Кеча эса Ўзбекистон кубогининг 1/16-финал босқичида 10та учрашув бўлиб ўтди. Шулардан бири Нукусдаги “Турон” стадионида бўлиб ўтди. Унда «Орол» Ғузорнинг “Шўртан” жамоасини қабул қилди. Бу ўйинга маҳаллий ишқибозларнинг қизиқиши катта эди. Бунга бирқанча сабабларни келтириб ўтсам, биринчидан, олий лигада турнир жадвалида қайси ўринда бораётганидан қатъий “Шўртан” билан ўйнаш анча қизиқарли ўтиши тахмин қилинган бўлса, иккинчидан, “Орол” жамоаси ўз майдонида Ўзбекистон кубоги 1/32-финалида “Хоразм” (3-0), 1-лига учрашувларида “Аланга” (9-0), “Обод” (2-1) ва “Насаф-2” (1-0) жамоаларини мағлубиятга учратиб, мухлислар ишончини оқлаётганди. Учинчидан, Ўзбекистон кубоги тақвимига кўра “Орол” – “Шўртан” жуфтлик ғолиби 1/8-финалда амалдаги чемпион “Пахтакор” билан тўқнаш келиши аввалдан маълум эди. Ким ҳам ўз майдонида чемпионни кўришни истамайди дейсиз.
“Шўртан” жамоасининг олий лига 6-туридан жой олган “Воҳа дербиси”дан сўнг Нукусга ёшлардан тузилган таркиби билан ташриф буюришига қарамасдан,ўйин жудаям қизиқарли тарзда ўтди. Ҳакам ҳуштаги чалиниши билан то ўйин тугагунча мухлислар ажойиб «очиқ ўйин» томоша қилишга гувоҳ бўлишди. Ҳар иккала жамоа ҳам ҳимояни мустакҳамлаган ҳолда ҳужумга зўр беришди. Тўп гоҳ у, гоҳ бу дарвозалар томонида бўлиб хавфли вазиятлар кўп содир этилганига қарамасдан уюштирилган ҳужумлар чоғида баъзида посбонларнинг маҳорати эвазига тўплар қайтарилган бўлса, баъзида эса ҳужумчилардан бироз омад юз угурди. Анча шиддатли ўтаётган ўйиннинг 2-тайм ўрталарида меҳмонлар қарши ҳужумларнинг бирида гол уришга муваффақ бўлишди. Бундан кейин «Орол» футболчилари хисобни тенглаштириш учун ҳар қанча уринмасин, уюштирилган барча ҳужумлар бесамара кетиб, дарвозаларга бошқа гол киритилмади. Ўйин кичик 1:0 ҳисобида “Шўртан” фойдасига ҳал этилиб, энди улар кейинги босқичда амалдаги чемпион “Пахтакор” билан тўқнаш келадиган бўлишди.
АНОНС:
03.05.2015. Нукус. “Турон” стадиони. Соат 16.30
“Орол” (Нукус) – “Маъшал-2” (Муборак).
Ҳакамлар: Д. Каримов (Тошкент), Ш. Камаров (Самарқанд), С. Ҳакимов (Самарқанд)
Назоратчи: Х. Мухторов (Самарқанд).
Абдумажид Қодиров