ЖЧ-2018 йўлидаги кураш бошланганига ҳали ҳеч қанча бўлмади. Лекин аллақачон дунё бўйича 26та ўйин ўйналди ва 75та гол урилди. Хусусан, қитъамизда саралаш баҳслари 12 март куни бошланди ва энди 2017 йилнинг 10 октябрида ниҳоясига етади. Бу гал анчадан буён таъкидлаб келинаётган нарса ниҳоят, юз беради. Яъни ОФКда ҳам деярли барча мамлакатлар термалари бир пайтда саралашга киришадилар. Олдинлари 46та жамоадан бир нечтаси ўйин бошламасдан туриб, орқага суриларди. Кейин кучли 20та терма аниқланарди. Қолгани ғилдиракнинг ўқидек айланаверарди. Энди Осиёдаги гранд жамоалар олдига янги вазифа қўйилмоқда: «кичик»ларга ҳам қандай ўйнашни ўргатиш ва бутун қитъа бўйлаб футболга нисбатан меҳрни кучайтириш.
Ўзбекистон терма жамоаси учун ҳам ЖЧ-2018 йўли тез орада бошланади, аниқроғи, 16 июндан. Ўша куни миллий жамоамиз саралашнинг 2-босқичи 2-тури доирасида одатий рақибимиз - КХДР термаси майдонига сафар уюштиради. Умуман, бош жамоамиз Россияда бўлиб ўтадиган мундиал йўлида камида 18та, агарда талаб қилинса, 22та ўйин ўтказиши мумкин.
2-саралаш босҚичи
Қуйида гуруҳлар таркиби ва жамоаларларнинг ФИФА рейтингидаги ўрни билан алоҳида танишиб чиқамиз. Бундан ташқари, ҳар бири гуруҳдаги ўйинлар, терма жамоаларга тегишли айрим фактлар, фаворитларга оид мулоҳазалар билан ҳам ўртоқлашамиз.
«A» гуруҳи. БАА (68), Саудия Арабистони (95), Фаластин (140), Шарқий Тимор (152), Малайзия (164)
Ушбу гуруҳда ҳаммаси равшан. Форс кўрфазининг икки давлати жамоаси табиийки, 1-ўрин учун курашади. Бу борада имконият БАА вакилларида кўпроқ. Жаҳон матбуотида ҳам таъкидланаётганидек, айни пайт Амирликларда шаклланган «олтин авлод» катта ғалабаларга ташна. Уларда ҳаммаси жуда тўғри йўлга қўйилган: бош мураббий шогирдлари билан анчадан буён бирга ишламоқда, юлдузлар етарли (Аҳмад Халил, Умар Абдулраҳмон, Али Мабҳут...). Молиявий қўллаб-қувватлаш ҳам жойида. Бунинг устига, 2019 йилги Осиё кубоги айнан БААда бўлиб ўтади. Сўнгги пайтлар тарқалган хабарларга кўра, Саудия Арабистони терма жамоаси асосий урғуни ЖЧ-2022га қаратади. Ҳатто Марсело Бьелсадек мураббий билан келишиб қўйилган. 2014 йилги Осиё «Чақирув кубоги» ғолиби Фаластин термаси эса ушбу гуруҳда 3-ўринга бемалол жойлашиши мумкин. Тимор-Леште, яъни Шарқий Тимор миллий жамоаси апрель ойи рейтингида нақ 33 поғона юқорига сакраган бўлсада, унинг имконияти барибир, паст.
Тахмин. Гуруҳ ғолиби: БАА; 2-ўрин соҳиби: Саудия Арабистони.
«B» гуруҳи. Австралия (63), Иордания (103), Тожикистон (143), Қирғизистон (153), Бангладеш (167)
Австралия термаси шу пайтгача Ўзбекистон миллий жамоаси билан 3 марта учрашган бўлса, уларнинг барчасида ғалаба қозонган. Хуллас, Душанбе ва Бишкекка келадиган Осиёнинг амалдаги чемпиони қўшниларимизга ўзига хос мастер-класс ўтиб кетса керак. «Соккеруз» сафида Мэтью Бриздек иқтидорли пос-бон бор экан, қолган 4та жамоа ҳужумчиларининг гол уришлари осон кечмайди. Массимо Луонго эса 22 ёшида бежиз Осиё кубоги-2015нинг энг яхши футболчиси бўлмаганини исботлаш керак. Иордания термаси ўтган сафар мундиал эшигини очолмай, чекинганини инобатга олсак, бу жамоа энг яхши кўрсаткичга эга 2-ўрин соҳибларидан бири сифатида бемалол 3-раундга йўл олиш имкониятига эга. Умуман, бу гуруҳда Австралия термасини фақат иорданияликлар енгишлари мумкин. Хусусан, ўз майдонларида.
