Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

«Ойнаи пойтахт» ёки яна "Спорт" ТВ ҳақида

Баҳо:
+ | -

Аввалги ҳафта анча баракали келди - олий лиганинг нақ 2та ўйинини жонли эфирда томоша қилдик. Албатта, «Пахтакор» - «Шўртан» ва «Бунёдкор» - «Навбаҳор» учрашувлари тўғридан-тўғри олиб берилишини бир ой эмас, бир йил олдин ҳам тахмин қилиш қийин эмасди. Бунинг учун «фолбин» хизматига бориш талаб этилмайди. Сабабини ўзингиз яхши биласиз - стадионлар пойтахтнинг ўзида жойлашган ва «Спорт» учун тўрт бекат наридаги «Бунёдкор»га «сафар қилиш» унчалик муаммо туғдирмайди. «Пахтакор»-ку, телеканалнинг шундоққина биқинида жойлашган ва қаттиқроқ йўталсангиз ҳам эшитилади. Демак, бу трансляциялар «Спорт»га алоҳида мақтов келтирмаслиги тайин.

Ҳар ҳолда, олий лиганинг 4-тури доирасида бўлиб ўтган «Локомотив» - «Бунёдкор» ўйинига қадар шундай хаёлда эдик. Аммо... Ўша ўйин ўтдию, «Спорт»нинг пойтахтдан қилаётган трансляциялари ҳам анча ғанимат эканини тушуниб қолдик. Чунки қадрдон каналимиз 4-турнинг марказий учрашувини жонли эфирда олиб беролмади. Бир қарашда, ТТЗ даҳасида жойлашган стадиондан трансляция узатиш у қадар муаммо эмасдек туюлганди. Аммо хато ўйлабмиз. Чунки 13 апрель куни соат 16:00да бўлиб ўтган ўйинни тунги соат 22:00да томоша қилишга мажбур бўлдик. Шундай экан, «Спорт»­нинг «Пахтакор» ва «Бунёдкор»дан қилаётган трансляциялари ҳам ғанимат. Биз эса Навоийда «Қизилқум» ва «Пахтакор» ўртасида кечган учрашув жонли намойиш қилинмаганидан хафа бўлиб юрибмиз.

Дарвоқе, «Қизилқум» - «Пахтакор» ўйини... Мавриди келганида айтиб кетайлик, икки ҳафта муқаддам бўлиб ўтган бу учрашув трансляция қилиниши турли сайтларда, хусусан, «Қизилқум» клуби расмий сайтида ҳам «хушхабар» рукни остида ёзилган ва мухлислар буни «хушхабар»дан кўра, кўпроқ «сенсация» сифатида қабул қилгандилар. Аммо минг ва балки миллион бора таассуфлар бўлсинки, ўша «сенсация» амалга ошмай қолди. Кейинчалик айтилишича, «Қизилқум» клуби ва «Спорт» телеканали ўртасида молиявий келишув амалга ошмай қолибди. Шу тариқа телеканал ва балки ўзбек футболи тарихида янги саҳифа очиши кутилган воқелик саробга айланди. Демак, Ўзбекистон чемпионатидан жонли трансляциялар томоша қиладиган даврга ҳали етиб келмаган кўринамиз...

Сўнгги йилларда юртимизда футболнинг ривожига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Буни тан олмаган одам йўқ - Олмалиқ, Бекобод, Фарғона, Жиззах, Навоий, Наманган ва Бухорода янги стадионлар қурилди. Тошкентда эса бундай стадионлардан бир йўла иккитаси фойдаланишга топширилди («Бунёдкор» ва «Локомотив»). Буларнинг барига Тошкент, Андижон, Самар­қанд, Қарши, Ғузор ва Муборакда аввалдан бўлган ҳашаматли ареналарни қўшсак, Ўзбекистон чемпионатида иштирок этаётган клубларга фақат ва фақат ҳавас қилиш мумкинлигини кўрамиз.

Ёдингиздами, 7 йил муқаддам Ривалдо юртимизга келганида ёппасига стадионларимиз танқид қилинган ҳамда дунё даражасидаги юлдуз шундай майдонларда тўп суриши юзасидан анча афсус ва надоматлар билдирилганди. Ҳозир юртимиздаги майдонлар шу қадар кенг ва равонки, Ривалдо каби ёши ўтган қария тугул, Месси ва Роналду келса ҳам, сира уялмаймиз. Шундай эмасми? Ахир шунча шароитни яратиш учун ҳукуматимиз озмунча маблағ ажратадими? Ҳозир битта стадион қуришнинг ўзи бўладими? Бизда эса бир эмас, 12таси қурилди. Бунақаси билан яна ким мақтана олади?

Буларнинг барчаси жуда яхши, албатта, азизлар. Аммо ўрни келганда айтиб кетайлик, демакки, футболни ривожлантиришга росмана бел боғлаган эканмизми, қанча кўп стадион қурмайлик, агар унда бўлаётган ўйинларни мухлислар кўрмайдиган бўлсалар, барча ишимиз бесамар кетадими, деб қўрқади киши... Футбол - халқ учун ўйналади, шундайми? Аммо Ўзбекистон чемпионати ўйинларини халқ қанчалик кўра оляпти? Бир томондан, ПФЛнинг ажабтовур тақвими туфайли ўйинлар пайшанба ва жума, яъники, иш кунларига белгиланса, қўшимчасига телевидение орқали ҳам уларни кўриш имконияти жуда чекланган. Телевизор янги чиққанида, халқимиз уни «ойнаи жаҳон», деб атаган экан. Яъники, бутун жаҳонда бўлаётган янгиликларни томоша қилиш имконини берадиган ускуна. Аммо Ўзбекистон чемпионатидан берилаётган оз сонли трансляциялардан хулоса чиқарсак, бизнинг «Спорт» каналини «ойнаи пойтахт», деб атасак, тўғри бўлса керак. Зеро, пойтахтдан четга чиқолмайдиган канал ҳақида яна нима де-йиш мумкин...?

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:39, 25.04.2015.
Ўқилди: 11401 марта.
Фикрлар: 33 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.