Кириш Регистрация

Ғаламис!

Баҳо:
+ | -1

Ўзбек футболи келишилган ўйинлардан сезиларли даражада “тозалангани” рост. Бу йил шу ҳақида кўп гапириляпти, ёзиляпти. Шунинг натижаси ўлароқ олий лигада кескинлик ортди. Авваллари медаллар ҳақида ўйламайдиган клублар юқори ўринларни кўзлайдиган бўлди. “Уй жамоаси”га айланиб қолган клублар меҳмонда ҳатто етакчилардан ҳам устун келишнинг уддасидан чиқяпти. Демак, ўзгариш бор.
 
Келишилган ўйинлар борми?
Сўнгги вақтларда у жамоа келишяпти, бу жамоа ҳакамлар бригадасини “сотиб” оляпти, деган гап-сўзлар кўпайиб кетди. Аниқроғи, урчий бошлади. Биласиз, халқ орасида яхши гапдан ёмон гап тезроқ тарқалиб кетади. Аввалига бир жамоа ҳақида шундай миш-мишлар тарқалган бўлса, бора-бора гап-сўзларга қўшилиб қолган клублар сони кўпайиб қолди. Олдинги ёзган мақоламизда мураббийлар баённомага имзо чекишгани, аслида ўзларига инсоф бермаса расмий ҳужжат тугул муқаддас китобларни қўлига бериб, қасам ичтирмайсизми, фойдаси йўқлигини ёзиб ўтгандик. Шунинг учун бу миш-мишларни эшитгач ўзимиз ҳам қон билан кирган жон билан чиқар эканда, дея афсус билан бошимизни силкитиб қўйгандик. Куни кеча футболимизнинг бир жонкуяри билан суҳбатлашганимизда фикримиз сал ўзгаргандек бўлди.

Маълум бўлишича, жамоалар ҳакамларни сотиб олаётгани, рақиби билан келишувга эришаётгани ҳақидаги гап-cўзларни олий лига клубларида фаолият кўрсатаётган айрим мураббийлар урчитаётган экан. Нега деган саволга қуйидагича жавоб олдим: ҳақиқатдан ҳам қон билан кирган жон билан чиқади. Шундай миш-мишларни урчитиш орқали мураббийларнинг бир-бирларига бўлган ишончни “бузиш”, ораларидаги келишувни йўққа чиқариш ва аввалгидек яна келишувларни давом эттириш экан. Буни ҳақиқий ғаламислик десак, бизни ҳеч ким айбдор қилмаса керак. У инсонлар кимлигини ҳам биламиз. Лекин халқимиз ардоғидаги кишилар бўлганлиги учун, қолаверса, жазони биз эмас, ЎФФ ёки ҳукуматимиз беришини инобатга олган ҳолда ойнаи жаҳонга чиқиб олиб халқимизни алдайдиган инсонларнинг ҳурматини сақлаб қолишни лозим деб топдик. Куни кеча ЎФФ биносига борганимизда шунга гувоҳ бўлдикки, федерация қошидаги “Келишилган ўйинларга курашиш” қўмитаси раҳбари Аҳрол ака Иноятов шундай гап-сўзлар урчиб кетганини инобатга олган ҳолда мураббийлар билан учрашган, бундай миш-мишларни тарқатишни тўхтатишларини талаб қилган. Қолаверса, бу каби гап-сўзларни ишонмасликни ҳам сўраган. Фикримизча, Аҳрол ака бундай ёлғонларни ким тарқатаётганлигини билгани учун ҳам ишонмасликни талаб қилган.

Яна бир хурсанд қиладиган хабар шуки, ўша йиғилишда яна ким шундай хабарларни тарқатса ёки келишилган ўйинларни ташкил қилишни режалаштирса, шахсан Мираброр Усмоновнинг буйруғи билан жазоланиши ҳам айтиб ўтилган. Жазо дейилганда ўша инсон футболимиздан бутунлай четлатилиши назарда тутилган.

