Жиззахнинг "Сўғдиёна" клуби бугун Олий лиганинг 10-тури доирасида "Пахтакор"ни Янгиерда қабул қилади.
Даврон Файзиев бошчилигидаги жиззахликлар учун стадион танловида шу даражада имконият кенгки ҳатто "Бунёдкор" ва "Пахтакор" ҳам бу жамоа олдидан буткул чорасиз. Истаса Янгиерда, истаса Зоминда, истаса Ғаллаоролда ва истаса Жиззах шаҳрида ҳам ўйнайверади. Масаланинг иккинчи томони ҳам борки , бу - ПФЛ деб аталмиш катта ташкилот ҳар қандай стадион талабига лаббай деб жавоб беришидир.
Ортга қайтамиз:
"Сўғдиёна" биринчи турни стадиони тайёр бўлмагани боис "Қизилқум" билан ўйинни Навоийга кўчирди. 4:1 ҳисобида имконият бой берилган ўйинда Файзиев кейинги даврадаги ўйинни Жиззахда қабул қилинишини айтиб ўтди.
Иккинчи турни энди майдонсиз қолиб кетган "Сўғдиёна" Янгиерда ўтказишга қарор қилди. Бу сафар "Локомотив"га қарши ўйинда 1:3 ҳисобида имконият бой берилди. Ўйиндан сўнг Файзиев Жиззахда ўйнашни кутаётганини ва ўз мухлислари далда бўлишини истади.
Яна бир бор бешинчи турда "Сўғдиёна" "Металлург" билан Янгиерда ўйнашга қарор қилди. Бу сафар ўйинда ҳисоб очилмади ва Файзиев жамоанинг муваффақиятсизлигини ўз стадиони йўқлигига йўйди ва мухлислар қўллаб-қувватламаётганидан нолиди.
Энг қизиғи еттинчи турга келиб "Сўғдиёна" , "Машъал"га қарши ўз майдонидаги ўйинни остун-устун бўлиб ётган Зоминдаги стадионда ўтказди. Зоминда "Сўғдиёна"нинг омади келди мухлислари қўллаб-қувватлаб турди ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйиндан сўнг Файзиев энди мухлислари қўллаб-қувватлаб тургани учун ғалаба қозонганини, Янгиерда худди меҳмонда ўйнаётгандек бўлаётганини айтиб ўтди. Демак, Файзиевни фикрича Зоминни ўз майдонида деб тасаввур этган.
Кейинги уй учрашувини "Бунёдкор"га қарши Файзиев айтиб ўтганидек, ўз майдонида ўтказди. Бу майдонда "Бунёдкор" ҳам таслим этилди. Демак, "Сўғдиёна" учун Зоминдаги стадион ўз майдони ва ўз уйида ўйнагандек бўлмоқда.
Шунга қарамай энди 10-турда "Сўғдиёна" яна ўз майдонида қолиб "Пахтакор"га қарши ўйинни Янгиерда ўтказмоқда. Бу ҳеч нарсани англатмаяптими? Умуман тушунарсиз ҳолат! Энди мана бу саволларга жавоб топишга уриниб кўрсак:
— Эндигина ўз "уйини топган" "Сўғдиёна"ни Янгиерда ўйнашга нима мажбур қилмоқда?
— Файзиев нега тинмай "ўз майдонимизда мухлислар қўллаб-қувватлаб тургани учун ғалабалар қозондик" деган фикридан қайтди?
— Нега энди "Пахтакор" билан ўйинни Янгиерга кўчирди?
— Нима учун Файзиев мухлислари қўллаб-қувватлашини истамади?
— Нима учун ўзлари учун омадли стадион қолиб, айнан "Пахтакор" билан ўйинни омадсиз ва ўзларини бегонадек ҳис қилаётган майдонга кўчирди?
— Нима учун ПФЛ "Сўғдиёна"га истаса бу майдонда, истаса у майдонда ўйнашга рухсат бермоқда?
— Йил бошида Фарҳод Магамедов "Менинг ёнимга "Зомин"да, "Косонсой"да ўйнаймиз деб келманглар" , — деб айтган гапидан тондими?
— Йил бошида рўйхатда умуман мавжуд бўлмаган стадионда, яъни Янгиерда ўйнашига ким рухсат берди?
— Нима учун "Машъал" ва "Бунёдкор" Зоминдаги стадионда ўйнашдан бош тортганда ПФЛ уларнинг эътирозини қабул қилмади ва энди "Пахтакор"га қарши ўйин Янгиерга кўчирилишига рози бўлди. ПФЛ бунга нима дейди?
— Файзиев нималарни ўйлади ва нималар қилмоқчи? Бу ўйинни ҳам Аҳрол Иноятов текшириб борадими? Агар текширса, ўйиндан сўнг бу ҳақида баёнот бера оладими?
Хуллас шунақа гаплар. Нима бўлган тақдирда ҳам, ўйиндан сўнг Даврон Файзиевнинг фикрларини эшитиш қизиқ бўлар эди.