Кеча Кванджу шаҳрида ўтиб бораётган навбатдаги ёзги Универсиада ўйинларининг 10-кунида таэквондочимиз, жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин талабалар ўртасида ҳам дунёда тенгсиз эканлигини намойиш этиб, барчамизни хушнуд этганди. Биз ушбу спортчимиз билан боғланиб, унинг таассуротлари ҳақида гаплашдик.
– Салом, Дмитрий. Авваломбор, қўлга киритган навбатдаги чемпионлигингиз билан табриклайман. Терма жамоамиз таркибида илк медаль эгаси бўлиб турган спортчи сифатида таассуротларингиз қандай?
– Раҳмат, барчаси аъло даражада. Даставвал, мени қўллаб турган, ишонган барча-барчага — яқинларимга, дўстларимга, юртдошларимизга, қолаверса, устозим Фахриддин ака Умаровга катта миннатдорчилик билдириб қоламан. Уларнинг далдалари менга катта куч бериб турди. Қолган спорт тури бўйича юртимиз шарафини ҳимоя қилган вакилларимизнинг шоҳсупага кўтарила олишмагани аламли. Уларнинг келажакдаги фаолиятларида омад тилаб қоламан.
– Беллашувлар олдидан қандай кечинмалар ўтди?
– Жангга тушишдан олдин барчанинг умиди мендан эканлигини учун елкамда катта масъулисят борлигини ҳис этиб турардим. Ҳеч бир ғалаба осонликча қўлга киритилмайди. Финалдаги рақибим бўй ва вазн борасида катта устунликка эга эди: узунлиги 2 метрдан, шахсий вазни 100 килограммдан зиёд эди. Бироқ барчасини тўғри баҳолай олиб, сўнгги раундда қимматли очколарни ишлашга муваффақ бўлдим.
– Бу мусобақа сиз учун нимаси билан аҳамиятли эди?
– Ёзги Универсиада ўйинларида илк бор қатнашишим. Бу турнир ҳам Рио Олимпиадасига 20 рейтинг очкосини тақдим этарди. Олимпиада ўйинларига лицензия очколарини берадиган мусобақалар, табиийки, катта ва жиддий эътиборни талаб этади.
– Олдинда сизни қандай мусобақалар кутиб турибди?
– Эндиги навбат "Корея опен" мусобақасига. Бу турнирда ҳам келаси йили Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи рейтинг очколари ўйналади. Эртадан бошлаб барча эътибор ушбу турнирга қаратилади.
– Келгусидаги фаолиятингизда ҳам улкан зафарлар тилаб, юртимизга ёруғ юз билан қайтишингизни тилаб қоламиз.
– Катта раҳмат.
Нурали ЙЎЛДОШЕВ суҳбатлашди.