“Насаф” - “Қўқон-1912″ учрашувидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев иштирок этди.
– Ўйинни ҳам, тўпни ҳам яхши назорат қилдик. Бугунги ўйинда кўплаб ёш футболчиларга имконият бердик.
— Ёшлар лигамиздаги жамоанинг натижалари қониқарсиз. Ҳеч бўлмаганда уй ўйинларда ғалаба қозонишса… Шу борада фикрингиз?
– Биз ёшлар жамоамиз билан жиддий шуғулланамиз. Кетма-кет мағлубият ҳам футболчиларни синдириб қўйиши мумкин.
— “Насаф” жамоаси вилоятнинг бош жамоаси. “Машъал”даги иккита кўзга кўринган футболчи пойтахт жамоаларига ўтиб кетди. Зоҳир Қўзибоев “Насаф” тарбияланувчиси бўлсада бугун “Машъал” юлдузига айланмоқда. У ҳам пойтахт жамоасига ўтиб кетмасидан воҳамизда қолиши учун жамоага таклиф қилсак…
– Вилоятимиз жамоалари билан доим ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Лекин ҳар бир жамоанинг ўз йўли бор. Айнан вилоятимиз жамоалари “Насаф”га қарши бор кучи билан ҳаракатланишади.
— Биз қўқонлик мухлислар ҳам ОЧЛда “Насаф”га омад тилаймиз. Қўқон-1912 жамоаси ҳақидаги фикрларингиз?
— Қўқондаги мухлислар футболни севишади. Ўзим ўйнаган даврларда ҳам Қўқондаги стадионда мухлислар тўлиб тошарди. Январда Қўқон билан назорат учрашуви ўтказгандик. Жамоанинг келажаги бор. Шундай ўйнашда давом этишса етакчи жамоаларга етарлича қаршилик кўрсатишади.
— Биринчи бўлим якунигача дуранг қайд этилса, Геворкянни майдонга туширармидингиз?
— Таваккал қилолмасдим. Кеча у машғулотларга қўшилди.
— Коблашнинг ўйинига баҳоингиз?
– У биринчи бўлимда гол уриши керак эди. Ҳаракат қилиб гол урди. Жамоа ўйинига киришиб кетишга ҳаракат қиляпти. Бугун кўпроқ гол уриши мумкин эди.
— ОЧЛда ҳимоявий ўйин намойиш этасизми ёки бугунгидек очиқ ўйин кўрамизми?
– Очиқ ўйинда рақиб футболчилари жазолаши мумкин. Чиройли ўйнаб ютқазсак, мухлислар буни тушунишмайди. Биз ғалаба учун курашамиз. Ўша куни мухлисларнинг қўллаши ҳам жуда керак бўлади. Жамоага ёрдам беришингизни сўраб қоламан.