Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Англия Премьер-лигасининг янги мавсум чемпионлигига даъвогарлар

Баҳо:
+ | -

Жаҳоннинг энг кучли чемпионатларидан бири бўлган Англия Премьер-лигаси ҳар мавсум мухлисларга бир олам завқ улашади. Ажойиб ўйинлару, бетакрор голлар эса унга бўлган қизиқишни янада оширади. Хўш, бу мавсум бу чемпионатга жамоалар қандай ҳозирлик кўряпти. Уларнинг мақсади нималардан иборат. Келинг, "туманли альбион" кучли бешлик жамоаларининг янги мавсумдаги имкониятларини бироз таҳлил қилиб чиқамиз.

chelsea-fc

"Челси" - ўтган йилги чемпион. Ўзининг мўътадил ўйини билан барчани лол қолдирди. Жамоанинг навбатдаги мавсум ҳам чемпион бўлишига сабаб бўладиган омиллар етарлича. Келинг, у омилларни санаб чиқайлик:

1) Мураббий ва тактика - "аристократлар"нинг тактик мослаувчи жамоалар орасида энг зўри десак адашмаймиз. Эътибори қилинг, агар тўпни ушлаб туриш керак бўлса, "Барса"дан қолишмайди, қарши ҳужумда ўйнашда эса "Реал"га ҳам бўй бермаса керак. Ҳужум қилишнику гапирмаса ҳам бўлади. Керак пайтда гол ура оладиган жамоалардан.

2) Кучли асосий таркиб ва бой заҳира - асосий таркибдаги ўйинчиларнинг маҳоратига шубҳа йўқ ва лекин яхшилаб ўрганиб чиқилса "Челси"да тенги йўқ, ўзгартириб бўлмас ўйинчининг ўзи йўқ. Жон Террининг ўрнига Зума, Сеск Фабрегас ўрнига Оскар, Диего Коста ўрнига эса Реми. Кўриниб турибдики, жароҳат пайтларида ҳам бу клуб ўйини ёмонлашиб кетмайди.

3) Футболчиларнинг руҳий тайёргарлиги - бу мавсумдан кўзга ташланган омилдан бири бу ўйинчиларнинг синдириб бўлмас руҳларидир. Неча маротаба ўйин борасида рақиблардан ёмон бўлишса ҳам охир-оқибат ғалаба билан якунланган баҳсларни эсланг. Рақиб кетма-кет ҳужумлар қилаётган бир пайтда биргина қарши ҳужум билан гол уриб келишларини ҳам. Шу омилларни ҳисобга олсак, "Челси" янги мавсумда АПЛда чемпионликка даъвогралардан эканлиги яққол кўзга ташланади.

Арсенал

"Арсенал" - ҳар доимги 4-ўрин жамоаси охирги икки йилда ўзини ўсишини кўрасата олди. Агар уларнинг ўйини ўтган мавсумнинг иккинчи ярмидагидек бўлса, улар ҳам бемалол чемпионликка даво қила оладилар. Келинг, “тўпчилар”нинг ҳам 1-ўринга олиб чиқа оладиган устун томонларини ҳам кўриб чиқайлик.

1) Мураббий тажрибаси - Арсен Венгер келган санадан буён ўзгармаган ва клуб ўйинчи ва мураббийлар штабига сингиб кетган тезкор ва ҳужумкор ўйин уларнинг устун томонларидир, "Ливерпуль" ҳам деярли шундай ўйнайди, лекин бу клубнинг бу услубидаги 16 йиллик тажрибаси йўқда.

2) "Туғма" ҳужумчи клуб - "тўпчилар" доимий равишда ҳужум қилишга ўрганишган ва балки шунинг учун ҳам уларнинг ҳимоялари унчалик ишончли эмасдир, аммо охирги икки йил ичида "Арсенал" ҳимоядаги муаммоларни бартараф этаяпти ва ўз ҳужумини Санчес ва Ўзил каби дунё миқёсидаги ўйинчилар билан кучайтирябди.

3) Ўсиш – биламизки, "Арсенал" охирги 10 йилликда доимий равишда ўзининг юлдузларини энг ёрқин пайтида сотиб, яна янгидан-янги ва ёш футболчиларни тарбиялаб келар эди. Бу ишлардан воз кечган клуб ҳозирда жуда яхши ўйнай оладиган ва тажрибага эга бўлган бутун бир жамоага эга. Уилшер, Ремси, Уолкот, Чемберлейн ва бошқа бир қатор футболчилар жамоада қолишди ва шу билан бирга ўзларини энг ёрқин даврларини шу клубда ўтказиш истагида эканликларини билдиришди. Бу ҳам клуб учун фойда ва айнан шу клубни чемпионлик учун курашга етаклаши мумкин.

МЮ

"Манчестер Юнайтед" - ўтган мавсумни 4-ўринда якунлаган жамоа Луи ван Гал бошчилигида сезирарли ўсишга эришди. Уларга нималар ёрдам бўлиши мумкин?!

1) Ван Гал ва унинг трансферлари – Голландиялик мураббий келганидан бери шов-шувли трансферларни амалга ошираётган "МЮ" бу мавсум ҳам шу анъанасига содиқ қолиб 3-4 нафар юлдуз сотиб олса ва улар кутилгандек ўйин намойиш этса чемпионликка даъвогарлик қилишлари мумкин. Мисол учун, ОАВда Бастиан Швайнштайгер аллақчон "МЮ" футболчисига айланди. Менимча бу охиргиси эмас.

