Европада ёзги трансфер ойнаси очилишига тобора оз фурсат қолмоқда. Трансфер палласи яқинлашгани сари турли жамоалардан турли ўйинчиларга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. Хўш, трансфер бозорида қайси футболчига талаб юқори? Қайси футболчилар жамоаларини алмаштиришга яқин туришипти? Ушбу мақоламизда шу хусусида фикр юритамиз.
Поль Погба
Франциялик юксак иқтидор эгасига кундан-кунга талаб ва таклифлар кўпайиб бормоқда. Сўнгги олинган маълумотларга кўра, Испаниянинг икки гранди “Барселона” ва “Реал” футболчи учун 70 млн тўлашга рози. Испания грандларидан ташқари франциялик учун Германиянинг “Бавария” ҳамда Франциянинг ПСЖ клублари ҳам жиддий қизиқишмоқда.
Пауло Дибала
“Палермо” нинг аргентиналик футболчиси учун талаб Погбадан кам бўлаётгани йўқ. Аргентинада муҳлислар томонидан “бўлажак Месси” дея эътироф этилаётган ўйинчи учун “Ювентус”, “Арсенал” ҳамда “Ливерпуль” жамоаларидан жиддий таклифлар бўлмоқда. Паулонинг ушбу мавсум якунланиши билан жамоани тарк этиши деярли аниқ.
Раҳим Стерлинг
Ушбу футболчининг иқтидорига ортиқча таъриф бериш шарт эмас. Стерлинг ушбу мавсумда “Қизиллар”нинг алмаштириб бўлмас ўйинчиларидан бирига айланиб олди.Унинг бу йилги статистикасига ҳам унча мунча АПЛ футболчилари ҳавас қилиши аниқ. Стерлингга даъвогарлик қилаётган клублар сафида “МЮ", “Реал”, “Барселона” ва “Бавария” клублари бор. Ўз навбатида, “Ливерпуль” ҳам Раҳим Стерлингни сотиб молиявий имкониятларини яхшилаб олмоқчи.Демак, англиялик ёш юлдузнинг бошқа жамоага ўтиши деярли аниқ бўлиб бормоқда.
Гарри Кейн
Англия футболида кутилмаганда порлаб чиққан Гарри Кейн ушбу мавсумда “Шпорлар”ни ўз ортидан “судраб” юрипти дейиш мумкин. Кейннинг ушбу мавсумда урган 19 голи “Тоттенхэм”ни АПЛ да 7-ўринда боришини таъминломоқда. Кейнни ўз сафида кўришни орзу қилаётган клублар сафида асосий номзод Мадриднинг “Реал” жамоаси бўлиб турибди. “Қироллик клуби” Гарри Кейн учун 80 млн тўлашга рози. Кўрамиз, Кейнга ҳам Гарет Бейл сингари “Реал”да ўйнаш насиб қилармикин?
Азимжон Воҳидов