Англиянинг «Манчестер Юнайтед» клуби бош мураббийи Луи ван Гал International Champions Cup-2015 ўртоқлик турнири доирасидаги «Сан-Хосе Эрткуэйкс»га (3:1) қарши учрашув борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Жамоамнинг биринчи бўлимдаги ўйинидан қониқиш ҳосил қилдим. Ҳимояда худди келишиб олганимиздек яхши ҳаракат қилдик ва ҳужумда кўплаб вазиятларни яратдик. Бизда 10та голга тортадиган вазиятлар юзага келди ва уларнинг иккитасидан фойдаландик. Танаффусдан кейин эса биз жуда ёмон ўйин кўрсатдик ва ҳар доим тўпни йўқотдик.
Ягона хурсанд қиладиган томони Перейранинг голи бўлди. Биз жарима майдончамиз ичида кўплаб хавфли вазиятлар яратилишига имкон берганимиз йўқ, бироқ хавф доим таъқиб қилиб турди. Жамоанинг ярим ҳимоя чизиғи ўта бўш ўйин кўрсатди. Ҳамма ёмон ўйнади, шу жумладан Швайнштайгер ҳам.
Бундай ҳолатда асосан бир ҳафтадан камроқ вақт шуғулланиб фақатгина 45 дақиқа ўйнашга тайёр бўлганингда содир бўлиши мумкин. Захирадан майдонга чиқиш осон иш эмас. Биринчи учрашувда Бастиан яхши ҳаракат қилганди, энди – ёмон. Бу ҳам бир жараён, бирданига ҳамма нарса содир бўлмайди», – дея ван Галнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда клуб расмий сайти.