Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ишсиз мураббийлар салтанати

Баҳо:
+ | -

Football.uaнинг аниқлашича, келгуси мавсумда аксарият италиялик мураббийлар ишсиз қолишлари мумкин. Хўш, улар ким экан?

Карло Анчелотти

Ёши: 56да

Фаолият олиб борган жамоалари: «Режана», «Парма», «Ювентус», «Милан», «Челси», «ПСЖ», «Реал»

Совринлари: 16та - Чемпионлар Лигаси (2003, 2007, 2014), УЕФА суперкубоги (2003, 2007, 2014), Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати (2007, 2014),  Италия чемпионати (2004), Италия кубоги (2003), Италия суперкубоги (2004), Англия чемпионати (2010), Англия кубоги (2010), Коммьюнити Шилд (2009), Франция чемпионати (2013), Испания кубоги (2014)

Шартномаси: «Реал» билан 2016 йилгача

Чемпионлар Лигасининг ярим финалида кутилган натижага эришилмади, примерода эса иккинчи ўрин эгалланди.  Мадриднинг «Реал» жамоаси раҳбарияти дунёнинг энг машҳур мураббийларидан бирини истеъфога чиқарди.

Матбуотда Анчелоттининг «Манчес­тер Сити» билан музокара олиб бораётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Айтишларича, Сильвио Берлускони  ҳам Карлетто билан шахсан учрашиб, уни «Милан»га қайтишга кўндирмоқчи бўлган. Ҳаттоки, бунинг учун мўмайгина маблағ ҳам ваъда қилган. 

Аммо Анчелотти саломатлигини мус­таҳкамлаш мақсадида фаолиятида бир йиллик танаффус эълон қилиб, кўпчиликни ҳайратга солди. Маълум бўлишича, Карлонинг орқа мия умуртқасида қисилиш юз берганлиги туфайли тиббий амалиёт ўтказиш зарурати туғилган. Даволаниш курслари Ванкуверда ўтади. 

 

Чезаре Пранделли

Ёши: 57да

Фаолият олиб борган жамоалари: «Аталанта», «Лечче» «Верона», «Венеция», «Парма», «Рома», «Фиорентина», «Италия термаси, «Галатасарой»

Совринлари: 1та - Италия «Б» серияси (1999)

Шартномаси:  йўқ...

Италия терма жамоаси 2014 йилги жаҳон чемпионатида муваффақиятсизликка юз тутгач, Чезаре Пранделли Туркияга йўл  олиб, обрўсини тикламоқчи бўлди. Аммо уриниш фойда бермади: «Галатасарой»даги фаолияти суперкубок баҳсидаги мағлубият билан бошланди. Унинг бош мураббийлиги остида ўтган 16та учрашувнинг 8таси мағлубият билан якунланди.  Шунинг учун ноябрнинг охирида Чезарега чиқиш эшиклари кўрсатилди.

Аслида, Пранделли билан 5 миллион еврога мўлжаллаб тузилган шартнома муддати июнь охирида тугаши керак эди. «Галатасарой»нинг расмий сайти хабар беришича, Чезаре билан шартноманинг бекор қилиниши туфайли унга 3 миллион евро миқдорида товон пули тўланади. 

Пранделли «Вест Хэм» мураббийлиги учун даъвогар сифатида рўйхатга олинганлардан бири эди. Аммо жамоа­дагилар Славен Биличга ишонч билдиришди. Чезаре яқин йиллар ичида Италияда кўриниш бермаслиги аниқ. Чунки у сўрайдиган маош миқдори жуда кўп, боз устига, бўш жой ҳам йўқ.

Винченцо Монтелла

Ёши: 41да

Фаолият олиб борган жамоалари: «Рома», «Катанья», «Фиорентина»

Совринлари: йўқ

Шартномаси: «Фиорентина» билан 2017 йилгача

Монтелла «Фиорентина»да 3 йил фаолият кўрсатди ва шу муддат ичида жамоа уч марта 4-ўринни эгаллади. Ёмон натижа эмас, албатта. Мураббий бундан ҳам кўпроғини хоҳлади ва Чемпионлар Лигасида ўзини синаб кўрмоқчи бўлди. Бунинг учун эса раҳбариятдан маблағ сўралди. Аммо ака-ука Делла Валлелар мураббийнинг талабини қондиришни хаёлларига ҳам келтиришмади. Оқибатда келишмовчилик туфайли Монтелла таътилдан қайтишини ҳам кутмай ишдан бўшатиб юборилди.

Бундай можаролар туфайли мураббий «Наполи» ва «Милан»да ҳам ишга эга бўла олмади.

