Кириш Регистрация
29/06 03:00 Колумбия 3-0 Коста-Рика
29/06 06:00 Парагвай 1-4 Бразилия
29/06 21:00 Швейцария 2-0 Италия
30/06 00:00 Германия 2-0 Дания
30/06 05:00 Канада 0-0 Чили
30/06 05:00 Аргентина 2-0 Перу
30/06 21:00 Англия - Словакия
01/07 00:00 Испания - Грузия
01/07 05:00 Ямайка - Венесуэла
01/07 05:00 Мексика - Эквадор
01/07 21:00 Франция - Бельгия
02/07 00:00 Португалия - Словения

Ван Галнинг 15 шогирди

Баҳо:
+ | -

Яқин кунларда 64 ёшини қаршилайдиган тажрибали мутахассис Луи ван Гал фаолиятини 1986 йили Алкмарнинг «АЗ» клубида бошлаган. Кейинги 29 йилни турли клублар бошқарувида ўтказган мураббий «Барселона» ҳамда «Бавария»да ишлашга ҳам улгурди. Ҳозирда «Манчестер Юнайтед» ўйинчиларига футбол сирларини ўргатаётган Ван Гал гранд клубларда юлдузлар етишиб чиқишида асосий сабабчи бўлган. Қуйидаги мақола голландиялик мутахассиснинг энг машҳур шогирдлари хусусида сўз юритади.

«Барселона», 1997-2000

Рууд ХЕСП, дарвозабон

Ван Гал «Барселона»да иш бошлаган кезлари Хеспни биринчилардан бўлиб таркибга қўшиб олганди. Ўшанда Рууд 30 ёшда эди. Бунга қадар Голландия терма жамоасидан чақирув қоғози олмаган кипер Голландия­нинг «Фортуна», «Рода» сингари ўртамиёна жамоаларида ўйнаган. 1990 йиллар сўнггида «Барса» дарвозаси унга ишониб топширилди. Хесп «Барселона» сафида 2 марта Испания чемпионлиги ва мамлакат кубогини қўлга киритган, шунингдек, УЕФА суперкубогига эга чиққанди. «Анорранглилар» билан тузилган шартнома якунига етгач, дарвозабон собиқ клуби - «Фортуна»га қайтди.

 Уинстон БОГАРД, ҳимоячи

Ван Гал эски танишини «Аякс» ва «Милан»нинг бағрикенг захира ўриндиғидан халос этди. Дастлаб барчаси ўз маромида кечди: Богард асосий таркиб футболчиси бўлибгина қолмай, иштирок этган учрашувларида гол уришга одатланди. Афсуски, бу кўтаринкилик ярим мавсумгина давом этди, холос. Уинстон «Челси»нинг кутилмаган трансферларидан бири бўлиш мақсадида клубни тарк этди. Бу пайтга келиб, Ван Гал ҳам Каталония билан хайрлашиб, Голландия терма жамоасига мураббий этиб тайинланганди.

Микаэль РАЙЦИГЕР, ҳимоячи

Райцигер «Барселона»дан аввалги клублари сафида муваффақият қозонган. 1990-1996 йиллар мавсумида «Аякс»да ўйнаган ҳимоячи кейинчалик «Милан»да порлади. Кўп ўтмай, Ван Гал Каталонияни тарк этди. Микаэль эса кейинги 7 йилни ҳам «анорранглилар» сафида ўтказди. У Каталонияда янада кўпроқ муддат қолиши ҳам мумкин эди, бироқ ҳар доимгидек жароҳатлар бунга ҳалақит берди.

Франк де БУР, ҳимоячи

Дебют мавсумидаёқ муваффақиятларга эришган футболчи Каталония клубини Голландия термасининг филиалига айлантиришга астойдил бел боғлади. «Барселона»га унвонларни кўпайтириш мақсадида келган Франк кейинги 5 йил давомида атиги 1та сов­рин билан чекланди: илк мавсумдаёқ Испания чемпионлигини тантана қилди. Кўп ўтмай, футболчи ва клубнинг ўзаро муносабатларига совуқчилик оралади. Де Бур допинг можароларидан кейин 2003 йили «Галатасарой» либосини кийишга мажбур бўлди.

