Кириш Регистрация
03/05 20:30 Япония 1-0 Ўзбекистон
03/05 22:00 Тулуза 1-2 Монпелье
03/05 23:45 Торино 0-0 Болонья
04/05 00:00 Лутон 1-1 Эвертон
04/05 00:00 Ланс 2-0 Лорьян
04/05 00:00 Хетафе 0-2 Атлетик Бильбао
04/05 16:30 Арсенал - Борнмут
04/05 17:00 Реал Сосьедад - Лас-Пальмас
04/05 18:00 Гавр - Страсбур
04/05 19:00 Бёрнли - Ньюкасл
04/05 19:00 Шеффилд Юнайтед - Ноттингем Форест
04/05 19:00 Брентфорд - Фулхэм
04/05 19:15 Реал Мадрид - Кадис
04/05 20:00 Монако - Клермон
04/05 21:00 Монца - Лацио
04/05 21:30 Манчестер Сити - Вулверхэмптон
04/05 21:30 Жирона - Барселона
04/05 22:00 Метц - Ренн
04/05 23:45 Сассуоло - Интер
05/05 00:00 Брест - Нант
05/05 00:00 Мальорка - Атлетико
05/05 15:30 Кальяри - Лечче
05/05 17:00 Осасуна - Бетис
05/05 18:00 Брайтон - Астон Вилла
05/05 18:00 Челси - Вест Хэм
05/05 18:00 Эмполи - Фрозиноне
05/05 18:00 Верона - Фиорентина
05/05 19:15 Сельта - Вильярреал
05/05 20:30 Ливерпуль - Тоттенхэм
05/05 21:00 Милан - Женоа
05/05 21:30 Валенсия - Алавес
05/05 23:45 Рома - Ювентус
06/05 00:00 Райо Вальекано - Альмерия
06/05 00:00 Севилья - Гранада

Қаҳрамонлар ва омадсизлар

Баҳо:
+ | -

Мана, деярли бир йил мобайнида бизнинг тинимсиз баҳс-мунозараларимизга сабаб бўлган футбол бўйича Европа миллий чемпионатлари ҳам деярли сўнгги манзилга етиб келди. Қайсидир клублар ўз мухлисларига беқиёс хурсандчилик улашиб чемпионликни нишонлашди, яна баъзи бир жамоалар совринли ўринлардан қуруқ қолишди. Шундай экан, келинг, охирги турдан сўнг ўзгача йўлдан бориб, Европанинг кучли ички биринчиликларидаги воқеа-ҳодисаларга батафсилроқ тўхталамиз. Бунинг учун аввало, сайёрамиздаги энг қизиқарли мусобақалар - АПЛ ва примерода кузатилган воқеаларга тўхталамиз. Газетамизнинг кейинги сонларида эса навбати билан Германия, Франция ва Италия чемпионатлари якунлари ҳақида ҳикоя қиламиз.

 

Қаҳрамон - Хонас ГУТЬЕРРЕС («Ньюкасль» ярим ҳимоячиси)

«Челси» аъзоси Азар бу мавсумда Месси ва Криштиану Роналду билан қиёсланди. Арзийди! «Манчестер Сити» ҳужумчиси Агуэро 26 гол уриб, тўпурар бўлди. Ажойиб! Собиқ ғишт терувчи Остин эса «КПР»да ўзини кўрсатиб, Англия термасигача етиб борди. Наҳотки?!

Лекин бу футболчиларнинг ҳеч бири «Ньюкасль» хавбеги Хонас Гутьерресга тенг келолмайди. Чунки у бошқалардан фарқли равишда, футболга бўлган кучли муҳаббат туфайли даҳшатли касаллик - саратонни енгиб, яна майдонга қайта олди. Футболчига мазкур ташхис қўйилган вақтда уни клуб мухлисларидан тортиб, Диего Марадонагача, хуллас барча қўллаб-қувватлади. Буни қарангки, 4 март куни у «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйинда захирадан майдонга тушди. Бу вақтда уни бутун «Сент-Жеймс Парк» тик турганча олқишларди.