Аслида ўша гап-сўзларни тарқатаётган инсонларнинг ўзи бир вақтлар келишилган ўйинларда қатнашган ва ҳозир яна шуни урфга қўймоқчи. Жамоасини шу орқали юқори ўринларга олиб чиқмоқчи. Айтганча, шундай ғаламислик қилаётган инсонлар орасида собиқ жамоасидан истеъфога чиқиб, бугунги кунда бошқа клубда фаолият кўрсатаётган, аввалги клубининг ғалабаларини кўра олмасдан ғаламисликни бошлаган мутахассислар ҳам бор. Сал қўполроқ бўлса ҳам айтамиз, ҳамкасбим Нодирхўжа Юлдашев таъкидлаганидек, бундай инсонлар миллий матомиз бўлмиш атласдан иштон кийиб юришса мақсадга мувофиқ бўларди. Боиси, эркак киши ваъда берганидан кейин гапида туриши керак. Ҳар хил гап-сўзларни кўпайтирмасдан мардларча ишлаши керак. Ўхшатиш учун айтамиз, оилада аёл киши турли гап-сўзларни кўпайтириши, бунга эрларнинг ишонини ёки аёлини бошқара олмаслиги натижасида ёш оилалар бузилиб кетаётганлигини гувоҳимиз. Бу ҳам худди шундай. Футбол ҳам бир оила. Оилани сақлаб қолиш учун ғаламислик қилиш эмас, курашиш керак. Курашиш эркакчасига бўлсин. Рақиб жамоа ҳакамлар бригадасини сотиб олганини сездингизми, видеоёзув орқали исботлаб беринг. ПФЛ тўладиган 2 миллион сўмдан қочмангда, айбдорларни жазолатиш ҳаракатида бўлинг. Шу орқали футболимизни “тозаланишига” хизмат қилинг. ЎФФ ва ПФЛда ҳали оз бўлса-да, виждонли инсонлар бор. Агар ЎФФ ва ПФЛдагилар исботингизни инобатга олмаса ёки ҳакамларни жазолаб, рақиб жамоани огоҳлантирмаса, унда ОАВга мурожаат қилинг. Аслида иш бизга мурожаат қилишингизгача етиб бормайди. Чунки федерациямиздагилар ҳакамларни ҳам, келишишга уринган мураббийларни ҳам жазолаб қўяди. Ушбу мавсумда 1-лигада бир воқеа содир бўлди. Водийда Тошкент жамоаси меҳмон бўлди. Мезбон клуб ҳали мавсумда ғалаба қозонмаган. Меҳмонлар чемпионат етакчиларидан бири бўлиб турибди. Хуллас, учрашув майдон эгаларининг ғалабаси билан якунланди. Ўйинни бошқарган ҳакамлар бригадаси ростакамига учрашувни “бузиб” қўйишди. Бу ўйинни бевосита стадионда томоша қилганимиз учун айтяпмиз. Биз ҳакамлар сотиб олинган деган фикрдан йироқмиз, лекин ўйинни қўлдан чиқариб юборгани ҳақиқат. Натижаси шу бўлдики, меҳмон жамоа мураббийи ўйин ёзилган дискни ПФЛга топширди. Ваҳоланки, биринчи лигада регламентга кўра, мезбон клублар ўйин ёзилган дискни 24 соат ичида топшириши керак. Айтганча, ўша беллашув назоратчиси ҳакамга паст балл қўйди. Қисқаси, куни кеча ПФЛ ўша беллашувни бошқарган ҳакамни ҳам, реферига паст балл қўйган назоратчини ҳам 8та ўйинга четлатган. Ҳакам ва назоратчилар бир тур дам олиб ишлашини инобатга оладиган бўлсак, бу 16та ўйин дегани. Демак, бу ярим мавсум ўтиб кетади, дегани. Шундан хулоса қилиш мумкинки, мураббийлар мард бўлса, ўзига ишонса ва футбол қоидаларини жуда яхши билса, ПФЛга мурожаат қилсин. Юртимизда тенг савиядаги ҳакамлар кўп. ПФЛга савияси тенг реферидан бир нафаридан воз кечиш қийин эмас. Ҳамма ҳам Эрматов бўла олмайди. 

Сўзимиз якунида шуни айтмоқчимиз. Ҳурматли мураббийлар, эркак кишисиз, эркакларча йўл тутинг. Бунақа ғаламислик қилмасдан, эркакларча ишлайлик. Ҳалоллик сари бирга қадам ташлайлик!

Фурқатбек НИШОНОВ

Манба: arena.uz
Киритилди: 18:50, 26.05.2015.
Ўқилди: 6411 марта.
Фикрлар: 29 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.