Тахмин. Гуруҳ ғолиби: Австралия; 2-ўрин соҳиби: Иордания.
«C» гуруҳи. Хитой (82), Қатар (99), Мальдив ороллари (141), Бутан (163), Гонконг (167)
Хитой-Қатар қарама-қаршилиги Осиёда жуда машҳур. Бу худди Ўзбекистон-Баҳрайн рақобатига ўхшайди. Омад бу сафар қатарликлар ёнини олса, ажабмас. Кўп нарса Гонконг термаси кўрсатадиган ўйинларга ҳам боғлиқ. Сиёсий жиҳатдан Хитойнинг таркибий қисми саналган Гонконг «катта ака»сига нима тайёрлаб қўйганини билмадик, лекин бу ўйинларга Осиёнинг энг савияли ҳакамлари тайинланиши шарт. Шри-Ланка термасини ютиш эвазига ФИФА рейтингининг энг қуйи 209-ўрнидан 163-поғонага чиқиб олган Бутан термаси эртаги эса шу ерда ниҳоясига етса керак. Тўғриси, бу борада вазиятга холис баҳо бериб айтсак, агарда бутанликлар 2-босқичда ҳам ютаверишса, унда грандлар футбол ўйнамай қўяверишсин!
Тахмин. Гуруҳ ғолиби: Қатар; 2-ўрин соҳиби: Хитой.
«D» гуруҳи. Эрон (40), Уммон (97), Ҳиндистон (147), Туркманистон (159), Гуам (175)
Океания минтақасидан Осиёга ўтиб олган Гуамга нима бор экан? Фақат рақибларини харажатга туширади. Қайси жамоа Гуамга бориб келганидан сўнг 4-5 кун ичида яна ўйинга тушса, унинг ҳолига ҳавас қилиш ярамайди. Оддий айтганда, футболчилар жисмоний жиҳатдан кейинги баҳсга тайёр бўлолмайдилар. Шунинг учун Эрон ва Уммон каби жамоалар у ерга иккинчи, ҳаттоки, учинчи таркибларини юборишса ҳам, ҳеч ким ортиқча ажабланмайди. Очиғи, Туркманистон футболидан анча пайтдан бери бехабар қолдик, олдинлари ўртоқлик ёки саралаш ўйинларида кўришиб турардик. Бугунги туркман футболи ҳиндларникидан устунми? Бунга фақат туркман футболчиларининг ўзлари жавоб берадилар.
Тахмин. Гуруҳ ғолиби: Эрон; 2-ўрин соҳиби: Уммон.
«E» гуруҳи. Япония (50), Сурия (126), Афғонистон (135), Сингапур (162), Камбоджа (179)
Афғон футболини бир кўриш ниятимиз бор. Лоақал, ўртоқлик ўйинида. Ахир қандай қилиб, атиги 3-4 йил ичида мамлакатда футбол тизимини барпо қилиш мумкин? Афғонлар буни бутун Осиёга намойиш эта олишди. Сизга лоф, бизга чин, мамлакатдаги телеканаллардан бири жаҳон чемпионати трансляциясини сотиб олиб, ўз минтақасида тарқатиш ҳуқуқига эга бўлди. Қолаверса, ушбу юрт вакиллари 2014 йилги Осиё «Чақирув кубоги»да ярим финалгача етиб боришди. Бироқ минг айлантирмайлик, гуруҳда Япония ва Сурия термаси барибир, яққол кучли.
Тахмин. Гуруҳ ғолиби: Япония; 2-ўрин соҳиби: Сурия.
