14 июль куни "Ливерпуль"дан "Манчестер Сити"га трансфер қилингани расман маълум бўлган 20 ёшли англиялик вингер Раҳим Стерлинг ўзиниг янги жамоаси ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.
"Бу мен учун ва менинг оилам учун ёқимли вазият. Мен барчаси якунланганидан хурсандман. Энди янги жамоам билан машғулотларда қатнашиш ва майдонга тушишни сабрсизлик билан кутмоқдаман.
Мен "Манчестер Сити"ни дунё даражасидаги энг кучли жамоалардан бири сифатида биламан ва бу жамоа йилдан йилга совринларини кўпайтириб боришига ишонаман.
Жо Харт билан гаплашганимда, у менга бу жамоанинг қандай мухлислари борлиги ҳақида гапириб берди. Энди мен бу мухлислар учун ўйнайман.
Рафаэль Бенитесга 15 ёшдалигимда ишонч билдириб, "КПР"дан "Ливерпуль"га олиб ўтгани учун миннатдорчилик билдираман. У ва Кенни Далглиш менга ишонч билдириб, шу даражамга етишишимда муҳим ўрин тутишди.
Шунингдек, Брендан Роджерсга асосий таркибда майдонга тушириб, юқори савияга чиқишимга имконият яратиб бергани учун раҳмат айтаман", дейди Раҳим Стерлинг.
Эслатиб ўтамиз, "шаҳарликлар" Стерлингни узоқ давом этган музокаралардан сўнг, 49 млн фунт эвазига "Ливерпуль"дан харид қилиб, у билан 5 йиллик шартнома имзолади. Энди Стерлинг бу жамоа сафида 7 рақам остида тўп суради.