16 май, шанба куни "Пахтакор" олий лиганинг энг тарихий қарама-қаршилигида "Нефтчи"ни қабул қилади.
Фарғоналикларга айни пайтда Мурод Исмоилов бошчилик қилмоқда. Мураббийлик фаолиятини "Пахтакор" тизимида бошлаган Исмоилов ушбу мавсумда жамоаси билан ажойиб натижаларни қайд этмоқда. "Нефтчи" 8 турдан кейин 20 очко тўплаган ҳолда пешқадамлик қилмоқда. Шанба кунги беллашувда пешқадамлик учун интилаётган икки жамоа ўртасидаги тўқнашув кескин ва муросасиз ўтиши, шубҳасиз.
Олий лиганинг барча мавсумида қатнашган ва юртимиздаги энг принципиал рақобатга эга икки клубнинг йўллари олий лига ўйинларида 46 бор кесишган. Устунлик “Пахтакор” томонида. 22та ўйинда жамоамизнинг қўли баланд келган бўлса, 17та учрашувда “Нефтчи” ғолиб бўлган. 7та учрашувда ғолиб аниқланмаган. Тўплар нисбати ҳам “Пахтакор” фойдасига. Жамоамиз шу кунга қадар ўзаро ўйинларда 76та гол киритиб ўз дарвозасидан 60 марта тўп олиб чиққан. Олий лигада "Пахтакор" "Нефтчи"дан, "Нефтчи" эса "Пахтакор"дан энг кўп очко тортиб олган.
“Пахтакор” олий лигада “Нефтчи” устидан 6:1 ҳисобида ғалаба қозонган. Бу ўзаро ўйинлардаги “шерлар”нинг энг йирик ҳисобидаги ғалабаси. “Нефтчи”нинг ўзаро ўйинлардаги “Пахтакор” устидан эришган энг йирик ғалабаси эса 4:0 бўлиб турибди.
2014 йил биринчи даврада Фарғонада ташкил этилган ўйинда меҳмонлар муваффақият қозонишган. Владимир Козак ва Станислав Андреевнинг биринчи бўлимда урган голларига ўйин тугашига 5 дақиқа қолганида Жаҳонгир Жиямуродов жавоб берган - 1:2. Тошкентда эса Владимир Козакнинг урган голи “Пахтакор”га ғалаба келтирган - 1:0.
“Пахтакор” ўз майдонида бўлиб ўтган ўйинларнинг 17тасида муваффақият қозонган. 2та баҳсда ғолиб аниқланмаган. “Нефтчи” Тошкентдан тўрт марта уч очко билан қайта олган. “Нефтчи” охирги марта пойтахтда 2001 йил ғалаба қозонган. Кейинги 13та учрашувда жамоамиз мунтазам равишда ғолиб бўлиб келмоқда.
Ёшлар жамоалари баҳси 15 май, жума куни соат 16:30да Қибрайдаги стадионда бошланади. Асосий таркиблар учрашуви 16 май, шанба куни "Пахтакор" стадионида соат 19:00да старт олади.
"ПАХТАКОР" - "НЕФТЧИ"
Ҳакамлар: Олим Толибжонов (Тошкент), Тимур Галеев (Тошкент), Акбар Пўлатов (Тошкент), Аскер Нажафалиев (Тошкент).
Назоратчи: Игорь Нехочин (Наманган).