураббий Шуҳрат Мақсудовнинг ўзи учун муҳим. Шунинг учун ҳам мураббий таркибга 1991-92-йилларда туғилган футболчиларни ҳам жалб қилди. Бу борада Мақсудовнинг қарорини оқлайман.

Бу жамоанинг “Пахтакор” билан ўйинини кўрдим. Футболчилар индивидуал жиҳатдан яхши. Аммо ҳали жамоа сифатида шаклланиб улгуришмаган. Ҳали бир-бирларини яхши тушуниб улгуришмаган. БААда йиғиндан кейин жамоа қандай ҳолатга келишини мен  билмайман. Лекин қитъа чемпионатида терма жамоа ижросида ёрқин ва сермазмун ўйин кутмаяпман. Агар Мақсудов Уммонда яхши натижага эришишни истаса, фақат натижа учун ўйнаши мумкин. Бунда асосий эътибор ҳимояга қаратилади, қарши ҳужум пайтида эса ҳужумчиларимизнинг ўз вақтида очилиши ва Искандаровнинг чиройли узатмалари кўп нарсани ҳал қилиб қўяди. Мураббийга ақл ўргатиш ниятим йўқ, аммо мен жамоани бўлажак мусобақада мана шундай тасаввур қиляпман.

2014 йилда Ўзбекистонннинг 3та терма жамоаси (U16 – Темур Олимхўжаев, U19 – Алексей Евстафеев, U22 – Шуҳрат Мақсудов) қитъа чемпионатларида иштирок этишади. Терма жамоаларимиз учун бошқа йирик мусобақа йўқ. Мақсудов жамоаси эса йилни ажойиб натижалар билан бошлаб беришини ва мухлисларга қувонч улашиши истардим.

Киритилган сана: 30.12.2013 16:22. Ўкилди: 5913 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.