Рональд де Бур, ярим ҳимоячи

Рональднинг акасига эргашиб, Испанияга йўл олиши табиий эди. Лекин кенжа Де Бурнинг Каталония­да иши юришмади. Сўнгги икки мавсумни захира ўридиғида ўтказган футболчи ўз даражасини йўқотмаслик мақсадида Шотландиянинг «Рейнжерс» клубига кетишга қарор қилди.

Филлип КОКУ, ярим ҳимоячи

Ван Галнинг энг яқин шогирдларидан бири Каталонияда ўзидан яхши хотиралар қолдирган. Коку «Барселона»нинг асосий таркиб футболчиси сифатида 6 мавсум ўйнади. Бироқ ҳеч омади келмади: «анорранглилар» сафида бирорта совринни қўлга киритолмади. Бу ҳолат ҳеч кимни ажаблантирмади, зеро ўша вақтда Луи шакллантирган «Барселона» билан Месси давридаги ҳозирги «Барселона ўртасида сезиларли тафовут бор.

Будевейн ЗЕНДЕН, ярим ҳимоячи

Голландия термасининг қанот ярим ҳимоячиси 1998 йили Франция­да ўтган мундиалда ўзининг ижобий қирраларини намойиш этиб, гранд клублар назарига тушганди. Улар орасида «Барселона» ҳам борэди. Зенден Каталониядаги дастлабки 3 мавсумни суст ўтказди. Футболчи учун сарфланган 8,4 миллион евро ўзини оқламади. Охир-оқибат 2001 йили «Барселона»ни тарк этиб, 7,5 миллион фунт стерлинг эвазига «Челси» футболчисига айланди.

Патрик КЛЮЙВЕРТ, ҳужумчи

«Патрик қайси клубларда ўйнаган?» қабилидаги саволга кўпчилик биринчи навбатда, «Барселона» деб жавоб қайтариши аниқ. Клюйверт ЖЧ-98дан сўнг «Барселона» сафига қўшилиб, Ривалдо, Фигу сингари юлдузлар билан ҳужум «трио»сини ташкил этди. «Барселона» либосида 182та расмий ўйинда иштирок этган ҳужумчи 90та голга муаллифлик қилган. Эскирган жароҳат ва клуб ички муҳитидаги ёмон муносабат Патрикни 2005 йили «Ньюкасл» либосини кийишга мажбур қилди.

Марк ОВЕРМАРС ярим ҳимоячи

Ҳозирги «Барселона» мавсумни унвонларсиз якунласа, буни фожиага йўйилади. Фаолиятининг 4 йилини Каталония клубига бағишлаган айрим голландиялик чарм тўп усталари мавсумни совринсиз якунлашга мажбур бўлишган. Овермарс шу тоифа футболчилардан. Ван Гал билан амалдаги шартнома бекор қилинган 2002-2003 йиллар мавсумида «Барса» ла-лигани 6-ўринда якунлаганди. Салбий кўрсаткич айбдорлари қаторида Овермарснинг номи ҳам зикр этилганди. 31 ёшга тўлган Марк турли жароҳатлар сабаб фаолиятини якунлашни ният қилди. Бироқ орадан 4 йил ўтиб, у Голландия 1-дивизиони вакили «Гоу Эхед Иглс» сафида кўриниш берди. Афсуски, футболчи бу клубнинг чемпионат доирасидаги сўнгги ўйинида яна жароҳат олди. 2012 йилнинг июлидан то ҳозирга қадар у «Аякс»нинг техник директори лавозимида ишлаб келмоқда.

