Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Olimxo‘ja Bo‘ronov

Mundial yaqin!

Фазони қучган қайсар қиз

Баҳо:
+1; -0

Бугун, 7 февраль куни Россиянинг Сочи шаҳрида навбатдаги қишки олимпиада ўйинлари бошланади. Шубҳасиз, мазкур йирик мусобақа қишки спорт ўйинларини севиб томоша қилувчи мухлислар учун катта байрамдир. Ўзбекистон мустақил делегация сифатида қишки олимпия ўйинларида 6 маротаба иштирок этади. Ватанимиз бундай нуфузли анжуманда илк марта 1994 йил Лиллехаммер олимпиадасида иштирок этиб, битта олтин медални қўлга киритишга муваффақ бўлганди. Ҳозирга қадар қишки олимпиада ўйинларидаги ягона медалимиз бўлиб турган мазкур “олтин” фристайлчимиз Лина Черязовага тегишли. Сочи олимпиадаси баҳонасида олимпиада чемпиони — Лина Черязова ҳақида ҳикоя қиламиз.

“Бир кам дунё”, дейди доно халқимиз. Ҳақиқатдан ҳам шундай. Ҳеч бир инсон бутун ҳаёти давомида ўзи орзу қилган барча мақсадига эриша олмайди. Нимагадир эришса, яна бир нарсасидан ажралади. Бугунги қаҳрамонимиз ҳам бундан мустасно эмас. Лина Черязова анча-мунча инсон орзу қиладиган обрў-эътиборга эришган бўлса-да, тақдир уни турли синовлардан ҳам бенасиб қолдирмаган. Шунга қарамай, у ҳар сафар кучли ирода соҳибаси эканлигини намойиш қилиб, доимо ҳаётга ишонч назари билан қаради. Унинг меҳнатларини, интилишларини яратган натижасиз қолдирмади. У ҳар қандай спортчи эришишни орзу қилган — олимпиада чемпиони унвонини спортнинг энг қийин тури — акробатик фристайлда қўлга киритди.

Гимнастика, акробатикадан фристайлга
Лина Черязова 1968 йил 1 ноябрда Тошкент шаҳрида туғилди. Унинг ота-онаси — Анатолий ва Светлана Черязовалар 1966 йилги Тошкент зилзиласидан сўнг, Новосибирск шаҳридан кўплаб бошқа кўнгилли ишчилар каби юртимизга келиб қолишган. Черязовалар хонадонида дунёга келган қизалоқнинг шўх ва қувноқ эканлигини унинг кўзига бир марта қараган инсонга дарҳол маълум бўларди. Қизидаги шижоатни кўрган отаси 7 ёшли Линани гимнастика мактабига беради. Унинг илк мураббийи Тамара Ерофеева бўлади. Кейинчалик Лина устозининг тавсиясига биноан “Пахтакор” болалар ва ўсмирлар спорт мактабида спорт акробатикаси билан шуғуллана бошлайди. У бу ерда спорт устаси талабини тезда бажаради ва республика, умумиттифоқ мусобақаларида, ўқувчи ёшларнинг спартакиадасида иштирок этиб, қатор ютуқларни қўлга киритади. Кунларнинг бирида эса уларнинг машғулот жараёнига фристайл бўйича мураббий Дмитрий Кавунов ташриф буюради. Мураббий Линанинг кўзларидаги дадилликни кўрган заҳоти уни янги спорт тури билан шуғулланишга таклиф қилади.

— Менинг қўлостимда шуғулланасамни? — дея сўрайди Кавунов Линадан.
— Билмадим, — дейди Лина.
— Мен билан юр, машғулот жараёнини кузатасан. Агар ёқмаса, ортингга қайтиб кетаверасан.
— Мен чанғида сакраш у ёқда турсин, унинг устида тура олмайман-ку...
— Лина, тоғ чанғиси билан ҳаттоки ёш болалар ҳам шуғулланишмоқда. Сен эса 5 йилдан буён спорт гимнастикаси, 6 йилдан буён акробатика билан шуғулланиб келмоқдасан. Бундай тажриба орқали сен ҳаммасини тезда ўзлаштириб оласан.

Лина мураббий Кавунов билан тоғ чанғиси базасига боради ва 1986 йилдан бошлаб фристайл билан шуғулланишни бошлайди. Узоқ кечган қийин машғулотлардан сўнг, орадан 2 йил ўтиб, Лина илк ютуқларни қўлга кирита бошлайди. У 1989 йилда ташкил этилган 1-ёшлар спорт ўйинларида ғолибликни қўлга киритади ва бу ютуқ туфайли унга спорт устаси унвони берилади. Шундан сўнг у яна икки марта собиқ иттифоқ чемпиони бўлади.

Дастлабки олимпиада
Лина 1992 йил Албервилья шаҳрида ўтказилган қишки олимпиада ўйинларида МДҲ делегацияси сафида иштирок этади. Ўша йили фристайл олимпиада спорт дастурига киритилмаган бўлса-да, фристайлчилар кўргазмали дастур орқали мазкур олимпиада иштирок этишганди. Ўшанда Лина намойиш қилган 3 мартали сальто машқини унинг рақибларидан ҳеч бири такрорламаган эди. Унинг дастури энг мураккаб дастур эди. Одатда бу машқни эркаклар амалга оширишарди. Демак, аёллар ўртасида бу дастурнинг дастлабки ижроси айнан Лина Черязова ҳисобланади.

— Лиллехаммер олимпиадасига бир йил қолганида мен жаҳон кубоги босқичларида пешқадамлик қилиб келдим. Мен ижро этадиган машқ энг мураккаб дастур эди ва шунинг учун мен Норвегияга фақат ва фақат олтин медаллар учун боришим кераклигини билардим, — дейди Лина.

Кутилмаган жароҳат
Бахтга қарши у АҚШнинг Лейк-Плэсида шаҳрида ўтаётган жаҳон кубоги босқичларидан бирининг машғулотларида тиззасидан жароҳат олади. Врачлар унинг оёғига шина боғлаб, оёғини жарроҳлик операцияси қилиш кераклиги ҳақида гапира бошлашади. Бу — алвидо олимпиада, дегани эди! Лина олимпиада ўйинлари олдидан ўтказилаётган сўнгги жаҳон кубогида ғолиб чиқиб, олимпиада ғолиблигига асосий даъвогар эканлигини исботлашни жудаям истаётганди. Шунда у ақл бовар қилмас ишни амалга оширади. Жароҳатланган тиззасига қўйилган шинани олиб ташлаб, жароҳатнинг устига оғриқ қолдирувчи дорини суради ва трамплиндан сакрашга боради. Натижада жаҳон кубоги ғолибига айланади!

Шундан сўнг у Лейк-Плэсидада қолиб, жароҳатини даъволаш билан бирга олимпиадагача ўз формасини йўқотиб қўймаслик учун машғулотларни давом эттиради. Машғулотларнинг бирида яна ноқулай йиқилаш ва яна жароҳат... Ана энди жарроҳлик столига ётмаса бўлмайдиган эди, гўё... Йўқ! Асло! Норвегияга, Лиллехаммерга бориш керак! Лина Лиллехаммерга жароҳатланган оёғи билан ташриф буюрди. Шифокорлар унга сакрашни тақиқлаб қўйишгани қарамай, ўз билганидан қолмади. У Лиллехаммардан қуруқ қўл билан қайтишни истамасди.

Илоҳий туш
— Мен бир нарсага тушунмагандим, бу тушмиди ёки илоҳий башоратмиди, билмадим. Лекин бу нарса ҳамон ёдимда. Мусобақалар бошланишидан бир кун аввал туш кўрибман. Тушимда ажойиб мусиқа садолари, минглаб мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари остида олимпиаданинг энг юксак чўққисига кўтарилибман. Халқаро олимпия қўмитаси президенти Хуан Антонио Самаранч менинг ёнимга табассум билан келди ва мени ғалаба билан табриклаб, бўйнимга олтин медални тақиб қўйди... Ушбу тушни кўрган кунимнинг эртасига мусобақаларга киришдик ва жароҳатим панд бериб, ерга қўниш пайтида хатога йўл қўйдим ва ҳакамлар менга паст балл қўйишди. Мен қўрқиб кетдим. Наҳотки финал босқичига чиқа олмасам, наҳотки кўрган тушим рўёбга чиқмаса? — дея хотирлайди Лина Черязова.

Саралашдаги омад
Саралаш босқичида ҳар бир спортчига икки мартадан сакраш имконияти берилади. Дастлабки сакрашдан сўнг, у бор-йўғи 16-ўринни эгаллаб турганди. Финал босқичи йўлланмасини эса 12 спортчи қўлга киритарди. Иккинчи уринишда эса нисбатан яхши натижа кўрсатади ва саралаш босқичининг умумий якунларига кўра, 12-ўринга кўтарилиб олади ҳамда финал босқичига энг сўнгги иштирокчи сифатида қўшилади...