 

Лучано Спаллетти

Ёши: 56да

Фаолият олиб борган жамоалари: «Эмполи», «Сампдория», «Венеция», «Анкона», «Удинезе», «Рома», «Зенит»

Совринлари: 7та - Италия кубоги (2007, 2008), Италия суперкубоги (2007), Россия чемпионати (2010, 2012), Россия кубоги (2010), Россия суперкубоги (2011)

Шартномаси: «Зенит» билан 2015 йилнинг декабригача

Бундан 6 йил аввал Россияга жўнаган мураббийни Италияда бироз унутишгандек. Лучано 2014 йилнинг мартидан буён ишсиз юрибди. Аммо шартномада келишилганидек, Санкт-Петербург клубидан мавсумда 3,3 миллион еврони нақд санаб олди. Ҳақиқатан келишув шу йилнинг декабригача тузилган, бироқ Спаллетти «ўйин»га қайтишга у қадар шошилаётгани йўқ.

Шунингдек, унинг «Наполи»га ўтиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

 

Вальтер Маццарри

Ёши: 53да

Фаолият олиб борган жамоалари: «Ачириале», «Пистойезе», «Ливорно», «Режина», «Сампдория», «Наполи», «Интер»

Совринлари: 1та - Италия кубоги (2012)

Шартномаси: «Интер» билан 2016 йилгача

Вальтер Маццарри жорий мавсум «Интер» учун омадсиз кечганлигидан хурсанд. Зеро, тосканиялик мураббийнинг жамоани Чемпионлар Лигасига олиб чиқишига ишончи комил эди.

Ўтган йилнинг ноябри ўрталарида «Милан» клубидан ишдан бўшатилганлиги Вальтернинг барқарор фаолиятига соя солди. «Интер» ўшандан буён мураббийлар учун маблағни сарфлаб ётибди: Манчини йилига 4 миллион евро, Маццарри эса 3,3 миллион евро олади.

Бу мураббий ҳам бошқа бекорчи касбдошлари сингари Италия жамоа­ларида мураббийлар курсиси бўшашидан умидвор. Сўнгги миш-мишларга қараганда, унга «Марсель» жиддий қизиқиш билдирган.   

 

Клаудио Раньери

Ёши: 63да

Фаолият олиб борган жамоалари: «Вигор Ламеция», «Кампания Путеолана», «Кальяри», «Наполи», «Фиорентина», «Валенсия», «Атлетико», «Челси», «Парма», «Ювентус», «Рома», «Интер», «Монако», Греция термаси

Совринлари: 8та - Интертото кубоги (1998), УЕФА суперкубоги (2004), Италия «Б» серияси (1994),  Италия кубоги (1996), Италия суперкубоги (1996), Испания кубоги (1999), Италия чемпионатининг «С1» серияси (1989), Франция 2-лигаси (2013)

Шартномаси: Греция термаси билан 2016 йилгача

Греция футбол федерацияси таклифига кўра жамоага ишга ўтган Раньери олдига термани 2016 йилги Европа чемпионатига олиб чиқиш вазифаси қўйилди. Аммо ноябрга келиб, Клаудио вазифасидан озод этилди. Чунки 4та ўйинда атиги бир очко олинди, холос. 

Греклар билан тузилган шартнома йил охиригача амал қилади ва Раньери 800 минг еврога барибир, эга бўлади. Афтидан, ишнинг бунақанги тус олиши мураббийга ҳам маъқул келади, чоғи. Чунки «Б» сериясига тушиб қолган «Кальяри»дан таклиф бўлганди, кўнмади. Молиявий масалаларда ўзаро келиша олишмади, шекилли.

 

Альберто заккерони

Ёши: 62да

Фаолият олиб борган жамоалари: «Чезенатико», «Риччоне», «Бока Сан Ладзаро», «Баракка Луго», «Венеция», «Болонья», «Козенца», «Удинезе», «Милан», «Лацио», «Интер», «Торино», «Ювентус», Япония термаси

Совринлари: 5та - Италия чемпионати (1999), Италия «С 2»  серияси (1990), Италия чемпионати «С1» серияси (1991), Осиё кубоги  (2011), Шарқий Осиё кубоги (2013)

Шартномаси:  йўқ

Заккерони ҳам худди Спаллетти сингари италиялик футбол мухлислари нигоҳидан узоқлашиб кетди. Яъни у 2010 йилнинг ёзидан Япония­да иш бошлади.

Италиялик мураббий Қатарда бўлиб ўтган Осиё кубоги баҳсларида кунчиқар юрт терма жамоаси ғалаба қозонишини таъминлади. Ҳаттоки, 30та ўйинда бирор марта ҳам мағлубиятга учрамай, рекорд натижага эришди. Бундай хизмати учун у император Акихитонинг назарига тушди.

Бахтга қарши, Бразилияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Япония термаси гуруҳда охирги ўринни эгаллади. Турнирдан сўнг Заккерони шартномани давом эттирмаслигини баён қилди.

Ҳозирча бекор юрган мураббийнинг Италия термасига ўтиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. 

