Ҳамюртимиз Асрор Ғофуровнинг Туркия чемпионатида тўп сураётгани ҳақида хабар берган эдик. Имкон борича, чет мамлакатларда фаолият олиб бораётган ҳамюртларимиз ҳақида маълумот бериб боришга ҳаракат қиляпмиз. Бундан яхши хабардорсиз, албатта. Шу жумладан, “Пахтакор” жамоаси тарбияланувчиси саналадиган 20 ёшли Асрорнинг Туркия биринчи лигасида иштирок этувчи “Манисаспор” жамоаси таркибидаги фаолиятини ҳам ёритиб бормоқдамиз.
Дастлаб “Маниса”нинг ўйинларида тез-тез майдонга туширилган Асрор сўнгги пайтларда негадир жамоасининг асосий таркибида камнамо бўлиб қолди. Бунинг сабабини билиш мақсадида иқтидорли ярим ҳимоячи билан боғландик ва у SPORTS.uzга қуйидагиларни сўзлаб берди:
— Салом, Асрор. Индинга жамоангиз “Ордуспор” меҳмони бўлади. Мазкур учрашувга тайёргарлик қандай бўлди?
— Бу учрашувга яхши тайёргарлик олиб бордик. Мураббийларимиз имкон борича бизни олдинда турган учрашувга яхши тайёрлашга ҳаракат қилишди. 26-тур доирасидан ўрин олган ушбу баҳсда ғалаба қозонишни мақсад қилганмиз.
— “Ордуспор”ни бир амаллаб ютса бўлади, лекин олдинда сизларни бунданда жиддий рақибга қарши кечадиган масъулиятли учрашув кутиб турибди.
— Ҳа, тўғри айтасиз. 8-апрел куни “Галатасарой”га қарши ўйнаймиз. Туркия кубоги 1/4 финал жавоб учрашувида бизга жуда кучли жамоа рақиблик қилади. Буни ҳаммамиз яхши тушуниб турибмиз. Лекин ҳар қандай жамоага қарши ўйнаш мумкин. Қолаверса, биз ўз уйимизда ўйнаймиз. Мазкур учрашувда мазмунли ўйин кўрсатиб, мухлисларимизни хурсанд қилмоқчимиз.
— Лекин негадир ўзингиз сўнгги пайтларда асосий таркибда камнамо бўлиб қолдингиз.
— Ҳа, шундай. Мураббийларимиз ҳозирги аҳволимизга қараб шундай йўл тутишмоқда. Турнир жадвалида 16-ўринга тушиб кетдик. Жамоа олдига олдинда турган барча учрашувларда максимал очколарни қўлга киритиш вазифаси қўйилмоқда. Шу сабабли устозларимиз натижани ўйлаган ҳолда асосан тажрибали футболчиларга ўйнаш имконини беришмоқда. Аммо улар мен каби ёшларни ҳам унутиб қўйишаётгани йўқ. Биз доимо уларнинг кузатуви остидамиз.
— Асрор, “Манисаспор” олдига раҳбарият қандай вазифаларни қўймоқда? Клубнинг келажак режалари қандай?
— Биласизми, биз ҳозир турнир жадвалида анча қуйига шўнғиган бўлсакда, жамоадаги муҳит, инфратузилма жуда яхши даражада. Бу мавсум асосий мақсадимиз 1-лигадан тушиб кетмаслик. Лекин келаси мавсумда албатта энг юқори дивизионга чиқишни кўзлаганмиз. Бунга барча шароитлар мавжуд. “Манисаспор” катта ўтмишга ва ҳозирда ҳам жуда улкан салоҳиятга эга жамоадир. Клубимиз турк футболига жуда катта истеъдодларни тақдим этиб келади. Улар орасида энг машҳури “Атлетико” аъзоси Арда Турандир. Турандан бошқа ҳам бир қатор машҳур номларни санаб ўтса бўлади. Қолаверса, ҳозирда ҳам жамоамиз сафида истеъдодли футболчилар жуда кўп. Яқин орада ўша истеъдодлар ўз мевасини бера бошласа ажаб эмас…
— Яхши. Асрор, Туркияда тўп сурмоқдасиз. Ўзбекистон чемпионатини ҳам кузатиб бориш имкони бўляптими?
— Ҳа. Имкон борича миллий чемпионатимизни ҳам кузатиб боришга ҳаракат қиляпман. Янги мавсум бошланганидан хабардорман. Янги 2015-йилги мавсум олий лига анчагина муросасиз курашларга бой бўлишига аминман.
— Самимий суҳбатингиз учун ташаккур, Асрор! Фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман.
— Сизга ҳам раҳмат!
Зоҳирбек Акрамхонов суҳбатлашди, sports.uz