«Фулхэм»нинг янги ҳужумчиси Гонсало Гарсия Англиядаги фаолиятини юқори самарадорлик билан бошлади. 22 ёшли испаниялик футболчи янги клуби сафидаги дастлабки икки расмий учрашувининг ҳар иккисида гол урди.
Гарсия 24 август куни Премьер-лиганинг «Челси»га қарши баҳсида асосий таркибда майдонга тушиб, «Фулхэм»нинг голларидан бирига муаллифлик қилди. Лондон дербиси «Челси»нинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Уч кундан кейин ҳужумчи Англия Лига кубогида АФК «Уимблдон»га қарши захирадан майдонга тушди ва қўшиб берилган вақтда учинчи голни киритди. «Фулхэм» 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақанинг учинчи босқичига йўл олди.
Шу тариқа, Гарсия «Фулхэм»даги дастлабки икки расмий ўйинида жами 107 дақиқа ҳаракат қилиб, 2 та гол урди. Яъни у ҳозирча ўртача ҳар 54 дақиқада биттадан гол қайд этмоқда.
«Фулхэм» Гарсияни 3 август куни «Реал Мадрид»дан таркибига қўшиб олган. Футболчи Лондон клуби билан 2031 йилгача шартнома имзолаган, келишувни яна бир мавсумга узайтириш имконияти ҳам мавжуд. У 2025/26 йилги мавсумда «Реал» сафида 39 ўйинда 8 та гол ва 3 та ассист қайд этган эди.













