"Пахтакор" Осиё чемпионлар лигасининг 4-турида сафардан 1 очко билан қайтадиган бўлди. Ўзбекистон чемпионини Тошкентда мағлуб этган БААнинг "Ал-Айн" жамоаси ўз майдонида "Пахтакор" билан очколарни бўлишиб олди.
Самвел Бабаян шогирдлари ўйинни яхши бошлашди. Жамоамиз тўпни яхши назорат қилди, рақибга ҳужум ташкил қилиш имкониятини бермади. Аммо ўйиннинг 20-дақиқасида мезбонлар томонидан уюштирилган илк хавфли ҳужум гол билан якунланди. Жирес Кембо Экоко жарима майдончасига кириб келди ва кучли зарба билан олис бурчакни аниқ нишонга олди.
Ушбу гол тошкентликлар қийин аҳволга солиб қўйди. Жамоамиз ўз ўйинини топишга қийналди. Шундай бўлсада, "Пахтакор" танаффусга чиқиш олдидан ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Мерзляков чап қанотдан олис устун томон узатма берди ва Сергеев бош билан дарвозани ишғол қилди.
Иккинчи бўлим тенгма-тенг курашлар остида кечди. Ҳар иккала жамоа дарвозани ишғол қилиш учун имкониятларга эга бўлишди. Дастлаб Ли Мёнг Жу 10 метрлардан аниқ зарба йўллай олмаган бўлса, Искандаровнинг узатмасидан кейин Махарадзе 5 метрдан йўллаган зарбани "Айн" дарвозабони қайтарди.
Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида Экоко жамоамизни анча қийнади. Айниқса, ўйин тугашига 5 дақиқа қолганида Умарнинг узатмасидан кейин Жирес бирга-бир вазиятда 8 метрлардан зарба йўллади. Яхшиямки тўп Лабоновнинг ўзига борди ва Саша уни эгаллаб олди.
Шу тариқа, "Пахтакор" сафарда 1 очкони қўлга киритди. Энди "Ал-Айн"да 6, "Пахтакор" ҳисобида 5 очко бор. 4 очко эга бўлиб турган "Нафт" бугун "Аш-Шабоб" (2 очко) меҳмони бўлади. Қолган 2та тур ўйинларининг барчаси финал мақомига тенг бўлади.
ОЧЛ, "В" гуруҳи, 4-тур
"АЛ-АЙН" - "ПАХТАКОР" - 1:1 (ОНЛАЙН ТРАНСЛЯЦИЯ)
Голлар: Жирес Кембо Экоко (20) — Игорь Сергеев (45+2)
"Ал-Айн": Холид Иса, Исмоил Аҳмад, Муҳаннад Салим, Муҳаммад Ғариб, Муҳаммад Фаёз, Рашид Иса (Катирий 70), Муҳаммад Абдулраҳмон (Иброҳим Диакий 74), Умар Абдулраҳмон, Ли Мёнг Жу, Ҳилол Саид, Жирес Экоко
"Пахтакор": Александр Лобанов, Александр Мерзляков, Егорь Кримец, Владимир Козак, Даврон Ҳошимов, Жавоҳир Соҳибов, Кахи Махарадзе (Акбар Исматуллаев 88), Шерзод Каримов, Станислав Андреев (Баҳодир Пардаев 74), Жамшид Искандеров, Игорь Сергеев (Жалолиддин Машарипов 60)