Инсон қачон кучли бўла олади? Бирданига чўққига чиқсами? Йўқ! Уни жарга улоқтириб юборишсаю, у ўша жарликдан чиқа олса кучлидир! Абрамов шундай инсонлардан. Ким нима десин, бу ҳақиқат!
Битта ғалабадан нимадир ясамоқчи эмасман. Менга бу мураббийнинг шу жиҳати ёқади. Мен унинг услубини кимдир олиши керак, ё у терма жамоага бошчилик қилиши керак, демайман. Зотан, бунинг иложи йўқлигини ҳам биламан. Бироқ Абрамовнинг бугунги ғалабаси барибир чиройли бўлди. Ҳисобнинг катталиги ҳам чиройли кўриниш ҳосил қилди, зеро, олдинги ўйиндаги мағлубиятнинг қасоси бўлди қайсидир маънода.
Абрамовнинг яна бир яхши ютуғи бор. У бошқаларга ўхшамайди. Ютқазаётан пайтига эътибор беринг. Рақиб кучлилигини билиб туриб ҳам кичик ҳисобдаги мағлубиятга кўнмайди, фақат ҳужумкорликка урғу беради. Шу боис катта ҳисобда ҳам ютқазиб қўяверади. Енгаётганда эса умуман ҳеч кимга ўхшамайди. 3:0 пайтида ҳужумчини тушириши — унинг ҳужумдан бошқа нарсани тан олмаслигини кўрсатади. Шу боис ҳам катта ҳисобда енгиб қўяверади. Кичик ҳисобдаги ғалабага ҳам, мағлубиятга ҳам кўникмайдиган ғалати шахс. Бундай одамлар ТЕРМА ЖАМОАга унча тушмайди, менимча. Чунки терма жамоада бундай таваккалчилик қилиш куп-да фойда бермайди, анча хавфли. Аммо...
Мана шу ерда “аммо”ни ишлатишга мажбурман. Чунки ҳозирги ҳолатимизда Абрамов варианти мухлислар учун энг яхши вариант. Мен буни биламан. Мухлис халқи таваккалчиларни, кутилмаган ўйин кўрсатадиганларни ва жарликка қулаб-да, яна эсон-омон чиқиб келадиганларни барибир яхши кўриб қолаверади. Бир хилликни суювчи шахсларни кўпчилик хушламайди. Чунки ундан келадиган натижа ҳам, зарар ҳам аниқ! Абрамовдан эса қабул қилиб олаверинг. 0:6. 2:6. 4:0. 5:0. Ўйиндаги вазиятларни, футболчиларнинг жойлашуви ва тактик ҳолатларни қўшадиган бўлсак ҳикоямиз чўзилиб кетади.
Мен нима демоқчиман... Мен баъзиларга ўхшаб, бу одамни терма жамоа ҳалоскори сифатида тасвирлашдан йироқман. Ушбу мақолани ёзишдан максадим бир: Абрамовга миннатдорчилик изҳор қилиш. Унинг характерига ташаккур дейиш. Жарга қулаган одам ҳеч нарса бўлмагандек эртасига яна чиқиб келаверса, бу унинг кучли табиат соҳиби эканлигини кўрсатади. Бунақалар тарихни ҳам остин-устун қилиб юборишган, биласиз. Абрамов эса ўзбек футболига эҳтиросли дамларни тақдим этиб турган... ягона инсон бўлиб турибди. Афсуски...
Мен унга шу лаҳзаларни тақдим эта олгани учун ҳам РАҲМАТ демоқчиман. Жардан қайси йўл билан чиққани, унга бу масалада кимлар ёрдам бергани ҳақида қизиқмайман ҳам. Чунки муҳими, ўша қулаган чоқдан чиқа билиш! Уғ-буёғини қоқиб, аста уйига йўл олаётган Абрамовнинг ҳолатини кузата туриб, қойил қолмасликдан бошқа чора топа олмадим.
Мен бошқаларга ҳам шундай матонат, жасурлик, қайта тирила олиш санъатини тилайман. Ўзбек футболида Абрамовга ўхшаган мураббийлар кўпайса, аниқки, кутилмаган натижаларимиз ҳам кўп бўлади. Бир хилликдан қутуламиз. Майли, бирда шармандали енгилиб қолсак ҳам – розимиз! Олтиталаб, бешталаб урилган голларни ҳам унута оладиган қудратимиз ана ўшанда пайдо бўлади!
Раҳмат, Абрамов! Раҳмат, “Локо!!!