Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Илҳом Юнусов: «Динамо»га биринчи навбатда ёрдам учун келдим»

Баҳо:
+1 | -

Давралар оралиғида Олий Лига клубларида ўзгаришлар давом этмоқда. Ҳар бир клуб имкон қадар ўз сафини кучайтиришга интилмоқда. Хусусан, Самарқанднинг «Динамо» клуби таркибида ҳам ўзгаришлар талайгина. Агамуродов ўрнига Баҳром Ҳакимов иш бошлагач, «Динамо»га бир қатор маҳаллий футболчилар жалб этилмоқда. Улардан бири «Насаф»да тўп сурган Илҳом Юнусов бўлди. Тезкор яримҳимоячи «Динамо» билан келишувга эришгач, «Эрудит Спорт» газетасига интервью берди.

- Илҳом ака, «Насаф»даги беш йиллик фаолиятингиздан сўнг жамоани тарк этиш қийин бўлгандир?

- Албатта, футболдаги энг катта ютуқларга эришган жамоам билан хайрлашиш шахсан менга жуда қийин бўлди. Ҳар ҳолда Қарши клубида ўзим истагандек фаолият юритдим, деб ўйлайман. У ердаги фаолиятимдан қониқдим. Шунча йил давомида имконқадар жамоа мухлисларини қувонтиришга интилдим, биринчи ўринда клуб манфаатини қўйиб, ғалабаларга эришдик. «Насаф»даги барчадан миннатдорман ва барчаси учун раҳмат деб қоламан.

- Клуб билан хайрлашдингизми?

- Куни кеча Самарқанддан Қаршига бориб, барча жамоадошлар, мураббийлар, раҳбарият билан хайрлашиб келдим. Рўзиқул Бердиевга ҳам миннатдорчилик билдирдим. Биз бир-биримизга омад тиладик.

- Қашқадарёдаги беш йиллик фаолиятнгиз давомида энг эсда қоларли воқеалар нима бўлди?

- Шубҳасиз, бу - ОФК Кубогидаги чемпионликдир. Халқаро турнирдаги ғалабанинг ўз ўрни бор. Унда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилганимиздан жуда хурсанд бўлганман. Қолаверса, чемпионатдаги медалларга эришганлигимиз ҳам энг эсда қоларли дамлар сифатида ёдимда қолади.

- «Насаф»ни тарк этишингизга энг асосий омил нима бўлди?

- Буни ўзим истадим. Клуб жамоада қолишимни хоҳлади. Аммо, биринчи даврадан кейин барчасини ўйлаб кўриб, беш йиллик фаолиятдан сўнг муҳитни ўзгартириш вақти келганлигини тушуниб етдим. Шу боис, "Насаф" билан дўстона хайрлашдим. Шартномам якунланмагани боис, ижара асосида жамоани тарк этаяпман.

- «Динамо»га қайтиш варианти қачон пайдо бўлди?

- «Динамо»да сўнгги маротаба 2008, 2009, 2010 йилларда тўп сургандим. Ўшандан сўнг 2011 йилги мавсум олдидан «Насаф»га ўтгандим. Шундан буён ҳар йили «Динамо»дан таклиф олганман. Ўзим самарқандлик бўлганим учун «Динамо»га бефарқ эмасдим, аммо фаолиятим давомида совриндор бўлишни истаганман. Тақдиримизда ёзилган экан, мана яна «Динамо»га қайтдик.

- Жамоага сизни янги мураббий Баҳром Ҳакимов таклиф этдими?

- Умуман олганда, барча – мухлислар, танишларим, дўстларим ва ҳаттоки маҳалладошларим ҳам мени «Динамо»га таклиф этаётганди. Бош мураббий чақиргач, уйимга қайтишга қарор қилдим. Баҳром Ҳакимов 2006 йили мени «Насаф»га таклиф қилган, аммо ҳужжатлар борасидаги муаммолар туфайли унинг қўл остида ўйнай олмагандим. Шунда, «вақти келиб, яна чақирсангиз, албатта рози бўламан» дегандим. Тақдирни қарангки, Ҳакимов Самарқандда иш бошлади ва мени уйимга таклиф этди.

- «Динамо»га қайтишга асосий сабаб нима бўлди?

- Клубга қайтишимдан олдин жамоадаги ҳолатдан хабардор эдим. Аммо, мен «Динамо»га молиявий томонни ўйлаб келганим йўқ. «Динамо»га имкон қадар ёрдам бериш биринчи вазифам. Қолаверса, оилам ва фарзандларим олдига қайтишни истадим. Агар фақат пулни танлаганимда, мен ҳозир «Динамо»да эмас, бошқа клуб билан шартнома тузган бўлардим.

- Олдингизда бир қатор клублардан таклифлар бўлган экан. Бу қайси жамоалар?

- «Бухоро», «Нефтчи» клубларидан қизиқиш борлигини билардим. Қашқадарёнинг ўзидан «Машъал» билан «Шўртан» таклиф билдириб, шартнома таклиф қилди. Аммо шахсан ўзим Самарқандга қайтишни истаганим учун «Динамо»ни танладим.

- Жамоа иккинчи даврада мухлислар ишончини оқлай оладими?

- Таркиб билан танишишга улгурдим. Ўртоқлик ўйинида «Шердор»ни 5:3 ҳисобида мағлуб этдик. Маҳаллий йигитлар анчани ташкил этишади. Ёшларни ўз ортимиздан эргаштиришга интиламиз. Иккинчи даврада осон бўлмайди. Шу боис жамоага яна янги кучли футболчиларни жалб этиш керак, менимча. Иккинчи даврада имконқадар мухлисларимизни қувонтириш учун бор куч ва маҳоратимизни ишга соламиз.

Усмон ИБОДОВ суҳбатлашди.

Манба: fcdinamo.uz
Киритилди: 10:39, 23.07.2015.
Ўқилди: 6190 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.