«F» гуруҳи. Ироқ (86), Вьетнам (125), Таиланд (142), Индонезия (159), Хитой Тайпейи (179)
Очиғи жуда кучсиз, бир пайтнинг ўзида тенг кучли жамоалар гуруҳидек кўринмоқда. Хитой Тайпейидан бошқа ҳамма жамоаларда кейинги босқичга чиқиш имкони бор. Тўғри, Ироқ термаси бироз тажрибалилиги билан ажралиб туради. Унутмайликки, ироқликлар сўнгги Осиё кубогида муносиб иштирок этишди. Индонезия ва Таиланд терма жамоаларининг ҳақиқий кучига баҳо беришга ҳозир унча-мунча мутахассислар ҳам қийналишади. Бир қарасанг, турли халқаро тижорат- турнирларида ғолиб чиқишади, бир қарасанг, дунёнинг гранд жамоаларидан йирик ҳисобда енгилишади. Индонезияда тижорий чемпионат очилган. Худди шундай биринчилик энди Ҳиндистонда ҳам бор. Умуман, хулоса шуки, АСЕАН минтақаси вакиллари Ироқ термасига қарши ўйинларда бор кучларини ишга солмасалар, ижобий натижадан умид қилишмасин.
Тахмин. Гуруҳ ғолиби: Ироқ; 2-ўрин соҳиби: Таиланд.
«G» гуруҳи. Жанубий Корея (57), Қувайт (127), Ливан (144), Мьянма (158), Лаос (178)
Ливан термаси ўтган сафарги мундиал саралашида катта «сенсация» кўтариб, кучли ўнликка кирди. У асосан немис мураббийининг тактикалари эвазига очколар ишлади. Бу сафар ҳам жамоа катта йўл сари отланмоқда. Балки яна омади кулиб боқар? Қувайт термасида эса, мана, 10 йилдирки, авлодлар алмашинуви ўта оғриқли тарзда ўтмоқда. Жамоада ғолиблик руҳи етишмайди, яққол етакчи йўқ, миллий чемпионат бир жойда турибди. Бу ҳолатда терма жамоанинг катта натижалардан умид қилиши қийин. Мьянма ва Лаос термаларига келсак, улар етакчиларга голни кўпайтириш манбаи бўлиб хизмат қилишса керак.
Тахмин. Гуруҳ ғолиби: Жанубий Корея; 2-ўрин соҳиби: Ливан.
«H» гуруҳи. Ўзбекистон (73), Баҳрайн (108), Филиппин (139), КХДР (157), Яман (170).
Гуруҳ фаворити аниқ: Баҳрайн ва КХДР термасидан қайсидир бири асосий рақибимиз. Фақат шунга ойдинлик киритиб олишимиз керак. Шу пайтгача баҳрайнликлар билан 9 марта, корейслар билан 6 марта, яманликлар билан 2 марта ўйнаганмиз. Филиппин эса биз учун ҳали ўрганилмаган орол. Умуман олганда, кўп нарсани гуруҳдаги аутсайдерлар билан бўладиган ўйинларда нечта гол уриш ҳам ҳал этса керак.
ФИФА рейтинги бўйича таҳлил қилсак, Баҳрайн термаси кучли 100таликдан тушиб кетган. У йирик мусобақалар ўтадиган йиллари рейтинг бўйича кўп очко олмайди. 1966 йили илк халқаро ўйинини Қувайт термасига қарши ўтказган жамоа худди биз сингари ҳали мундиалга бормаган. Лекин 2006 (Тринидад ва Тобаго) ҳамда 2010 (Янги Зеландия) йилларда қитъалараро «плей-офф» босқичида ўйнаган. Умуман олганда, бу жамоа мундиаллар саралашида қуйидаги статистикага эга: 80та ўйин, 28та ғалаба, 25та дуранг, 27та мағлубият, тўплар нисбати: 95-84. Демак, жамоа тез орада юбилей 100-голини нишонлаши мумкин. Бош мураббий: Маржан Эйд (2014 йил ноябридан буён). Жамоа сардори: Муҳаммад Ҳусайн (ҳимоячи). 1980 йилнинг 31 июлида туғилган футболчи терма жамоа сафида 92та ўйин ўтказиб, 8та гол урган. Терма жамоа аъзолари орасида легионерлар ҳам бор: Муҳаммад Ҳусайн, Абдулваҳоб ал Сафи, Фавзи Айш, Жейси Жон Оквунвон.