Финал
Регламентга кўра, саралаш босқичида 12-ўринни эгаллаган спортчи финал босқичида машқни биринчи бўлиб бошлаб, қолган барча спортчиларнинг натижасини кутишга мажбур эди. Черязова дастлабки уринишда анчадан бери ўзи тайёрлаб келаётган мураккаб дастур — ҳавода 3тали сальтони ижро этди. Аммо... аммо ерга қўниш пайтида чанғилари олдинги сирпаниб кетди ва кураклари билан чалқанча ётганча сирпаниб бордию, кейин ўрнидан туриб кетди. Аввалига ҳаводаги мураккаб дастурни амалга оширганидан хурсанд бўлиб қўлини баландга кўтарган Черязова кейин эса йиқилиб тушганини (бу спортда қўпол хато ҳисобланади) ҳис қилиб, бошини чангаллади. Наҳотки, шунча йиллик меҳнат ҳавога учган бўлса, дея фикр ўтган бўлса ажабмас унинг хаёлидан. Аммо у умидини узмади. Бошқа рақибларнинг чиқишларини ва ҳакамларнинг уларга қўйган балларини кутди.

Финал босқичидаги илк сакрашда у 100 баллик тизимдан 92,92 балл тўплаб, барчадан олдинги ўтиб олди. Унинг иккинчи уриниши эса унчалик муваффақиятли чиқмади. Ҳакамлар томонидан қўйилган баҳо 73,92 баллни ташкил қилди. Якуний натижалар эълон қилинди. Икки уринишда 166,84 балл тўплаган ҳамюртимиз барчадан ўзиб кетди!

Тушида кўрган ҳолат амалга ошди. Бу сафар ўнгида, реал воқеликда! Худди у тушида кўрганидек, унга олтин медални Халқаро олимпия қўмитаси президенти Хуан Антонио Самаранчнинг шахсан ўзи тақдим қилди. Ўшанда Самаранч фақатгина олимпиада янги киритилган фристайл ғолибларигагина медалларни шахсан ўзи топширганди.

— Тақдирлаш маросимидан сўнг, меҳмонхонага қайтиб келдик, — хотирлашда давом этади Лина. — Қувончимнинг чеки йўқ эди. Жисман ва руҳан жуда чарчагандим, тиззамдаги оғриқни гапирмасам ҳам бўлади. Шунда менга отамдан келган хатни қўлимга тутқазишади. Хатда онамнинг оламдан ўтган ҳақида ёзилган эди...

Маълум бўлишича, олимпиада ўйинлари бошланишига 2 ҳафта қолганида Линанинг онаси Светлана Черязова бандаликни бажо келтирган эди. Лекин унга бу хабарни айтишга ҳеч бир инсоннинг юраги дов бермайди. Шундай шижоатли аёлнинг синиб қолишини ҳеч ким истамаган эди... У интилувчанлиги, меҳнаткашлиги эвазига олимпиада чемпионлиги билан сийланди. Онасидан айрилиқ ҳам ана шу кунларга ёзилган экан...

Яна жароҳат ва яна олимпиада
Чемпионликни қўлга киритган Черязова ўзининг севимли спорт тури билан шуғулланишда давом этади. Америка қўшма штатларида олиб бораётган машғулот чоғида — трамлиндан бассейнга сакраш пайтида умуртқа поғонасидан оғир жароҳат олиб, ҳушидан кетади. У 21 кун давомида беҳуш ётади. Врачларнинг саъй-ҳаракатлари ва яратганнинг инояти билан у ўзига келади. Кейинчалик бир ярим йил давомида у соғлиғини тиклаш билан банд бўлади. Шунга қарамай, у яна катта спортга қайтади ва Япониянинг Нагано шаҳрида ўтказилган навбатдаги олимпиадада ҳам иштирок этишга муваффақ бўлади. Бироқ бу сафар унинг омади чопмайди.