 

Андреа Страмаччони

Ёши: 39да

Фаолият олиб борган жамоалари: «Интер», «Удинезе»

Совринлари: йўқ

Шартномаси: йўқ

«Интер»да муваффақиятсиз мавсум ўтказган Страмаччони бир йил дам олди. Кейин эса «Удинезе»да фаолият юритди. Ёшлар билан ишлаётган мураббийнинг ишлари силлиққина кетаётгандек эди. Бироқ кутилмаган ҳолат юз берди: «А» сериясида 41 очко тўплаб, 16-ўрин эгаллангач, шартномани давом эттиришга ҳожат қолмади.

 

Филиппо Инзаги

Ёши: 41да

Фаолият олиб борган жамоалари: «Милан»

Совринлари: йўқ

Шартномаси: «Милан» билан 2016 йилгача

«Милан» ёшлари билан олиб борган ишлари Инзаги учун гўёки трамплин вазифасини ўтади. Сильвио Берлускони ва Адриано Галлиани асосий жамоа­ни унга ишониб топширишди. Аммо «россонерлар» мавсумни 9-ўринда якунладилар. Бу эса 17 йиллик мавсум мобайнидаги энг ёмон кўрсаткич эди... 

Хуллас, Пиппонинг ўрнига Синиша Михайлович келди. Ишсиз қолган мураббийнинг олдида иккита йўл турибди: футболдан бутунлай кетиш ёки ҳаммасини бошидан бошлаш. Айтишларича, «Катанья» уни ўз сафига олиши мумкин экан.

 

Жанфранко зола

Ёши: 48да

Фаолият олиб борган жамоалари: «Вест Хэм», Италия термаси (U-16), «Уотфорд», «Кальяри»

Совринлари: йўқ

Шартномаси: йўқ...

«Челси»нинг собиқ футболчиси учун «Кальяри»даги мураббийлик фао­лияти омадли кечмади. Аввалроқ «Вест Хэм» ҳамда  «Уотфорд»да ҳам ишлаган бироқ у ердан ҳам ҳайдалган Зола Италияга катта умидларда чақирилганди. Аммо «Палермо» билан бўлган биринчи баҳсдаёқ 0:5 ҳисобида имконият бой берилди. Охир-оқибат, клуб раҳбарияти жамога Зденек Земанни қайтаришни афзал билди.

Чиро Феррара

Ёши: 47да

Фаолият олиб борган жамоалари: «Ювентус», Италия термаси (U-21), «Самп­дория»

Совринлари: йўқ

Шартномаси: йўқ...

«Наполи» ҳамда «Ювентус»нинг собиқ ҳимоячиси 2009 йилда «кекса синьора»ни бошқариш таклифини бажонидил қабул қилди. Туринликлар ўша пайт Италияда гегемонлик мавқеини қайтариб олмаган бўлишса-да, Чемпионлар Лигасида тўп сураётгандилар. Тажрибаси йўқ мураббий ечими қийин бир талай муаммога дуч келди. Оқибатда «Юве» Чемпионлар Лигасидан «учиб» кетди, Европа лигасида ҳам фаолиятини тўхтатди ва Феррара Альберто Заккерони билан алмаштирилди.  

Икки йилча италиялик ёшлар билан ишлаган мутахассис яна «А» сериясига қайтди. Кейин «Сампдория»­да олти ой ишлай олди, холос...

 

Роберто Ди Маттео

Ёши: 45да

Фаолият олиб борган жамоалари: «МК Донс», «Вест Бромвич», «Челси», «Шальке»

Совринлари: 2та - Чемпионлар Лигаси (2012), Англия кубоги (2012)
       Шартномаси: йўқ...

Ўтган йилнинг октябрида «Шальке» бошқарувини ўз қўлига олган мураббий шу йилнинг майида (жамоа чемпионатда 6-ўриндан жой олганидан кейин) клуб билан тузилган шартномасини бекор қилди. Трансфер борасида раҳбарият билан келиша олмаганини сабаб сифатида кўрсатган Ди Маттео ҳозирча ишсиз.

 

Женнаро Гаттузо

Ёши: 37да

Фаолият олиб борган жамоалари:  «Сьон», «Палермо», «ОФИ»

Совринлари: йўқ

Шартномаси: йўқ...

Бир кун келиб албатта, «Милан»ни бошқаришни орзу қиладиган Женнаро Гаттузо ҳам иш қидираётганлардан. Мураббийлик борасида «Сьон»да бирор натижага эришолмади, мавсум тугамай «Палермо»дан ҳам ҳайдалди. Грециянинг «ОФИ»сида эса 2 ойгина ишлаб, ўз хоҳишига кўра ишдан кетди. 

Афтидан, у шотландиянинг «Хамилтон Академикал»ида фаолият юритмоқчи. Шунингдек, «Рейнжерс»­ни қабул қилиши мумкинлиги тўғрисида ҳам миш-мишлар болалаганди, аммо, жиддий натижа юз бермади. Сўнгги янгилик: бу мураббийга «Анжи» ҳамда «Кротон» томонидан қизиқиш билдирилган. Гаттузонинг қалби эса Италияга қайтиш истаги билан ёнмоқда.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 16:34, 08.07.2015.
Ўқилди: 8069 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.