Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Марадона ФИФА президенти бўлмоқчи?

Баҳо:
+ | -

Аргентиналик таниқли футбол афсонаси Диего Армандо Марадона ФИФА президентлиги учун жиддий курашиш нияти борлигини ошкор қилди. Биз эса шу баҳонада миллионлар кумири бутсаларини михга илгач, яна нималар билан шуғулланиб кўрганини эслаб оламиз.

Мураббий

Диего Марадона футболчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг узоқ вақт ишсиз қолмади. Яъни, у ЖЧ-1994дан кейин камтаргина «Депортиво Мандию» клуби бошқарувини ўз қўлига олди. Айтганча, жамоага Марадона билан бирга унинг термадаги дўсти, дарвозабон Серхио Гойкоэчеа ҳам таклиф этилганди. Лекин кунларнинг бирида омадсиз ўйиндан кейин жамоа кийиниш хонасига Освальдо Крус исмли раҳбарлардан бири кириб келиб, футболчиларни ҳақорат қила кетди. Марадона «Бу ерга фақат футболчилар киришга ҳақли» деб уни тинчлантирмоқчи бўлганди-ю, аммо «Сен ўзинг кимсан?» деган жавобни эшитди. Воқеа эса ўша раҳбарнинг калтакланиши ва Марадонанинг ишдан ҳайдалиши билан тугади.

Буюк футболчининг энг машҳур мураббийлик фаолияти шубҳасиз, 2008-2010 йилларда Аргентина термасини бошқарган даври бўлади. Диего ҳар бир аргентиналик футболсеварнинг орзуси бўлган лавозимда ишлашни шунчалик хоҳлар эдики, ҳатто дастлабки вақтларда термани текинга, маош олмай бошқарди. ЖАРда ўтган мундиал саралаш босқичи Марадона шогирдлари учун кўнгилдагидек якунлангач, Диего дипломатик тарзда ўзининг жамоасини танқид қилувчиларга уларнинг борликлари учун ташаккур билдирди. Аммо жаҳон чемпионати аргентиналиклар учун немислардан йирик ҳисобда мағлуб бўлиш билан якунланди - 0:4. Бунақаси сўнгги 40 йил ичидаги мундиалларда кузатилмаган эди. Марадона шундан кейин ўзининг ҳужумкор услубидан қониққанини айтди-да, термадан кетди. Аслида у ўз лавозимида қолиши ҳам мумкин эди. Лекин Аргентина ФФ раҳбарлари агар Марадона ўзининг ёрдамчиларидан воз кечса, бемалол вазифасини давом эттиришини таъкидлашди. Бироқ футбол афсонаси ҳеч қачон «ўзиникилар»га сотқинлик қилмаслини айтиб, истеъфо берди.

Орадан маълум фурсат ўтгач, Диего БААнинг «Ал-Васл» клубига бош мураббий этиб тайинланди. Лекин унинг бошқарувида ўртамиёна клубнинг натижалари яхшиланмади. Аксинча, клуб ва унинг мураббийи атрофида ОАВ диққатига арзийдиган жанжаллар ҳаддан ташқари кўпайди. Марадона жамоани бир йил бошқаргач, клуб расмийлари у билан кутилганидан кўра эртароқ хайрлашишга қарор қилишди. Шундан бери Марадона ўзига янги жамоа топа олмаяпти. Диегога ўхшаш жанжалкаш ва бўйсунмас мутахассис билан ишлашни ким ҳам хоҳлайди дейсиз?!

Журналистлар кушандаси

Марадонанинг ОАВ билан алоқаси, жуда юмшоқ қилиб айтганда, ҳеч қовушмади. Чунки, у журналистларнинг деярли бир хил саволлари, ортидан мудом кузатиб юришгани, шахсий ҳаёти борасида турли миш-мишлар тарқатишгани учун ёқтирмай қолганди. 1994 йилнинг 2 февралида Марадона унинг уйига интервью мақсадида келган мухбирларни пневматик тўппончадан ўққа тутди. Натижада, тўрт киши енгил жароҳат олди. Бу иш учун прокурор унга тўрт йиллик қамоқ жазосини сўради. Лекин афсонанинг адвокати жазони енгиллатиб, 2 йилу, 10 ойлик шартли муддат берилишига эришди.