Мен аввалги маҳоратимга қайта олмадим. Қандайдир танам бошқадек туюларди ўзимга. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги менинг олимпиада иштирок этишимни тақиқлаб қўйди. Мен эса Наганога боришни хоҳладим. Ўша пайтдаги Ўзбекистон олимпия қўмитаси раиси Собир Рўзиев мени тушунганди ва менга танлаш имконияти берганди. Мен эса олимпиадани танлагандим. Назаримда, Нагано олимпиадасида ҳакамлар менинг соғлиғимдан хавотир олгандек, атайлаб паст балл қўйишди. Саралаш босқичида 13-ўринни эгаллагандим. Финал йўлланмасини қўлга киритишимга озгина балл етмай қолганди. Агар финалга чиқа олганимда, Лиллехаммерда ижро этган дастуримни бу ерда ҳам такрорламоқчи эдим, — дейди қарамонимиз.

Мураббий ва масъул Черязова
Шундан сўнг у профессионал спортчилик фаолиятини якунлашга қарор қилади. Спорт билан профессионал равишда шуғулланишни тўхтатган бўлсада, у ўзининг жонажон спорт турини ривожлантиришга бел боғлайди. Тошкентдан 80 чақирим узоқликда жойлашган Билдирсой масканида халқаро стандартларга мос келадиган тоғ чанғиси базасини яратилишида бош-қош бўлади. Шогирдлар тайёрлайди. Ўша пайтда юртимизда бу қурилишларга ҳомийлик қилган Ўзбекистон миллий банкининг спорт қурилиши бўйича раис ўринбосари сифатида у Россия миллий олимпия қўмитаси раҳбарлари билан музокаралар ўтказиш мақсадида Москвага боради. Музокаралар чоғида у россиялик фристайлчиларни ўзбекистонда яратилган ажойиб базада шуғулланишга таклиф қилади. Унинг бу ташаббуси юртимиз ҳукумати ва Россия спорти раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланади.

“Фазогир”
Ҳозирги кунда Лина Черязова ота-онаси туғилиб ўсган Новосибирск шаҳрида истиқомат қилмоқда. У ўша ердаги меҳрибонлик уйидан бир қизалоқни ўзига фарзанд қилиб олди. Авваллари спорт, фристайл ҳаётининг мазмунига айланган бўлса, энди у қизалоғи Алинага бор меҳрини, муҳаббатини беради. Дарвоқе, Лина Сочи-2014 машъаласини Новосибирск шаҳри кўчалари бўйлаб олиб ўтишда иштирок этганини таъкидлаб ўтиш лозим.

Ҳар сафарги жароҳат Лина Черязовани янада кучли ва иродали спортчига айлантириб борди. У асло ортга чекиниш ҳақида ўйламади. У қиз бола бўлишига қарамай, ўша пайтда ҳар бир болакай орзу қилган касб — космонавт бўлишни ният қиларди. Гарчи космонавт бўлиб етишмаган бўлсада, у барибир учди, фазони қучди, юксак чўққиларни забт этди. Забт этганда ҳам аёллар орасида акробатик фристайл бўйича биринчи бўлиб олимпиада олтин медалини қўлга киритди.

Лина Черязова ҳукуматимиз томонидан “Меҳнат шуҳрати” ва “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвонлари билан тақдирланган. Маълумотларга қараганда, унинг олтин медали ҳозирги кунда Россия спорт музейида сақланмоқда. Бу медаль эса кўпроқ Тошкентдаги “Олимпия шон-шуҳрати” музейи фахрли қисмидан ўрин эгаллашга муносиб, назаримизда.

Олимхўжа БЎРОНОВ

ЛИНА ЧЕРЯЗОВА
1968 йил 1 ноябрда Тошкент шаҳрида туғилган.
— “Меҳнат шуҳрати” ва “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвонлари соҳибаси
— Олимпиада чемпиони (1994)
— Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи, халқаро тофидаги спорт устаси.
— Европа чемпионати бронза медали соҳиби (1990)
— Жаҳон чемпиони (1993)
— турли халқаро мусобақаларнинг кўп карра чемпиони, жаҳон кубоги босқичи гран-приси соҳибаси (1993, 1994)
— Халқаро олимпия қўмитаси стипендияси соҳибаси.

 

 

 Мана ўша "олтин парвоз"!

Киритилган сана: 07.02.2014 16:33. Ўкилди: 6689 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:12. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:12. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 03:02. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 03:02. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 02:58. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 02:58. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 23.07.2024 14:48. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 23.07.2024 14:48. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


LASSETTIUZB
Сана: 22.02.2014 23:30. LASSETTIUZBга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


ABDUVOHID
Сана: 10.02.2014 14:38. ABDUVOHIDга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


SHASSIY
Сана: 07.02.2014 19:22. SHASSIYга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.