"Арсенал" жамоаси директорлар кенгаши аъзоси лорд Филип Харрис Лондон шаҳридаги яна бир жамоа "Тоттенҳем" ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
"Бизнинг мухлисларимиз турлича қарашларга эга кишилар ҳисобланишади. Бу жамоа билан битта стадионни бўлиша олмаймиз. Агар жамоалардан бири лигада ғолиб бўлса, иккинчи жамоа мухлислари ақлдан озиши тайин. Шунинг учун, улар билан ҳамкорлик қилишимизнинг имкони йўқ.
Менимча, "Тоттенҳем" ривожланишда "Арсенал"дан 5 йилга ортда қолиб кетган.
Гап фақат иқтисодий омилкорликда эмас. Лекин, қайд этишимиз керакки, "Тоттенҳем" Гарет Бейлни 80 млн фунт эвазига сотганида ("Реал"га - Кун.уз изоҳи), унинг ўрнини тўлдириш учун 110 млн фунт сарфлади ва биронта ҳам яхши футболчи харид қила олмади.
Венгер эса бир мавсум учун кўпи билан 3 футболчини трансфер қилиб, олиб келиши мумкин. Агар бир мавсум арафасида бундан кўп миқдордаги ўйинчилар таркибга қўшилса, уларни жамоага мослаштириш ва янги ўйин услубини яратиш учун жуда кўп вақт кетиб қолишини у жуда яхши билади.
Мен жамоамиз сиёсатини "Арсенал йўли" деб атайман ва бу билан фахрланаман. Биз натижаларимиз жуда ёмон бўлган вақтларда ҳам ажойиб футбол ўйнаганмиз. Эндиликда эса, бизга жароҳатлар халақит бермаяпти ва янги мавсумда АПЛ ҳамда ЕЧЛда ҳар қандай жамоа учун жиддий рақиб бўла оламиз", дейди Харрис.
Эслатиб ўтамиз, "Тоттенҳем" жамоаси 61 минг кишилик янги стадион қуришни режалаштирган ва бу лойиҳани амалга оширишда "Арсенал"дан ҳамкорлик қилишини сўраганди.