Kun.uz: “Манчестер Юнайтед”нинг собиқ футболчиси инглиз жамоалари ЕЧЛнинг плей-офф босқичида иккинчи даражали жамоаларга айланиб қолишганини қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, жорий мавсумда инглиз жамоалари 1993 йилдан бери илк марта еврокубокларнинг чорак финалига ўта олмади.
“Охирги ҳафтада Англия жамоалари ЕЧЛда иккинчи даражали жамоалар сифатида кўринишди. Агар “Реал”, “Барселона” ва “Бавария” жамоалари АПЛда қатнашадиган бўлишса, бу жамоалар турнир жадвалида бошқа жамоалардан катта фарқ билан олдинга ўтиб кетишади. Ҳаттоки, “ПСЖ” ва “Ювентус” ҳам бундай жадвалнинг кучли бешлигида бизнинг жамоалардан юқорида туради”, деб ёзади Скоулз The Independent нашридаги колонкасида.
“Жамоаларимизни яхши тушунаман. Ички чемпионатда ҳам қаттиқ кураш кетади ва футболчилар чарчашади. Лекин “МЮ” 1999 ва 2008 йилларда ҳам ички чемпионатда, ҳам халқаро майдонда ютуқларга эриша олган эди”, – дейди Пол Скоулз.
У “Манчестер Сити” жамоасининг ЕЧЛдаги иштироки ҳақида тўхталади ва “Барселона” билан нимчорак босқичда ўтказилган ўйинда дарвозабоннинг қаҳрамонликларини қайд этади.
“Агар Жо Харт бўлмаганида эди, “шаҳарликлар” жуда йирик ҳисобда мағлуб бўлиб қайтишарди. У ҳар бир сейвни амалга оширгач, унга миннатдорчилик билдираётган ҳимоячи жамоадошларининг табригини аламли кулгу билан қабул қилди. Ҳимоячилар нега уни табриклашди? Шармандали 0:5 ҳисобидан сақлагани учунми? Одатда ғалаба билан табрикланади”, деб фикрларини тугатади Скоулз.