 

Омадсиз - Тони ФЕРНАНДЕС («КПР» хўжайини)

Малайзиялик табдиркор инглиз клубларидан бирига раҳбарлик қилишни жуда хоҳларди. Ниҳоят, 2011 йили Фернандес «КПР» акцияларини сотиб олиб, клубни ўзлаштирди. Сўнг мухлисларга тоғ-тоғ ваъдалар бериб, мураббийликка Харри Реднапп­ни олиб келди. Фойдасиз: 2013 йили жамоа премьер-лигадан тушиб кетди. Орадан бир йўл ўтиб, «ҳалқалар» яна элитага қайтишди. Фернандес эса яна бир тўда юлдузларни сотиб олди. Бефойда: 0:6 ҳисобида «Манчестер Сити»дан учралган мағлубият Тонининг клубини яна пастга улоқтирди.

 

Кашфиёт - Харри КЭЙН («Тоттенхэм» ҳужумчиси)

Биласизми, инглизча Hurricane сўзи ўзбекчада «тўфон» деган маънони англатади. 21 ёшли «Тоттенхэм» ҳужумчиси ҳозирча ўзига қў­йилган бу лақабни тўла-тўкис оқламоқда. Ҳолбуки, ўтган кузда ҳам уни деярли ҳеч ким танимасди, ҳисоб. Лекин Харри илк бор гол урганида ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйган бўлса-да, кейинчалик кучли тезлик олиб, сўнгги дақиқаларгача АПЛ «Олтин бутса»си учун курашди. Айт­ганча, тез орада, аниқроғи июнда Европа ёшлар терма жамоалари ўртасида қитъа чемпионати бошланади. Шубҳасиз, Кейн бу турнирга бош юлдузларнинг бири сифатида боради.

 

Ажабланиш - Радамель ФАЛЬКАО («МЮ» ҳужумчиси)

Биласизми, сиз мақолани то шу еригача мутолаа қилгунингизча, Фалькао бир ойлик иш ҳақингиз миқдорида бойиди. Зеро, колумбиялик футболчи «МЮ»да ҳафтасига 346 минг фунт маош олмоқда. Аммо премьер-лигадаги энг қимматбаҳо ҳужумчиларнинг бири мавсум бошидан бери атиги 4та гол урди. Бу эса ҳатто «Челси» ҳимоячиси Жон Террининг голларидан ҳам кам...

 

ВоҚеа - Жеррард билан хайрлашув

Шу йилнинг 2 январида «Ливерпуль» билан бирор марта чемпион бўла олмаган Жеррард жамоадан кетишини маълум қилди. Эътиборлиси, бу вақтда «Ливерпуль» олтин медаллардан умидини узган, аммо Англия кубогида ютуққа эришиши мумкин эди. Қолаверса, 30 майга белгиланган финал кунида у 35 ёшга тўларди. Афсуски, «қизиллар» ярим финалда «Астон Вилла»дан мағлуб бўлиб, курашдан чиқиб кетишди. Шундай қилиб, Жеррарднинг хайрлашув тадбири 37 турдаги «Кристал Пэлас»га қарши ўйинга белгиланди ва яна сенсация рўй берди...

Ўйиндан сўнг барча Стив Жининг кўз ёшларини кутганди. Бироқ у йиғламади. Хуллас, «Ливерпул»нинг машҳур ЧЛ-2005 финалида тўп сурган сўнгги футболчиси ҳам жамоадан кетди.

Испания: Мессининг қайта туғилиши

 

Қаҳрамон - Лионель МЕССИ («Барселона» ҳужумчиси)

Қисқа қилиб айтганда, аргентиналик форвард мавсумни қойилмақом ўтказди. Шунинг учун примеронинг бу мавсумдаги энг яхши футболчиси номини аниқлаш ҳам нисбатан осонроқ кечди. Айниқса, Суаресга ҳужум марказини бериб, Мессининг ўзи учун қадрдон ўнг қанотга жойлашиши кутилганидан ҳам аъло натижалар берди. Яъни, Месси 18 марта (Ла-лига рекорди) шерикларини тўп билан таъминлаб, ўзи 43 голга муаллифлик қилди.