«Бавария» 2009-2011

Эдсон БРАФХЕЙД, ҳимоячи

Мазкур футболчини «Бавария» аъзоси сифатида танийдиганлар озчиликни ташкил этади. Чунки, Эдсон мюнхенликлар захира ўйинчиси саналарди. Кейинчалик «Селтик»ка ижарага берилган футболчи кўп ўтмай «Хоффенхайм» таркибида пайдо бўлди.

Марк ван БОММЕЛ, ярим ҳимоячи

Ушбу футболчи Ван Гал келгунига қадар «Бавария»да ўз ўрнини топишга улгурганди. Улар биргаликда бундеслигада ғолиб чиқишди, ЕЧЛ финалига қадар етиб боришди. Голландияликлар Мюнхенни 2011 йили биргаликда тарк этишди: Марк Миланга йўл олган бўлса, Луи дам олишга қарор қилди.

Арьен Роббен, ҳужумчи

«Реал» 2009 йилнинг ёзида Кака ва Криштиану Роналду трансферини амалга оширгач, жамоа мутасаддилари Роббеннинг кетишига қаршилик қилишмади. Ўша кезлари «Бавария»ни бошқарган Луи ван Гал чаққон Роббенни ўз жамоасида кўришни истади. Мюнхенликлар раҳбарияти янги мураббийнинг истагини ўз вақтида бажо айлади. Мураббийнинг клуб билан 2010-2011 йиллар мавсумида қайд этган натижасини ҳисобга олмаганда, Роббенга сарфланган 25 миллион евро ўзини батамом оқлади.

«МЮ» 2014-...

Дэйли БЛИНД, ҳимоячи

Ван Гал бошқарувидаги Голландия термасида порлаган чап қанот ҳимоячиси ЖЧ-2014да Робин ван Персининг Испания дарвозасига киритган суперголига ҳаммуаллифлик қилганди. Шунингдек, Блинд ҳимоядаги барқарор ўйинлари туфайли Европанинг етакчи клублари назарига тушди. Жаноб Луи «Манчестер Юнайтед»га мураббий этиб тайинлангач, шогирдини дунёнинг энг буюк клубларидан бирида кўришни хоҳлади. Шу тариқа «МЮ» футболчи учун 17,5 миллион евро сарфлади. Илк мавсум натижаларига назар ташласак, ҳозирча Блиндга ҳеч қандай эътироз йўқ. Умид қиламизки, футболчининг «манкунианликлар» сафидаги фаолияти яна узоқ йиллар давом этади.

Робин ван ПЕРСИ, ҳужумчи

Манчестерликлар билан юксак марраларни забт этишни мақсад қилган Робин «МЮ»га бемаврид келди. Тўғри, футболчи Фергюсон қўл остида дастлабки мавсумдаёқ АПЛнинг олтин медалларини қўлга киритди. Бироқ сер Алекс клубдаги фаолиятини якунлаши ҳамоноқ, воқеалар ривожи тескари тус ола бошлади. Голландиялик ҳужумчининг ўйинида пасайиш сезилди, жароҳатлар аввалгидек юқори савияда футбол ўйнашига ҳалақит берди. Айни вақтда «Манчестер Юнайтед»­ни тарк этган Робин оиласи билан Истанбулга кўчиб ўтди. Ҳужумчи янги мавсумни «Фенербахче»да ўтказиши аниқ бўлиб улгурган.

Мемфис ДЕПАЙ, ярим ҳимоячи

Луи ван Галнинг трансферлар учун сарфлайдиган маблағи бошқа клубларнинг ҳавасини келтиради. Сўнгги авлоднинг энг иқтидорли футболчиларидан бирини 27,5 миллион евро эвазига харид қилиш голландиялик мураббийга муаммо туғдирмади. «ПСВ»да ажойиб мавсум ўтказган Мемфисдан «МЮ» раҳбариятининг умиди катта. Хўш, Депай «Манчестер Юнайтед»нинг янги Роналдуси бўла олармикин?

Акмал ЭШОНХОНОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 18:32, 22.07.2015.
Ўқилди: 5550 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.