Олий лиганинг 6-туридан ўрин олган “Локомотив” ва “Пахтакор” жамоалари ўртасидаги марказий ўйин якунига етди. Темирйўлчилар яна Бабаян шогирдарини мағлуб этишнинг уддасидан чиқишди.
Ўйиннинг 12-дақиқасида “Локомотив” футболчилари хавфли ҳужум йўқдек кўринган вазиятда гол уриб кетишди. Иброҳим Раҳимовнинг узатмасидан кейин Кападзе икки ҳимоячи орасидан ўтиб жарима майдончасига кирди ва бирга бир вазиятда бўлишига қарамай Корянга пас берди. Руслан бўш қолган дарвозани осонлик билан ишғол қилди.
Ушбу гол ўйинни янада жонлантириб юборди. Игорь Сергеев ва Темур Кападзе ўз имкониятдан фойдалана олишмади. Биринчи бўлимнинг кейинги дақиқаларида жамоалар эҳтиёткор ўйин қилишди ва мухлислар танаффусга қадар бошқа гол кўришмади.
Иккинчи бўлимни эса Бабаян шогирдлари фаол бошлашди ва 50-дақиқада пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритди. Муллажоновнинг қўполлиги туфайли Эрматов 11 метрли нуқтани кўрсатди. Станислав Андреев имкониятдан самарали фойдаланиб, ҳисобни тенглаштирди.
Ўйиннинг қолган дақиқалари жуда қизиқарли кечди. Темирйўлчиларнинг ўзларининг иккинчи голларини Алибоевнинг индивидуал маҳорати эвазига киритишди. Кападзенинг олдинга ерлатиб берган узатмасини Шоаҳмедов тўхтатди, аммо Икром тўпни олиб қўйди ва икки ҳимоячи орасидан ўтиб бирга вазиятга чиқиб борди ҳамда Лобановни доғда қолдирди!
“Пахтакор” ўйиннинг сўнгги қисмида босимни оширди, аммо уларга Нестеров дарвозасини ишғол қилиш насиб қилмади.
Ушбу ғалабадан кейин “Локомотив” ўз очколарини 14тага етказди ва 2-ўринга кўтарилиб олди. Абрамов эса иккинчи ўйинда Бабаянни мағлуб эта олди.
Олий лига, 6-тур
“ЛОКОМОТИВ” – “ПАХТАКОР” – 2:1 (ОНЛАЙН ТРАНСЛЯЦИЯ)
Голлар: Руслан Корян (12), Икром Алибоев (67) — Станислав Андреев (51-пен.)
Огоҳлантиришлар: Руслан Корян (16), Икром Алибоев (35), Шавкат Муллажонов (50) — Игорь Сергеев (43), Егорь Кримец (57), Даврон Ҳошимов (69)
"Локомотив": 1.Игнатий Нестеров, 3.Шавкат Муллажонов, 7.Руслан Корян (Темурхўжа Абдухолиқов 77), 13.Лутфулла Тўраев (Дамир Кояшевич 71), 17.Салим Мустафоев, 18.Темур Кападзе (С), 22.Санжар Шоаҳмедов, 24.Иброҳим Раҳимов, 28.Икром Алибоев, 31.Неманья Яничич, 33.Олег Зотеев (Жасур О.Ҳасанов 54)
"Пахтакор": 12.Александр Лобанов, 2.Егорь Кримец (с), 4.Аднан Ораховац (Навруз Алимов 85), 5.Акбар Исматуллаев (Жалолиддинн Машарипов 68), 8.Шерзод Каримов, 11.Игорь Сергеев, 15.Жавоҳир Соҳибов, 23.Александр Мерзляков, 24.Давронбек Ҳошимов, 28.Станислав Андреев (Баҳодир Пардаев 76), 29.Владимир Козак,
Бош ҳакам: Равшан Эрматов