 

Омадсиз - Жерар ДЕУЛОФЕУ  («Севилья» ҳужумчиси)

Каталониялик ёш ҳужумчи анчадан бери «янги Месси» сифатида эркалаб келинарди. Шу боис «Эвертон»да маҳорат ошириб қайтган Деулофеу «Барса»га бўлажак супер­юлдуз қатори қўшилиб олди. Аммо ўтган август ойидаёқ Луис Энрике уни мураббийларга бўйсунмасликда ва машғулотларда астойдил меҳнат қилмасликда айблаб, жамоадан ҳайдаб солди. «Севилья» эса шундай иқтидорга эга чиқиб қолганидан хурсанд эди. Бироқ у тез орада Унаи Эмери билан ҳам кескин оҳангда гаплаша бошлади. Албатта, бунинг оқибати захира ўриндиғига «маҳкам» жойлашиш билан тугади.

 

Кашфиёт - Хосе ГАЙЯ («Валенсия» ҳимоячиси)

Афтидан, «Месталья» стадионининг ён-атрофида, қаердадир чап қанот ҳимоячиларини етказиб берадиган инкубатор жойлашган. Акс ҳолда, Бернат ва Хорди Альба сингари ҳимоячилар кетидан дарров 19 ёшли Гайя етишиб чиқармиди?! Хуллас, «Валенсия» академияси жаҳон футболига навбатдаги паст бўйли, аммо чаққон, техникаси юқори, иккала қанотларда ҳам бирдек ўйнайверадиган яна бир ажойиб футболчини тақдим этди. Гайя ҳозирданоқ кўплаб топ-клублардан таклиф олди. Бироқ ҳозирги «Валенсия» чўнтаги қаппайган ҳомий - Питер Лимга эга бўлди ва энди футболчиларини сотиш ҳақида ўйламай қўйди.

 

Ажабланиш - «РЕАЛ»

Таъкидлаш лозим, ўтган йилги календар Мадрид клуби учун жуда ажойиб кўриниш олди: «Реал», ниҳоят, ЧЛда ўнинчи бор зафар қучиб, «десима»га эришди. Кузда эса Карло Анчелотти шогирдлари жуда сифатли футбол намойиш қилиб, кетма-кет 22 ўйинда ғалаба қозонишди. Аммо янги йил байрамидаги танаффусдан сўнг клубнинг ишлари ортга кетди. Аниқроғи, Модрич жароҳат олиб сафдан чиққач, жамоада унинг ўрнини босадиган номзод топилмади. Бу эса клубнинг кадрлар масаласидаги нўноқлигидан дарак берарди. Боз устига, Криштиану Роналду ва Бэйл ҳам шахсий ҳаётда муаммоларга учраб, ўз имкониятлари даражасида тўп сура олишмади. Охир-оқибат, жамоа инқироз кўчасига кирди. «Реал»дек клубнинг сўнгги етти йилда атиги битта чемпионликни нишонлаши - шармандалик», - деди доим мадридликлар устидан куладиган Христо Стоичков.

 

ВоҚеа - Хавининг кетиши

Каталониянинг «Барселона» клубида ўтган 24 йиллик фаолиятдан сўнг испан футболидаги энг яхши футболчилардан бири бўлган Хави жамоа билан расман хайрлашди. Бу ҳодиса сўнгги турнинг «Депортиво»га қарши ўйинида кузатилди. Примеродаги охирги қадамларни қўяётган Хави албатта, ўйиндан сўнг кўз ёшларини тийиб тура олмади ва 90 минг кишилик аудитория қаршисида қўлига микрофон тутгач, узоқ вақтгача хўрсиниб, ички туйғулар туфайли сўз бошлай олмади. Аввалига у ишқибозлар билан ўзининг фаолиятидаги энг ёрқин лаҳзалар акс этган видеолавҳани жимгина кузатди. Кейин эса жуда кучли ва оғир ҳаяжон билан барчага миннатдорчилик билдирди. Нутқини тугатар-тугатмас, у юзини қўллари билан яшириб олди. Дарвоқе, гарчи хайрлашув маросими ўтказилган бўлса-да, Хави яна иккита ўйинда жонажон клуби либосида ҳаракат қилади. Ахир «Барса»ни олдинда «Атлетик»ка қарши Испания кубоги ва «Ювентус»га қарши ўтажак ЧЛ финаллари кутиб турибди.

И.РАҲИМОВ тайёрлади.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 19:18, 29.05.2015.
Ўқилди: 5565 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.