20 май оқшомида АПЛнинг 33-тури қолдирилган учрашуви "Арсенал" ҳамда "Сандерленд" ўртасида ўтказилди ва бу ўйинда ҳисоб очилмади.
Мезбонлар бу ўйинда ғалаба қозониш орқали турнир жадвалида иккинчи ўринни эгаллаш учун имконият сақлаб қолишар эди. "Сандерленд" эса Лондонга "ҳаёт-мамот масаласи"ни, яъни лигада жон сақлаб қолишни мақсад қилган ҳолда ташриф буюришганди. Россия терма жамаоси ва "Зенит"нинг собиқ мураббийи, голландиялик Дик Адвокат бошчилигидаги "Сандерленд" охирги икки турда бир очко олиш эвазига қуйи лигага тушиб кетиш хавфидан қутилиб қоларди.
Ўйинда қайд этилган дуранг (0:0) ҳисобидан кейин "Арсенал"да 72 очко йиғилди ва жамоа иккинчи ўриндаги "Манчестер Сити"га ета олмаслиги маълум бўлди. "Шаҳарликлар" ҳисобида 76 очко мавжуд. Ўз навбатида, тўртинчи ўриндаги "Манчестер Юнайтед" (69 очко) ҳам "Арсенал"га ета олмайди.
"Қора мушуклар" лақаби билан машҳур "Сандерленд" эса бу дурангдан кейин очколари сонини 38тага етказиб, 15-ўринга жойлашди. Энди бу ўринга 18-ўринда "Халл Сити" ета олмайди.
Охирги 5 тур давомида жамоа билан мағлубиятга учрамай келган Дик Адвокат ўз мақсадига эришгач, қувонч ёшларини тия олмади.
"Тан олиш керак, менинг кўз-ёшларим ҳақиқий", деб изоҳлайди мураббий.