Профессионал бокснинг биринчи ўрта вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони, британиялик 28 ёшли Амир Хан енгилмас Флойд Мэйвезер билан жанг ўтказиши мумкин. Хан бу мавзуда Флойднинг яқин дўсти ва маслаҳатчиси Леонард Эллерби билан суҳбатлашган.
“Биз Леонард билан кечаги Мэйвезер ва Пакьяо ўртасида ўтказилган жангдан сўнг учрашиб, гаплашдик. Эллерби Фойд мен билан жанг ўтказишга тайёр эканлигини айтди. Мен Флойд билан ҳам, Пакьяо билан ҳам жанг қилишга шайман. Лекин биринчи навбатда Мэйвезер билан рингда тўқнаш келмоқчиман”, — деди Хан.
Эслатиб ўтамиз, Амир Хан ўзининг галдаги жангини 30 май куни Нью-Йорк шаҳридаги Barclays Center аренасида собиқ жаҳон чемпиони америкалик 31 ёшли Крис Алгиерига қарши ўтказади.