Ушбу шов-шув босилгач, Диего Кубада ҳунар кўрсатди. Ўшанда у гиёҳвандлик иллатига қарши даволанаётган, Reuters агентлигининг ходимлари эса машина ичида ўтириб олганча Марадонани суратга олишга уринишганди. Бундан ростмана жаҳли чиққан Диего ходимлар ўтирган машина ойналарини чил-чил қилиб юборди. 2001 йилда эса у El Panama America газетасининг мухбири ва сураткашини дўппослади. 2007 йил мартида Марадона ўзини тунги клубда суратга олишга уринган фотомухбирнинг «адабини берди». 2010 йилнинг 19 майига келиб у Аргентина ФФ биноси остонасида бир телеоператорнинг оёғини кўра-била туриб босиб кетди. Адолат юзасидан айтиш лозим, Марадона фақат мана шу сўнгги воқеадагина жабрланувчидан узр сўради. Қолганларида эса...

 

Журналист

Тақдирнинг ҳазилини қарангки, гарчи Марадонанинг ўзи футболчиликдан кейин кўпинча телеэкранларда кўриниш бериб, салкам мухбирлик вазифасини бажарса-да, унинг ОАВларга бўлган салбий муносати ўзгармай қолаверди. Келинг, ҳаммасини бир бошдан бошлайлик: Марадона футбол билан хайрлашгач, дарров телеканаллар эътиборига тушди. Жумладан, у ЖЧ-1998 баҳс­ларини Tele America каналида шарҳлади. 2002 йилда мундиални Мексиканинг Televisia канали билан кузатди. Бу вақтда ҳатто Япония ҳукумати ҳам Марадонага мамлакатга киришга рухсат берди. Сўнг Марадона ЖЧ-2006 арафасида Аргентинанинг Telefe телекомпанияси билан шартнома имзолади. Бунгача эса у маҳаллий La Noche del 10 («10лик оқшоми») шоусида бошловчилик қилди. Диего бу дастурга Пеле ва Майк Тайсонларни таклиф қилди, Куба раҳбари Фидель Кастро ва шахмат бўйича жаҳон чемпиони Анатолий Карповлардан интервью олди. Теледастур 2005 йил сўнггида Clarin Espectaculos мукофотига сазовор бўлди.

Жанжалкаш

Табиатан бўйсунмас характерга эга Марадона қонунлар билан жуда кўп бор тўқнашган. Уни кўпроқ никоҳсиз туғилган чақалоқлар масаласида «қийнашган». «Ота»нинг ўзи эса фарзандларини кўп ҳолларда тан олмаган. Диего Италия ҳуқуқ-тартибот идоралари билан яна солиқ масаласида ҳам кўп бор жанжаллашган. Жумладан, у «Наполи» шарафини ҳимоя қилган сўнгги икки йилда ҳукуматга 38,5 миллион евро миқдорида солиқ тўлаши талаб қилинган. Иш шу даражага бориб етдики, Италия полицияси Диего бирор-бир юмуш билан мамлакатга келиб қолгудек бўлса, ундан бириор-бир қимматбаҳо буюмни тортиб олишга ҳам уринди. Масалан, аргентиналикка тегишли қимматбаҳо Rolex соати, қиймати 4 минг еврога тенг зирак ва ҳоказолар. Солиққа боғлиқ машмашалар ҳатто 2012 йилда ҳам тинмади: Диего Италия солиқ идораларидан 40 млн. евро қарздор эканлиги маълум қилинди. Лекин собиқ футболчи ҳалигача шахсий адвокати унинг айб­сиз эканини исботлаганини таъкидлашдан чарчамаяпти.