2) Мос тактик услуб топиш - бу мавсумда гувоҳи бўлганимиздек, "МЮ" фақатгина иккинчи даврада бир хил услубда ўйнашни бошлаб, мўътадилликни қўлга киритди. Унгача эса жамоа ҳар хил тизим ва усулларни қўллаб кўрди ва кўпгина вазиятларда рақиб тўсиқларига дучор бўлди. Бу мавсум улар қандай услубда ўйнашларини билиш қийин. Янги ва таркибдаги футболчиларни энг афзал ўйин услубига ўргатиш Луи ван Галнинг қўлидан келса нур устига аъло нур бўларди.

3) Янги ва эски юлдузларнинг аввалги ўйинларини қайтишиАнхель ди Мария, Уэйн Руни, Бастиан Швайнштайгер, Мемфис Депай ва бошқа юлдузлар эски клубларида ёки Сер Алекс пайтидаги ўйинларини кўрсатишда Англияда ҳеч ким қаршилик қила олмаса керак. Тўғри, бу бироз мавҳум омилдир, лекин диққат билан разм солсак айнан шундай ўйинчилар бера оладиган харизма ҳозирда "МЮ"да йўқ.

Manchester_City

"Манчестер Сити" - бу клуб охирги 5 йилликда чемпион бўлиш учун барча имкониятлари бор эди ва 1-ўринни эгалламаган йиллари бу фақатгина ўз айблари билан бўлди. Хўш, келаси мавсумда "шахарликлар"нинг имкониятлари қандай?!

1) Ўта кучли таркиб - ҳеч кимга сир эмас, "Мачестер Сити"да АПЛдаги энг кучли ўйинчилар йиғилган, аммо улардан энг кучли таркиб ясаш эса мана жамоада фоалият олиб борган тўрт мураббийнинг қўлидан келмаяпти. Тўғри, улар жуда чиройли ва ҳужумкор ўйин кўрсатишади, бироқ энг керакли паллада уларнинг ўйини бирданига йўқ бўлади-қўяди. Мураббий Серхио Агуэро, Давид Силва, Яя Туре ва Винсен Компанидек кучли футболчилардан яхши жамоа шакллантира олса, уларга тенг қилиш осон бўлмайди.

2) Серхио Агуэро - тўғри бир киши ҳамма ишни қила олмайди, буни биз Лионель Мессининг Аргентина билан ўйинларида кўрдик, лекин бир киши жамоа ўйинига жуда катта таъсир ўтказа олади. Агуэро "шахарликлар" сафига ўтгандан буён "Атлетико" даги ёрқин ўйинини кўрсатишга жароҳатлар ҳалақит беряпти, аммо у ўтган мавсумдан бошлаб жароҳатлардан фориғ бўлди ва ўз ўйинини оширяпти. Агар шу йўсинда давом этса, бу форвард Манчестер жамоасини катта ғалабаларга етаклаб боради. Бунга исбот дея "Ливерпуль" ва Луис Суаресни кўрсатиш мумкин. Уругувайлик ҳужумчи жамоа юраги эди ва у билан бирга "мерсисайдликлар" ҳеч кимдан қўрқишмас эди. Ажаб эмас агар "Манчестер Сити" ҳужумчиси ҳам шу даражага чиқиб жамоасини АПЛда чемпионликка олиб чиқса.

Ливерпуль

"Ливерпуль" - тўғри бу жамоа ўтган мавсумни яхши якунлай олмади, лекин уларнинг ўйинлари мавсум давомида ўсди (агар охирги икки ўйинни ҳисобга олинмаса). “Қизиллар”дан бу мавсум нима кутиш мумкин:

1) Трансферлар - трансфер мавсуми тугашига ҳали яна 1 ойча муддат борлигига қарамай, "мерсисайдликлар" 7 ўйинчини ўз сафларига қўшиб олишга улгуришди. Бундан ташқари клубнинг трансфер сиёсати ҳисоб учун эмас, балки сифат учун эканлигини янги ўйинчиларнинг аксарияти таниқли ва ном чиқара олган эканликлари исботлайди. Натаниэль Клайн, Жеймс Милнер, Дани Ингс ва Роберто Фирминьолар шулар сирасига киради.

2) Жордан Хендерсон ва Ко. ёхуд ярим ҳимоя - бекорга ярим ҳимояни жамоа юраги дейишмайди. Ярим ҳимоячилар қандай бўлса, клуб шундай ўйнайди. Шу томондан қарайдиган бўлсак, "Ливерпуль" ярим ҳимояси жуда яхши шаклланган, Адам Лаллана, Жордан Хендерсон, Филиппе Коутиньо, Лукас Лейва, Роберто Фирминьо, Жо Аллен, Эмре Жан, Жордан Айб ва бошқалар. Бу футболчиларнинг ҳаммаси супер юлдуз бўлмасалар ҳам улар орасида ўйин тақдирини ҳал қила оладиганлари (Коутиньо, Фирмино, Хендерсон) ва рақиб ҳужумларини бартараф эта оладиганлари ҳам бор (Лукас, Аллен, Жан) қолганлари ҳам ўйинни кучайтирадику лекин пасайтирмаса керак.

3) Рожерснинг иши - бу мураббий келганидан буён клуб раҳбарияти унга ўзи хоҳлаган футболчиларни олиб бермас эди, клубнинг трансфер қомиссияси кимни олишни ҳал қилар эди ва бу кўпгина трансферлар омадсиз чиқишига сабаб бўлди (Баллотелли, Манкильо, Маркович, Ламберт, Морено, Аспас ва ҳ.к.). Шунинг учун Рожерсга сўнгги имконият ва трансфер бозорида истаган ўйинчини олиш ҳуқуқи берилганга ўхшайди, Энди мураббий бемалол ўз режаларини амалга ошириб, ажойиб жамоа шакллантира олса ажаб эмас.

  Санжар Мирхўжаев тайёрлади
Манба: sports.uz
Киритилди: 17:45, 14.07.2015.
Ўқилди: 11267 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.