Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Бобур Йўлдошев: «Гуруҳдан чиқишга ишонмаганимизда бу ерга келмасдик»

Баҳо:
+ | -

Ўтган куни Ўзбекистон олимпия (U-23) терма жамоаси Осиё чемпионати саралаш босқичидаги иштирокини бошлади. 27-31 март кунлари Бангладеш пойтахти Дакка шаҳрида бўлиб ўтадиган саралаш баҳслари бир вақтнинг ўзида 2016 йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган ёзги Олимпиада ўйинларига ҳам саралаш вазифасини ўтаб беради. Бахтиёр Ашурматов жамоаси мазкур саралаш баҳсларида Сурия, Ҳиндистон ҳамда мезбон Бангладеш терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради. Даккага келиш олдидан олимпиячиларимиз Вьетнам терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушишди ва бу ўйинда ҳисоб очилмади. Бангладешга эртароқ келган терма жамоамиз футболчилари маҳаллий иқлимга мослашиш билан бирга тайёргарликни ҳам маромига етказишди. Биз саралаш баҳслари бошланиши арафасида терма жамоамизнинг етакчи ҳимоячиси Бобур Йўлдошевдан интервью олдик.

- Бобур, тайёргарликлар қандай бўляпти?

- Ҳаммаси жойида. Дакка шаҳри марказидаги Fars деб номланган меҳмонхонага жойлашганмиз. Машғулот майдончамиз ҳам унчалик узоқда эмас.

- Лекин ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган суратларда машғулот майдонининг ачинарли даражада эканлигини кўриш мумкин. Бу ҳақда қандай фикрдасиз?

- Ҳақиқатданам майдоннинг ҳолати яхши эмас. Лекин машғулот ўтказса бўлади (кулади).

- Боз устига сунъий майдонда шуғулланибсизларми?

- Машғулотнинг дастлабки куни сунъий майдонда шуғулландик. Кейинги икки кун табиий майдон билан таъминлашди. Бугун (суҳбат 24 март куни уюштирилган, - муал.) эса гуруҳ ўйинлари ўтказилувчи марказий майдонда машғулот ўтказдик.

- Учрашув ўтказилувчи майдоннинг ҳолати яхшими?

- Нисбатан яхши. Бизнинг биринчи лига жамоаларининг майдонига ўхшайди.

- Даккада об-ҳаво қандай? Иқлимга мослашиш жараёни яхши ўтяптими?

- Вьетнамдаги ҳаводан кўра яхшироқ. Вьетнамда намгарчилик жуда юқори, ўта дим ҳаво эди. Бу ерда ҳам иссиқ ҳаво ҳукмрон, лекин у даражада эмас. Иқлимга мослашиб олдик ҳисоб.

- Сурия билан Ҳиндистон терма жамоалари ҳам сизлар турган меҳмонхонага жойлашишганми?

- Йўқ. Менимча, бу жамоалар ҳали Даккага етиб келишмади. Лекин Бангладеш термаси машғулотларга зўр берган.

- Йигитларнинг кайфиятлари қандай? Гуруҳдан чиқишга ишоняпсизларми?

- Кайфиятлар аъло даражада. Ўйлайманки, гуруҳ баҳслари якунланганидан кейин ҳам шундай кайфият сақланиб қолади. Албатта, мақсадимиз ҳам гуруҳ ғолиби сифатида Осиё чемпионатининг финал босқичига йўлланма олиш. Агар гуруҳдан чиқишимизга ишонмаганимизда, бу ерга келмаган бўлардик.

- Нима деб ўйлайсиз, асосий рақиб Суриями ёки Ҳиндистон?

- Биз учун Бангладеш ҳам асосий рақиб ҳисобланади. Тўғри, ташқаридан қараганда биз гуруҳда фаворитмиз. Лекин бу билан хотиржамликка берилмаслигимиз керак. Кичик хато ҳам катта кўнгилсизликларга олиб келиши мумкин. Шу боис, учала ўйинга ҳам худди финал учрашувига чиққандек тайёргарлик кўрамиз ва шу руҳиятда эътибор қаратамиз. Асосий рақибнинг қайси жамоа эканлигини эса вақт кўрсатади.

- Бангладешда футболга эътибор қандай экан? Олий лига ўйинларини кўрмадингларми?

- Билишимча, футболга бўлган қизиқиш унчалик эмас. Буни майдонларнинг ҳолатидан ҳам билиб олса бўлади. Футболга эътибор майдондан бошланади. Лекин ишқибозларнинг стадионларга ташрифи чакки эмас экан. Бангладеш терма жамоасининг гуруҳ ўйинларига кўп томошабин келса керак.

- Дарвоқе, Вьетнам билан ўйин ҳақида. Ўша учрашувда ғалаба қозонишинглар мумкинмиди? Ёки дуранг ўйинга хос ҳисоб бўлдими?

- Ҳа, учрашувни ғалаба билан якунлашимиз мумкин эди. Лекин ҳамиша ҳам ўйлаган нарсангиз бўлавермас экан.

- Бунга нима халал берди?

- Энди бу ўйин. Ҳеч нарса халал бергани йўқ. Тўп дарвозага кирмаса қийин экан. Тўп думалоқ, майдон эса текис. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкинлиги ўз исботини топди.

- Шарқий Осиё, хусусан Вьетнамнинг футбол салоҳияти ўсганми ёки бизга шундай туюляптими?

- Ўзимиз ҳам ғалаба қозона олмаганимиздан ҳайратдамиз. Бир томондан ушбу учрашув орқали мураббийлар таркибни кўздан кечириб олишди. Бу жиҳатдан Вьетнам билан ўтказилган учрашув биз учун фойдали бўлди, дейиш мумкин. Энг асосийси, Осиё чемпионатининг саралаш баҳсларини муваффақиятли якунлаб олишимиз керак. Қитъа чемпионатининг финал босқичига чиқиб олсак, хатолар устида ишлашга ва уларни тўғрилашга вақтимиз бўлади. Олдимизда турган энг олий мақсад - Рио Олимпиадасига йўлланма олишдир. Ўйлашимча, бугунга келиб шаклланган таркиб билан бу вазифани уддаласа бўлади. Шу пайтгача давом этиб келаётган нохуш анъанага чек қўйишимиз шарт.

Киритилди: 11:31, 29.03.2015.
Ўқилди: 5874 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.