Филиппин. 1913 йилнинг 1 февралида Хитой термасига қарши илк халқаро ўйини (2:1)ни ўтказган бу жамоа ҳамма учун жумбоқ. 1917 йили японияликларни 15:2 ҳисобида ютишган филиппинликлар орадан роппа-роса 50 йил ўтиб, худди шу рақибга ортиғи билан ютқазишган - 0:15. 2002 йилги мундиал йўлида курашга киришган Филиппин термаси Сурияга қарши баҳсда саралаш босқичларидаги 1-голини урганди (гол муаллифи - Янти Барсалес). ЖЧ-2014 саралаш босқичида Шри-Ланка устидан эришилган ғалаба эса илк ютуғидир. Бунақаси жаҳон футболи тарихида ҳам жуда кам учрайди. Филиппин - 2014 йилги Осиё «Чақирув кубоги» финалчиси. Айтганча, 2014 йилнинг 14 май куни Мальдив пойтахти Мале шаҳрида бўлган ўша финални ҳамюртимиз Валентин Коваленко бошқарганини кўпчилик эсдан чиқаргандир. Демак, ахборот таҳлилий гуруҳи бу жамоага оид маълумот йиғаётганда, тажрибали ҳакам билан суҳбатлашиб кўрса, фойдадан холи бўлмайди. Бош мураббий: АҚШлик Томас Дулей (2014 йил буён). Жамоа сардори: Роб Гьер (ҳимоячи). У 1981 йилнинг 6 январида туғилган. Терма жамоа легионерлари Дания, Германия, Хитой, Англия, Швейцария, Хитой, Қувайт клубларида тўп суришади. Жамоани 2009 йилдан буён фақат хорижлик мураббийлар бошқариб келмоқдалар. Айтайлик, айни пайт дарвозабонлар мураббийи сифатида швейцариялик машҳур Паскаль Цубербюллер ишламоқда. Бу собиқ посбон ЖЧ-2006да ўйин ҳолатидан бирорта ҳам гол қўйиб юбормаганлиги билан тарихга кирган.
ФИФА рейтинги бўйича олсак, КХДР терма жамоаси айни пайт 157-ўринни банд этиб турибди. Илк халқаро ўйинини 1956 йилнинг 7 октябрида Хитойга қарши (1:0) ўтказган. Гуруҳимиздан фақат шу жамоа мундиалда қатнашган, боз устига, 2 марта (1966, 2010 йиллар). Жаҳон чемпионатларида 7та ўйин ўтказиб, улардан 1тасида ғалаба қозонган, 1тасида дуранг ўйнаган. 2014 йили терма жамоа 7та ўртоқлик ўйини ташкил этиб, улардан 3тасида ютуққа эришди. 2012 йилдан кейин корейслар бўлажак рақиблари Филиппинни енгишди (2:0), Баҳрайн билан дуранг ўйнашди (2:2), Ўзбекистонга ютқазишди (0:1). Бош мураббий: Жо Тонг Соп. Жамоа сардори: Ри Мён Гук (дарвозабон). 1986 йилнинг 9 сентябрида туғилган кипер терма жамоа сафида 61та ўйин ўтказган. Кореяликлар таркибида легионерлар жуда оз: Ча Жонг Хёк, Рянг Ёнг Ги, Ри Ёнг Жик, Пак Кванг Рёнг. 2010 йилдан буён бу терма жамоани Итлаиянинг Legea бренди экипировка билан таъминламоқда.
Яман. Мамлакатдаги сиёсий вазият туфайли Яман терма жамоаси биринчи раунд баҳсларини Қатар ва Баҳрайнда ўтказди (3:1, 0:0). Бу жамоа мундиаллар саралашида қуйидаги статистикага эга: 33та ўйин, 11та ғалаба, 10та дуранг, 12та мағлубият, тўплар нисбати: 43-44. Жамоа ўз минтақасида «Кўрфаз кубоги»да 7 марта қатнашган бўлсада, бирон марта ғалаба қозонолмаган. Жорий йил бошида Дубайда Нигерия (0:2) ва Финляндия (0:0) терма жамоалари билан ўртоқлик ўйинлари ўтказди. Айтганча, 2014 йилнинг 13 ноябрида «Кўрфаз кубоги» гуруҳ босқичида Баҳрайн термаси билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаганди.
Тахмин. Гуруҳ ғолиби: Ўзбекистон; 2-ўрин соҳиби: Баҳрайн.
Фикрат, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси