Ўзбекистон миллий терма жамоаси 8 июндан 17 июнга қадар йиғин ташкил этади. Миржалол Қосимов устозлигидаги бош жамоамиз 11 июнь куни Эрон термасига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказса, 16 июнда КХДРга қарши ЖЧ-2018 саралаш босқичидан ўрин олган биринчи ўйинда майдонга тушади.
Терма жамоамизнинг навбатдаги йиғинига чақирув олган футболчилар орасида “Локомотив”нинг ёш ярим ҳимоячиси Икром Алибоев ҳам бор. Илк бор миллий жамоамиз йиғинига таклиф этилган иқтидорли футболчи SPORTS.uzга ўз таассуротларини бўлишди.
"Миллий терма жамоа либосини кийиш — ҳар қандай футболчининг орзуси саналади. Мен ҳам ёшлигимдан бош жамоа таркибида майдонга тушишни орзу қиламан. Шукрки, бу орзуим рўёбга чиқиш арафасида. Лекин ростини айтадиган бўлсам, терма жамоамиздан таклиф олишимни кутмагандим. Аммо йиғинга чақирилган футболчилар рўйхатидан ўрин олганимни эшитиб роса хурсанд бўлдим. Энди ҳаяжонимни енгиб, менга билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қилишим лозим бўлади. Умид қиламанки, терма жамоа сафига бежизга жалб этилмаганимни исботлайман", - дейди ёш истеъдод эгаси.
Зоҳирбек Акрамхонов ёзиб олди