 

Тобеълик

Аргентиналик футбол афсона «Барселона»дан таклиф олган пайтларида ҳам бир-икки бор гиёҳвандларга қўшилиб қолган экан. Буни унинг ўзи яқинда тан олди. Диегонинг сўзларига қараганда, ўшанда у янги мамлакат ва янги муҳитга мослашиш учунгина шу йўлга кирганмиш (бу бизда «Тўқликка шўхлик» дейилса керак). Оқибат шу бўлдики, Диего наркотик моддаларга тобелик натижасида Аргентина ва Кубадаги махсус клиникаларда даволанди. Бундан ҳам ёмони, Марадона гиёҳвандликни касб қилиб, соғлигига жиддий путур етказиб олди. Масалан, 2000 йил январида у Кантегриль шифохонасига юрак аритмияси ташхиси билан ётқизилди. Диегонинг вакили Гильермо Коппола ўшанда касалликка наркотиклар эмас, асаб тизимининг ишдан чиқиши сабаб бўлганини айтди. Клиникадан чиққач, Диего Кубага йўл олиб, ёпиқ турдаги шифохоналарнинг бирида узоқ вақт даволанди. 2004 йилнинг апрелига келиб у «ўткир юрак етишмовчилиги» баҳонасида яна касалхонага жойлаштирилди. Бу гал даволаниш самара берди, ҳар ҳолда - Марадона шифохонага 120 килолик ортиқча вазн билан келиб, у ердан 70 кг.лик енгил вазнда чиқиб кетди.

Артист

Бақувват оёқлар, етарлича тезлик ва ҳаракатлардаги аниқлик боис, Марадона ортиқча қийинчиликларсиз рақсга туша олади. У Италиянинг RAI телеканалида намойиш этилган мусиқали дастурда чиқиш қилганда ҳайратдан кўпчилик ёқа ушлаганди. 2000 йили Марадона Yo soy el Diego («Мен - Диего») деб номланган автобиографик асарини нашр қилдирди. Бундлан ташқари, 2002 йил ёзида у ўз қўшиқларидан иборат дискни ҳам сотувга чиқарди. Табиийки, бу куйлар орасида энг машҳури «Яратганнинг қўли» деб аталарди. 2008 йилга келиб эса «Марадона» номли фильм дунё юзини кўрди. Босниялик режиссёр Эмир Кустурици томонидан суратга олинган мазкур ҳужжатли картинада бош қаҳрамон ўтмиши ҳақида ҳикоя қилади.

Амалдор?

Маълумки, ФИФАнинг амалдаги раҳбари Йозеф Блаттер шу йилнинг 29 май куни мазкур лавозимга бешинчи бор қайта сайланди. 2 июнда эса у коррупцияга боғлиқ машмашалар туфайли ўз ҳоҳиши билан истеъфо берди. Энди 2015 йил декабридан 2016 йил февралигача бўлган муддат ичида бўшаб қолган раҳбарлик ўрнига сайловлар бўлиб ўтади. Бунгача эса Блаттер вақтинча ўз ишини бажариб туради. Мазкур курсига даъвогарлар орасида таниқли француз собиқ-ҳимоячиси Давид Жинола, Иордания шаҳзодаси Али бин Ал-Ҳусайн, ФИФАнинг собиқ вице-президенти Чон Мон Жун, Либерия ФА президенти Муса Билити, бразилиялик афсонавий футболчи Зико ва ниҳоят, бугунги қаҳрамонимиз - Диего Армандо Марадоналарнинг номлари бор.

Марадона ўз мақсадларини баён қилар экан, ташкилотга АҚШ ва Швейцария идоралари томонидан очилган ишни тўла қўллаб-қувватлашини айтди. Қолаверса, Диегонинг ўзи ҳам доим Фидель Кастро, Уго Чавес, Нестор Киршнер каби раҳнамоларга мойиллик билдириб, «халқ одами» эканини исботлаб бўлган эмиш. Шунинг учун бемалол айтиш мумкинки, агар чиндан ҳам Марадона ФИФА президенти бўлиб қолса, ташкилот бир бошдан бутунлай янгиланса, ажабмасмиш.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам Марадонадек исёнкор инсоннинг футбол бошқарувида пайдо бўлишини кузатиш қизиқарли бўлади. Лекин у ўз мақсадига ета олармикан?! Ҳамма гап ана шунда...

Исроил РАҲИМОВ тайрлади, "ИнтерСПОРТ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 14:57, 28.06.2015.
Ўқилди: 3578 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.